Тожикистонда олтин нархи бир ой ичида 14 фоизга арзонлашди

Bugun 07:553 daqiqa

Тожикистон Миллий банки олтин қуймалари нархини кескин туширди. 100 граммлик олтин қуймаси 137 минг сомонийгача арзонлашди. Асосий сабаб — доллар ва нефтнинг кучайиши.

Тожикистонда олтин нархи бир ой ичида 14 фоизга арзонлашди

Тожикистон Миллий банки март ойи давомида олтин қуймалари нархи ўртача 14 фоизга пасайганини маълум қилди. Агар 28 феврал ҳолатига кўра 5 граммлик қуйма 8 132 сомоний бўлган бўлса, 30 мартга келиб унинг нархи 7 003 сомонийгача тушди. Ушбу динамика барча вазн тоифаларидаги қуймаларда кузатилмоқда. Масалан, 100 граммлик энг йирик қуйма бир ой ичида 160 254 сомонийдан 137 669 сомонийгача арзонлашди.

Иқтисодчи Фаррух Набиевнинг фикрича, бу пасайиш жаҳон бозоридаги глобал трендлар билан боғлиқ.

«Одатда беқарорлик даврида олтинга қизиқиш ортади, аммо ҳозирги вазият инвесторлар учун олтинни арзонроқ сотиб олиш учун қулай имконият бўлиши мумкин», — дейди эксперт.

Тожикистон Миллий банки қуймалар нархини ҳар куни Лондон межбанк фикссинги асосида белгилайди ва уларни сотиб олишда аҳоли учун ҳеч қандай лимит мавжуд эмас.

Қизиқарли жиҳати шундаки, олтин нархи 2025 йилда деярли 40 фоизга ошган эди. Жорий йилдаги пасайиш эса инвесторларнинг ўз капиталини энергетика активларига (нефт) ва кучайиб бораётган АҚШ долларига йўналтириши билан изоҳланмоқда. Нефт нархининг кўтарилиши инфляция кутилишларини ошириб, долларни мустаҳкамлади ва олтиннинг «хавфсиз бошпана» сифатидаги жозибадорлигини вақтинча камайтирди.

 

Нархларнинг қиёсий жадвали

Қуйида олтин қуймаларининг сомоний ва ўзбек сўмидаги (1 сомоний = 1273,94 сўм курси бўйича) янгиланган нархлари келтирилган:

Қуйма вазни

Янги нарх (сомоний)

Ўзбек сўмида

5 грамм

7 003,24

8 921 707 сўм

10 грамм

13 884,56

17 688 096 сўм

20 грамм

27 635,70

35 206 224 сўм

50 грамм

68 872,19

87 739 038 сўм

100 грамм

137 669,22

175 382 328 сўм

 

Арзонлашишнинг асосий сабаблари

Таҳлилчилар олтин нархининг тушишини бир неча омиллар билан боғлашмоқда. Биринчидан, бу рекорд даражадаги ўсишдан кейинги табиий техник коррекциядир. Иккинчидан, АҚШ долларининг глобал миқёсда мустаҳкамланиши олтинни инвесторлар кўзида камроқ даромадли активга айлантирди.

Учинчидан, Яқин Шарқдаги можаро фонида нефт нархининг кескин кўтарилиши сармоядорларнинг диққатини энергетика секторига қаратди. АҚШ пул-кредит сиёсатидаги кутишлар ва доллар активларининг юқори даромадлилиги ҳам олтинга бўлган талабни сусайтирди. Бироқ мутахассислар буни узоқ муддатли тренднинг ўзгариши эмас, балки вақтинчалик чекиниш деб баҳолашмоқда.

 

Келажакдаги истиқболлар ва хавфлар

Шунга қарамай, олтинни қўллаб-қувватловчи фундаментал омиллар сақланиб қолмоқда. Дунё марказий банклари томонидан олтинга бўлган талаб ҳамон тарихий ўртача кўрсаткичлардан юқори. Геосиёсий беқарорлик ва олтиннинг ҳимоя активи сифатидаги роли узоқ муддатли истиқболда нархларнинг қайта тикланишига замин яратади.

Қисқа муддатли истиқболда бозор беқарор бўлиб қолиши мумкин, чунки олтин нархи АҚШ ФРТ сиёсати ва спекулятив омилларга ўта таъсирчандир. Тожикистон Миллий банки қуймалари маҳаллий хом ашёдан тайёрланиши уларнинг таннархини хорижий рақобатчиларга нисбатан барқарор сақлаш имконини беради.

Қуйида қадоқланган олтиннинг Ўзбекистон Республикаси Марказий банки банки томонидан белгиланган нархларини таққос учун келтирмоқдамиз (30 март ҳолатига)

olyin tojikiston 1

Teglar

Mavzuga oid