Илон Маскнинг маоши, фойданинг йўқолиши ва 38 саҳифалик хатарлар: «SpaceX» IPO олдидан нималарни ошкор қилди?
«SpaceX» инвесторларга ўтган йили қарийб 5 миллиард доллар зарар кўрганини маълум қилди ва Илон Маскнинг эҳтимолий кетишини бизнес учун асосий хатарлардан бири сифатида кўрсатди.
© habrastorage.org«SpaceX» 20-май куни тарихдаги энг йирик IPO бўлиши мумкин бўлган акцияларнинг бирламчи оммавий жойлашуви бўйича проспектни эълон қилди.
IPO ҳақида нималар маълум бўлди?
«SpaceX» ўз акцияларини «Nasdaq»да жойлаштиришни танлади. Акциялар июн ойидан SPCX тикери остида савдо қилина бошлайди.
Компания IPO орқали қанча маблағ жалб қилмоқчи экани ва қандай баҳоланаётгани проспектда очиқланмаган. Аввалроқ «Financial Times» манбаларга таяниб, компания тахминан 75 миллиард доллар жалб қилиш ва 1,75 триллион доллар баҳога эга бўлиш масаласини муҳокама қилаётганини ёзган эди.
Илон Маск ва айрим йирик инвесторлар савдолар бошланганидан кейин 366 кун давомида ўз акцияларини сотмаслик мажбуриятини олган. Қолган акциядорлар учун эса 180 кунлик чеклов жорий этилган. Бироқ айрим акциялар бўйича бу чекловлар муддатидан олдин бекор қилиниши мумкин.
«SpaceX»ни ким назорат қилади?
2026-йил 1-май ҳолатига кўра, Илон Маск «SpaceX»нинг овоз берувчи акцияларининг 85,1 фоизига эгалик қилган. Бу эса уни компаниядан четлатишни деярли имконсиз қилади.
Проспектда компания Илон Маск фаолияти ва самарадорлигига «жуда катта даражада боғлиқ» экани, унинг қарашлари ва тажрибаси бизнес учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга экани қайд этилган.
«У компания ўсиши, инновациялар ва операцион муваффақиятнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлган ва шундай бўлиб қолмоқда. Унинг йўқотилиши (жумладан вафоти ёки меҳнатга лаёқатсизлиги) ёки ҳозирги вазифаларини давом эттиришни истамаслиги бошқарув тизимига жиддий таъсир кўрсатиши, стратегик режалар ижросини ёмонлаштириши ҳамда компания обрўси ва мижозлар, ҳамкорлар ҳамда бошқа манфаатдор томонлар билан муносабатларга салбий таъсир қилиши мумкин», – дейилади «SpaceX» IPO проспектида.
«SpaceX» молияси ҳақида нималар маълум бўлди?
«SpaceX»нинг ўтган йилги тушуми 18,7 миллиард долларни ташкил этди ва йиллик ҳисобда 33 фоизга ўсди. Бироқ компания 791 миллион долларлик фойдадан кейин 4,94 миллиард доллар соф зарар қайд этди. «SpaceX» харажатларнинг кескин ошиши сабаб зарарга кирган.
2025-йилда капитал харажатлар 85 фоизга ошиб, 20,7 миллиард долларга етган. «SpaceX» буни «Starship», «Starlink» тармоғини кенгайтириш ва сунъий интеллектга инвестициялар билан изоҳлади.
Компаниянинг асосий даромад манбаи – паст орбитадаги спутниклар орқали интернет хизмати кўрсатувчи «Starlink» бўлиб қолмоқда. 2025-йилда у 11 миллиард доллардан ортиқ даромад келтирган, бу эса компания умумий тушумининг 70 фоизига тенг. Март ойи охири ҳолатига кўра, сервис абонентлари сони 10 миллионга яқинлашган – бу бир йил аввалги кўрсаткичдан икки баравар кўп.
Кейинги уч йил ичида «SpaceX» сунъий интеллект стартапи «Anthropic»дан тахминан 45 миллиард доллар олади. Космик компания «Claude» ишлаб чиқувчисига ўз дата-марказларидаги ҳисоблаш қувватларини ойига тахминан 1,25 миллиард доллар эвазига ижарага берган.
31-март ҳолатига кўра, SpaceX қарзи 29,132 миллиард долларга етган. Хатарлар бўлимида компания келажакда фойдага чиқмаслиги ёки фойдага чиққан тақдирда ҳам уни доимий сақлаб қола олмаслиги мумкинлигидан огоҳлантирган. Шунингдек, келажакда капитал ва операцион харажатлар янада ортиши кутилаётгани таъкидланган.
«The Wall Street Journal»нинг ёзишича, «SpaceX»нинг молиявий аҳволи бошқа йирик Америка компанияларига қараганда анча заиф. Масалан, компания кутган баҳолашга яқин капитализацияга эга «Meta» ўтган йили 11 баравар кўпроқ тушум ва 60 миллиард доллар фойда олган.
Умуман олганда, АҚШнинг энг йирик 15 компанияси одатда йиллик тушумининг тахминан етти бараварига баҳоланади. Агар «SpaceX»нинг якуний баҳоси 1,5 триллион доллар бўлса, у ўз тушумининг 80 бараварига баҳоланган бўлади.
Илон Маск қанча маош олади?
«SpaceX» ҳужжатларида топ-менежерлар маошлари ҳам очиқланган. Компания маълумотига кўра, Илон Маскнинг асосий йиллик маоши 2019-йилдан бери ўзгармасдан 54 080 доллар даражасида қолмоқда.
Бироқ унинг мукофот тизими компания мақсадларига эришишга қараб акциялар беришни назарда тутади.
Илон Маск максимал даражадаги мукофотни олиши учун «SpaceX» Марсда камида 1 миллион аҳолига эга доимий колония ташкил қилиши ва компания бозор капитализацияси 7,5 триллион долларга етказилиши керак.
«SpaceX»га инвестиция қилмоқчи бўлганлар қандай хатарларни билиши керак?
«SpaceX» ўз IPO проспектида хатарлар ҳақида 38 саҳифалик маълумот берган. Уларни шартли равишда бир нечта тоифага бўлиш мумкин:
Технологик хатарлар. Компания ўз ривожланиш стратегияси кўп жиҳатдан «Starship» – қайта фойдаланиладиган ўта оғир ракета-ташувчи дастурига таяниши ҳақида огоҳлантирди. Проспектда айтилишича, унинг саноат миқёсида ишлаб чиқарилиши суръатига қараб «SpaceX» янги авлод спутникларини жойлаштира оладими ва сунъий интеллект учун орбитадаги дата-марказларни ярата оладими – шу ҳал бўлади. «SpaceX» «Starship» бўйича белгиланган мақсадларга кутилган муддатларда ёки умуман эришишини» кафолатлай олмаслигини билдирди.
«SpaceX»нинг кўплаб лойиҳалари ўхшашига эга эмас – масалан, орбитадаги дата-марказлар ёки Ой ва Марсни ўзлаштириш. Компания тан олишича, уларнинг амалга ошиш муддатини аниқ белгилаш қийин ва охир-оқибат бу лойиҳалар муваффақиятсиз ҳам тугаши мумкин.
«SpaceX» ракета учиришлари табиий равишда авария хатарлари билан боғлиқлигини эслатди. Компания на ракеталарни, на спутникларни ва на бошқа юкларни суғурта қилади. Шунинг учун улар йўқотилса, барча молиявий зарарни ўзи қоплайди. Бундан ташқари, авария ҳолатларида ракета бўлаклари ердаги одамлар ёки мулкка зарар етказиши ҳам мумкин.
Регулятор хатарлар. «SpaceX» бизнеси АҚШда ҳам, халқаро миқёсда ҳам қаттиқ тартибга солинади. Космик учиришлар учун лицензия олиш талаб қилинади ва бу жараёндаги ҳар қандай кечикиш парвозларни қолдириш ёки бекор қилишга, мижозлар олдидаги мажбуриятларни бузишга ва харажатларнинг ўсишига олиб келиши мумкин.
Қўшимча хатарлар сунъий интеллект ва ижтимоий тармоқлар соҳасидаги тартибга солиш билан боғлиқ. «SpaceX» таъкидлашича, бу соҳалардаги қонунчилик (масалан, маълумотлар махфийлиги, киберхавфсизлик, вояга етмаганларни ҳимоя қилиш ва ҳ.к.) доимий равишда ўзгармоқда ва «турлича талқин қилиниши мумкин». Шу сабабли компания маҳсулотларини ўзгартиришга ёки катта жарималар хавфига дуч келишга мажбур бўлиши мумкин.
Проспектда «Grok» сунъий интеллект моделидаги айрим функциялар – хусусан, «Spicy» ва «Unhinged» режимлари юқори хатарли экани ҳам айтилган. Бу режимлар анча провокацион ва очиқ жавоблар беради. Агар «Grok» чегарадан чиқиб кетса, «SpaceX» обрўсига путур етиши, суд даъволарига ва фойдаланувчилар ҳамда реклама берувчиларнинг салбий реакциясига дуч келиши мумкин.
Космик хатарлар. «Космос ўз табиатига кўра хавфли муҳит», – деб ёзади компания. Унинг ракета ва спутниклари ҳарорат ўзгаришлари, радиация ва космик чиқиндилар билан тўқнашув хавфига дуч келади. Айниқса, «SpaceX» режалаштираётган орбитадаги дата-марказлар лойиҳаси мураккаб ҳисобланади. Бундай инфратузилма аввал ҳеч қачон космосда ишлатилмаган ва жойлаштирилгандан кейин таъмирлаш имкони бўлмайди. Ҳар қандай техник носозлик ҳисоблаш қувватларининг бутунлай йўқолишига олиб келиши мумкин.
Табиий офатлар ва геосиёсий можаролар хавфи. «SpaceX» учун спутниклар, ердаги объектлар ва дата-марказлар каби бутун инфратузилманинг узлуксиз ишлаши жуда муҳим. Киберҳужум, табиий офат, ёнғин, уруш ёки техник носозлик каби ҳар қандай узилиш бутун операцион занжир бўйлаб жиддий оқибатларга сабаб бўлиши мумкин – «Starlink» абонентларининг алоқадан узилиши ёки орбитадаги тизимларнинг ишдан чиқишигача.
«SpaceX», шунингдек, унинг спутниклари можаро ҳудудларида алоқа таъминлаш учун ишлатилгани сабабли санкцияларга учраши мумкинлигини ҳам таъкидлади. Бундан ташқари, «космоснинг ҳарбийлашуви» натижасида спутниклар ҳужумга учраши хавфи ҳам мавжуд.
Ноқулай макроиқтисодий шароитлар. Рецессия, инфляция ўсиши ва истеъмол харажатларининг қисқариши «Starlink» хизматлари ҳамда СИ асосидаги маҳсулотларга талабни камайтириши мумкин.
Илон Маск. Компания бош директори ҳам хатарлар бўлимида алоҳида қайд этилган. «SpaceX» инвесторларга Маск компания учун жуда муҳим эканини ва уни йўқотиш катта зарарларга олиб келиши мумкинлигини яна бир бор эслатди. Компания унинг ҳаётини суғурта қилмаган.
Компания огоҳлантирган бошқа хатарлар қаторида хакерлик ҳужумлари, етказиб берувчилар томонидан узилишлар, бозордаги кучли рақобат, иқтидорли мутахассислар учун кураш, давлат шартномаларига юқори даражада боғлиқлик (ўтган йили улар «SpaceX» тушумининг тахминан 20 фоизини ташкил этган) ва бошқалар бор.





