Валюта бозори: экспорт, пул ўтказмалари ва сўм курси
2025 йилда ички бозорда таклиф етарли бўлди, экспорт ва пул ўтказмалари ошди, бироқ сўм мустаҳкамланганига қарамай йил давомида сезиларли тебраниб турди.

2025 йилда юридик шахслар томонида чет эл валютасига талаб ўтган йилга нисбатан 24 фоизга ўсган бўлса, таклиф эса бундан тезроқ ошди — 36 фоизга. Яъни, бозорда валюта етишмовчилиги бўлмади, аксинча валюта кўпайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Марказий банкининг 2025 йил якунлари бўйича ички валюта бозори шарҳида маълум қилинди.
Экспорт, импорт ва валюта оқими
Валютанинг катта қисми экспортдан тушди. 2025 йилда экспорт ҳисобидан 18 млрд доллар валюта шаклланди. Шунинг 9,8 млрд доллари ички валюта бозорида сотилди. Бу дегани, экспорт қилган корхоналар валютанинг катта қисмини банклар орқали бозорга чиқарди.
Бундан ташқари, банклар хорижий кредитлар ҳисобидан ҳам валюта сотди. Бу миқдор 9,7 млрд доллар бўлди ва ўтган йилга қараганда жуда 69 фоиз (4 млрд доллар) ўсиш кўрсатди.

Импортни молиялаштиришда 63,7 фоиз манба ички валюта бозоридан сотиб олинган валюта, 24 фоизи эса корхоналарнинг ўзидаги валюта маблағлари ҳисобидан амалга оширилди. Қолган 12,3 фоиз эса ўз маблағлари ҳисобига шакллантирилган. Бу шуни кўрсатадики, импорт асосан ички бозор орқали сотиб олинган валюта ҳисобига молиялаштирилган.
Сотиб олинган валюта нимага сарфланди?

Сотиб олинган чет эл валютасининг асосий қисми қуйидаги эҳтиёжларга йўналтирилди. Жумладан, унинг 50 фоизи ишлаб чиқариш учун зарур бўлган асбоб-ускуналар, хомашё ва турли товарларни импорт қилишга сарфланди.
Яна 28 фоизи илгари олинган хорижий кредитлар бўйича мажбуриятларни ёпишга йўналтирилди. Валютанинг 17 фоизи эса ички бозорни таъминлаш мақсадида истеъмол товарлари ва дори-дармонлар импортига ишлатилди. Қолган қисми инвесторлар даромадларини репатриация қилиш, яъни даромаднинг мамлакатдан ташқарига чиқарилиши ҳамда бошқа турли молиявий эҳтиёжлар учун сарфланган.
Банклар ва аҳоли ўртасидаги валюта операциялари

Аҳолининг банклар билан амалга оширган валюта операциялари натижасида бозорда қўшимча чет эл валютаси шаклланди. Бунга асосий сабаб — аҳолининг валютани сотиши сотиб олишдан анча юқори бўлгани бўлди.
Йил давомида аҳоли тижорат банкларига жами 21,7 млрд доллар сотди. Бу кўрсаткич 2024-йилга нисбатан 1,4 баробарга ошган. Шу билан бирга, аҳоли банклардан 12 млрд доллар сотиб олди. Сотиб олинган валюта ҳажми ҳам ошган бўлса-да, сотилган валютага нисбатан анча кам бўлди.
Натижада, аҳолининг чет эл валютасини сотиши унга бўлган талабдан 9,7 млрд долларга кўп чиқди. Бу ҳолат ички валюта бозори учун ижобий омил бўлиб, бозордаги валюта таклифини оширди.
Аҳоли томонидан банкларга сотилаётган валютанинг асосий манбаи — халқаро пул ўтказмалари ҳисобланади. 2025-йилда чет элдан Ўзбекистонга пул ўтказмалари орқали 18,9 млрд доллар келиб тушди. Бу ўтган йилга нисбатан 28 фоизга кўп дегани. Яъни, хорижда ишлаётган фуқаролар томонидан юборилаётган маблағлар сезиларли даражада ошди.
Мамлакатдан чиқиб кетган валюта маблағлари эса 2,6 млрд долларни ташкил этиб, 2024-йилга нисбатан 138 млн долларга камайди.
Сўм 6,9 фоизга мустаҳкамланди
2025 йилда миллий валюта — сўм алмашинув курси 6,9 фоизга мустаҳкамланди. Шу билан бирга, йил давомида курснинг кунлик тебраниш даражаси икки баробар ошди. Агар 2024 йилда бу кўрсаткич ўртача 0,1 фоиз бўлган бўлса, 2025 йилда тебранувчанлик анча фаоллашди.

Йил якунларига кўра, сўмнинг ўртача алмашинув курси 12 575 сўмни ташкил этди. Йил давомида энг юқори курс 13 004 сўм бўлиб, бу ўртача кўрсаткичдан 5,5 фоизга юқори бўлди. Энг паст курс эса 11 881 сўм даражасида қайд этилди, яъни ўртача курсдан 3,4 фоизга паст.
Марказий банк маълумотига кўра, 2025-йилнинг апрел–декабр ойларида курс тебранувчанлиги 0,35 фоизгача кўтарилди. Бу сўм курсининг бозор шароитларига тезроқ мослашаётганини ва мослашувчанлиги юқори бўлган давлатлар валюталарига яқинлашганини англатади. Курс тебранувчанлиги деганда, валюта курсининг маълум вақт ичида қанчалик тез ва қанчалик катта оралиқда ўзгариши тушунилади.
Сўм курсидаги ўзгаришлар аниқроқ рақамларда ҳам акс этди. Хусусан, 2021–2024-йилларда сўм долларга нисбатан ўртача 24,17 сўмга ўзгариб турган бўлса, 2025-йилда бу кўрсаткич қарийб 43 сўмга етди. Бу тебранишларнинг кучайганини кўрсатади.
Марказий банк буни ички валюта бозорида маркет-мейкерлар сонининг ошгани билан изоҳлайди. 2025-йил якунига келиб, маркет-мейкерлар сони 2 тадан 5 тагача кўпайди. Улар томонидан тузилган битимлар ҳажмининг ошиши курснинг икки томонлама тебранувчанлигини кучайтирди.
Шу билан бирга, алмашинув курсининг мустаҳкамланиши иқтисодиётда миллий валютага бўлган ишончни оширди ва қатор ижобий ўзгаришларга олиб келди. Жумладан, 2025-йилда банк тизимидаги миллий валютадаги депозитлар ҳажми йил бошидан 44 фоизга ошиб, 240 трлн сўмга етди.
Аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари ҳам пасайди. Аҳоли орасида бу кўрсаткич 11,5 фоизга, тадбиркорлар орасида эса 11,1 фоизга тушди. Йил бошида бу рақамлар мос равишда 14,4 ва 13,9 фоиз бўлган. Шу билан бирга, кутилмалар шаклланишида валюта курсининг таъсири икки баробарга қисқарди.
Бундан ташқари, иқтисодиётда долларлашув даражаси пасайишда давом этди. Кредитлар бўйича долларлашув 41 фоиздан 38 фоизгача, депозитлар бўйича эса 26 фоиздан 22 фоизгача тушди. Мижозларнинг банкларга жами валюта сотуви 35 фоизга ошиб, 47 млрд долларни ташкил этди.
Шунингдек, сўмнинг мустаҳкамланиши натижасида давлат ва корпоратив ташқи қарзга хизмат кўрсатиш харажатлари ҳам ўртача 6–7 фоизга қисқарди.
Teglar






