Хизмат ҳақи ўрнига чойчақа: тизим ўзгариши керакми?
Кафе ва ресторанларда мажбурий «хизмат ҳақи» амалиёти кенг тарқалган, аммо аксарият ҳолларда бу маблағ гиргиттонга эмас, бизнес харажатларига сарфланади. Vaqt.uz бу бўйича дунёдаги тизимни ўрганди.

Ўзбекистондаги кафе ва ресторанларга ташриф буюрган ҳар бир киши ҳисоб-китоб вақтида аксарият ҳолда бир хил сценарийга дуч келади: буюртма қилинган таомлар нархи жамланади ва унинг остида кутилмаганда ҳисобнинг 15–20 фоизи, баъзан эса ундан ҳам кўпроқ миқдордаги «хизмат ҳақи» пайдо бўлади.
Бу сумма кўп ҳолларда мижоз учун режалаштирилмаган қўшимча харажатга айланади ва табиийки, истеъмолчилар орасида ҳақли эътирозларни келтириб чиқаради.
Асабни эговлайдиган «қўшимча солиқ»
Журналист Илёс Сафаров ушбу ҳолат бўйича ўз фикрини билдириб, бу тизим бугунги кунда шунчаки асабни эговлайдиган даражага етганини таъкидлайди. Унинг сўзларига кўра, бугун ҳамма бу суммани истаганича белгилайдиган бўлиб олган.
«Очиғи, охирги пайтларда бу нарса шунчаки асабни эговлайдиган даражага етиб бораяпти. Ҳамма бу суммани истаганича белгилайдиган бўлиб олган. Ўзим гувоҳман: бир ошхона 15 фоиз, бири 20 ва яна баъзи ресторанлар ҳатто 30 фоизгача «қўшимча солиқ» белгилаб қўйган. Балки бу баъзилар учун кўринмас суммадир ёки одамларга гапириш ноқулай мавзуми, хуллас, шахсан менга вазият мутлақо назоратсиздек туюлади», — деб шахсий саҳифасида ёзган эди.
Ҳисобдаги тафовут: хизмат таомдан қимматми?
Вазиятни рақамларда тасаввур қилсак, муаммонинг кўлами янада яққолроқ кўринади. Масалан, бирор ресторан ёки чойхонада оилавий овқатлангандан кейин 1 миллион сўмлик ҳисоб шаклланса, хизмат ҳақини минимум 15 фоиздан ҳисоблаганда ҳам қўшимча 150 минг сўм тўлашингиз керак бўлади. Ҳали 25–30 фоизлик устама қўядиган жойлар ҳам йўқ эмаслигини ҳисобга олсак, бу сумма баъзан таомномадаги битта алоҳида таомнинг нархидан ҳам қимматроққа тушади.
Энг қизиғи, ўша хизмат кўрсатган гиргиттоннинг бир кунлик маоши ҳам кўпинча сиз тўлаётган шу бир марталик хизмат ҳақи миқдорига тенг бўлмайди. Лекин у мана шундай бир нечта столлардаги мижозларга хизмат кўрсатади.
Пул кимнинг чўнтагига кетяпти?
Аслида, «хизмат ҳақи» номи билан аталувчи бу устама назарий жиҳатдан ходимнинг мижозга кўрсатган хизмати учун рағбат бўлиши керак. Бироқ амалиётда биз бунинг тескарисига гувоҳ бўляпмиз. Аксарият ҳолларда бу маблағ офитсиантга эмас, балки ресторан эгасининг соф фойдасига қўшилади ёки ижара, коммунал тўловлар каби бизнес харажатларини қоплашга йўналтирилади.
Бундан ташқари, соҳадаги ходимларнинг аксарияти расмий ишга олинмайди, улар кунлик ёки ишбай маошнинг бир қисмини «конверт»да олишади. Демак, мижоздан олинган хизмат ҳақи гиргиттон чўнтагига кетмасдан, балки тадбиркорнинг молиявий муаммоларини ёпишга хизмат қилмоқда. Шунинг учун мажбурий фоизлардан кўра, дунёда машҳур бўлган ихтиёрий «чойчақа» бериш маданиятини йўлга қўйиш керак.
Қонунчилик нима дейди?
Истеъмолчиларнинг бу борадаги кўп сонли эътирозлари натижасида 2025 йилнинг ноябр ойида Рақобат қўмитаси ҳам расмий муносабат билдирган. Қўмита таомлар нархидан ташқари хизмат кўрсатиш учун мажбурий равишда ҳақ ундирувчи кафе ва ресторанларни қатъий огоҳлантирган.
Унга кўра, қўмитага айрим ресторан ва кафеларда таом нархидан ташқари 10–20 фоиз хизмат ҳақи ундирилаётгани ва олдиндан депозит талаб қилинаётгани бўйича мурожаатлар келиб тушган.
Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги Қонунининг 4, 19 ва 21-моддаларига асосан:
истеъмолчи товар (иш, хизмат) ҳақида, шунингдек, ишлаб чиқарувчи (ижрочи, сотувчи) ҳақида тўғри ва тўлиқ маълумот олиш, уларни эркин танлаш ҳамда сифатли бўлишини талаб қилишга ҳақли;
ижрочи айрим турдаги ишларни бажариш (хизматлар кўрсатиш) қоидаларида ёки шартномада белгиланган муддатда, ҳажмда ва сифатда ишни бажариши (хизмат кўрсатиши) шарт;
сотувчи (ижрочи) истеъмолчини ҳақ эвазига қўшимча товарлар сотиб олишга ёки қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга, шунингдек кўрсатилмаган хизматлар учун ҳақ олишга ҳақли эмас.
Умуман олганда, Рақобат қўмитаси умумий овқатланиш соҳасидаги хўжалик юритувчи субектларни қўшимча хизматлардан фойдаланишга қисташга йўл қўймасликлари, яъни умумий овқатланиш корхоналари турларидан келиб чиқиб истеъмолчиларнинг ўз-ўзига хизмат қилиш имкониятини яратиш, таомлар нархи, хизмат кўрсатиш тартиби ва улар билан боғлиқ шартлар, шунингдек гиргиттон хизмати учун ҳақ миқдори ҳақидаги маълумотлар билан ўз вақтида тўлиқ таништириб ўтишлари лозимлиги борасида огоҳлантирган эди.
Жаҳон тажрибаси: тизим қандай ишлайди?
Дунё мамлакатларида хизмат ҳақи ва чойчақа тизимини тартибга солиш масаласи шунчаки ресторан одоби эмас, балки давлатнинг меҳнат бозори ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги сиёсатини ҳам акс эттиради.
АҚШда чойчақа оладиган ходимлар учун FLSA қонунчилиги соатига 2,13 долларлик базавий иш ҳақини қўллашга рухсат беради, аммо иш берувчи ходимнинг чойчақалар билан бирга умумий даромади федерал минимал иш ҳақидан кам бўлмаслигини таъминлаши шарт. Шу сабабли бу тизим иш берувчи учун меҳнат ҳақининг бир қисмини чойчақа ҳисобидан қоплаш имконини беради, истеъмолчи учун эса чойчақани амалда деярли мажбурий тўловга айлантириб қўяди.
Аксинча, Европа давлатларининг аксариятида «service compris» (хизмат ҳақи ичида) тизими қонуний кучга эга бўлиб, унда гиргиттоннинг хизмати таом нархига киритилган бўлади. Давлат нуқтаи назаридан бу тизим энг адолатли ҳисобланади, чунки у солиқ йиғиш жараёнини осонлаштиради ва мижозни таомномадаги нархдан ташқари кутилмаган тўловлардан ҳимоя қилади. Бу ерда гиргиттон «чойчақа» илинжида юрувчи вақтинчалик ишчи эмас, балки барча ижтимоий кафолатларга эга профессионал ходим ҳисобланади.
Шарқий Осиё, хусусан, Японияда эса сервис маданияти «omotenashi» фалсафасига асосланади. Бу тамойил мижоз эҳтиёжларини олдиндан англаш ва беғараз ғамхўрлик қилишни кўзда тутади. Япония ижтимоий этикасида кўрсатилган хизмат учун чойчақа таклиф қилиш миннатдорчилик эмас, балки ходим маҳоратини камситувчи ҳолат сифатида қабул қилинади. Япон жамиятида олийжаноб меҳмондўстлик ҳар қандай моддий рағбатдан устун турувчи касбий стандарт ҳисобланади.
Умуман олганда, Ўзбекистондаги амалдаги «хизмат ҳақи» тизими тўлақонли шаффоф эмас ва кўплаб саволларни келтириб чиқармоқда. Энг асосий муаммо — бу тўловнинг мажбурийлиги ва унинг кимга етиб бораётгани очиқ тушунтирилмаётганидир.
Амалиёт шуни кўрсатмоқдаки, мижоздан ундирилаётган қўшимча фоиз кўп ҳолларда хизмат кўрсатган гиргиттонга эмас, балки бизнес харажатларини қоплашга йўналтирилмоқда. Бу эса «хизмат ҳақи» атамасининг моҳиятига зид келади.
Бироқ масаланинг бошқа томони ҳам бор: юқори ижара, солиқ ва операцион харажатлар фонида тадбиркорлар айнан шу йўл орқали харажатларини ёпишга уриняпган бўлиши ҳам мумкин. Халқаро тажриба эса икки аниқ йўлни кўрсатади: хизмат нархини бошидан таомга киритиш ёки хизматни ихтиёрий чойчақа орқали баҳолаш имконини мижознинг ўзига қолдириш.
Акс ҳолда, мажбурий ва тушунарсиз қўшимча тўловлар нафақат истеъмолчилар норозилигини кучайтиради, балки хизмат кўрсатиш соҳасига бўлган ишончни ҳам емириб боради.
Teglar






