
Ўзбекистон тарихида илк бор: аҳолини тўлиқ рўйхатга олиш нимани ўзгартиради?
37 йил давомида турли сабаблар билан ортга суриб келинган аҳолини рўйхатга олиш жараёни ниҳоят бошланди. Vaqt.uz тадбирга қанча маблағ сарфлангани, тарихда аҳолини рўйхатга олиш қандай ўтгани ва кечикишларга нима сабаб бўлганини таҳлил қилди.
© Foto: SI yordamida tayyorlangan 15 январдан Ўзбекистон тарихида илк бор аҳоли ва қишлоқ хўжалигини тўлиқ рўйхатга олиш жараёни бошланди. Ушбу тадбир икки босқичда амалга оширилмоқда: 31-январгача фуқаролар ўзлари ва оила аъзолари ҳақидаги маълумотларни онлайн тарзда мустақил тўлдириши мумкин. Иккинчи босқич эса 4–28 феврал кунлари ўтказилади. Бу тартиб 2024 йил 4 март куни Президент томонидан имзоланган қарорда белгилаб қўйилган.
Рўйхатга олишнинг мазмуни ва «нозик вақт» тамойили
Давлат статистика органлари маълумотига кўра, сўровномалар халқаро стандартлар асосида ишлаб чиқилган. Хусусан, БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси (UNFPA) ҳамда БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) билан ҳамкорликда жами 71 та савол шакллантирилган. Шундан 54 таси аҳолига, 17 таси эса қишлоқ хўжалигига тааллуқлидир.
Аҳолини рўйхатга олиш бир неча кун давом этса-да, маълумотлар аниқ бир вақт кесимига — одатда биринчи кун соат 00:00 ҳолатига нисбатан қайд этилади. Бу «аҳолини рўйхатга олишнинг нозик вақти» деб аталади. Ушбу тамойилга кўра, белгиланган вақтдан кейин туғилган чақалоқлар рўйхатга киритилмайди, аксинча, шу вақтда тирик бўлиб, кейинчалик вафот этган шахслар ҳисобга олинади. Бу демографик маълумотларнинг аниқлиги учун муҳим ҳисобланади.
Рўйхатга олиш натижасида 38 миллион аҳолига оид ёш таркиби, оилавий ҳолати, таълим даражаси, миграция жараёнлари, иш билан бандлиги ҳамда даромад манбалари бўйича ягона ва яхлит маълумотлар базаси шакллантирилади.
Маълумот учун, 16 январ куни, соат 9:30 ҳолатига кўра, жами хонадонларнинг 8 фоизи онлайн рўйхатдан ўтган. «Биринчи кун эффекти» юзага келиб, 15 январ куни платформада айрим техник қийинчиликлар кузатилган бўлса-да, ҳозирда сайт барқарор ишламоқда, дейилади хабарда.
Жаҳонда бу қандай йўлга қўйилган?
БМТнинг Аҳолишунослик жамғармаси тавсиясига кўра, аҳолини рўйхатга олиш ҳар 10 йилда бир марта ўтказилиши лозим. Ўзбекистон шу пайтгача аҳолини рўйхатга олишнинг камида уч босқичини ўтказиб юборган ва дунёда бундай ҳолат қайд этилган тўрт давлат қаторига кирган эди. Бугунги кунда ушбу рўйхатда Афғонистон (сўнгги аҳолини рўйхатга олиш 1979 йилда), Ливан (1932 йилда) ҳамда Сомали (охирги эълон қилинган маълумотлар 1975 йилга тегишли, 1986 йилда ўтказилган рўйхат натижалари эса эълон қилинмаган) қолмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон мустақилликдан сўнг аҳолини рўйхатга олмаган ягона постсовет давлати бўлиб келган. Таққослаш учун, Қозоғистон бу жараённи уч марта — 1999, 2009 ва 2021 йилларда амалга оширган. Қирғизистонда аҳоли икки бор (1999 ва 2009 йилларда), Тожикистонда ҳам икки марта (2000 ва 2010 йилларда), Туркманистонда эса 1995 ва 2012 йилларда рўйхатга олинган. Ўзбекистонда эса аҳолини рўйхатга олиш фақат мустақилликдан аввал — 1897, 1926, 1939, 1959, 1970, 1979 ва 1989 йилларда ўтказилган.
Ҳаракатлар: CССР даврида ва мустақилликдан кейинги жараён
Совет даври тажрибаси. Gazeta.uz нашри бундан бир аср аввал аҳолини рўйхатга олишга доир архив маълумотларни топган. Унга кўра, СCСР даврида Ўзбекистон ҳудудида бир неча бор аҳолини рўйхатга олиш тадбирлари ўтказилган. Улар ичида 1926 йилги рўйхат алоҳида аҳамиятга эга бўлиб, у миллий-ҳудудий чегараланишдан кейин ўтказилган илк тўлиқ рўйхат ҳисобланади. Бироқ бу жараён қатор қийинчиликлар билан кечган: саводхонлик даражаси паст бўлган, йўлсиз ва тоғли ҳудудларда рўйхатга олиш кечиккан, маълумотлар эса асосан аҳолининг оғзаки жавоблари асосида йиғилган.
Муҳими, ўша даврда ҳам ҳужжатлар орқали текшириш амалиёти қўлланилмаган. Респондентларнинг аниқ ёшини аниқлашнинг иложи бўлмаган. Чунки маҳаллий мусулмон аҳолиси 12 йиллик даврий йил ҳисобидан фойдаланган. Бу ҳақда ёш, миллат, она тили ва саводхонлик бўйича саволларга жавобларни тўлдириш ва таҳлил қилиш бўйича йўриқномада (XV жилд) айтилади. Бу усул фақат респондентнинг тахминий ёшини ҳисоблаш имконини берган, лекин бу мумкин бўлган ягона усул эди.
Миллат масаласида ҳам қизиқ жиҳатлар бор. Масалан, агар респондент ўзини «сарт» миллатига мансуб деб ҳисобласа, уни ўзбекларга киритишган. Ваҳоланки, бу атама Ўрта Осиё аҳолиси томонидан ўтроқ турклар ва ўзбекларга нисбатан қўлланилган. 1897 йилги Россия аҳолини рўйхатга олишда сартларни алоҳида этнос сифатида ажратишга ҳаракат қилинган, совет даврида эса улар ўзбек халқига қўшилиб кетган.
ЎзССР умумий аҳолисини ҳисоблашда совет республикасининг шаҳар ва қишлоқларидаги доимий ва вақтинчалик аҳоли ҳисобга олинган. Аҳолини рўйхатга олиш натижаларига кўра, Ўзбекистон ССР аҳолисининг умумий сони, Тожикистон АССР ҳамда кейинчалик Қирғизистон ССР таркибига кирган ва бугунги кунда Қирғизистон ҳудудида жойлашган Исфана туманини ҳисобга олган ҳолда, 5,2 миллиондан ортиқ кишини ташкил этган.
Аҳолиси энг кўп бўлган округ Андижон округи бўлган. Унинг қишлоқларида 600 мингдан ортиқ, шаҳарларида эса 183 мингга яқин аҳоли истиқомат қилган. Аҳоли энг зич жойлашган округ Тошкент округи шаҳарлари бўлиб, уларнинг умумий аҳолиси 340 минг кишини ташкил этган. Аҳоли энг кам яшайдиган округ Сурхондарё округи бўлган. Шаҳар аҳолисининг умумий сони 16,5 минг кишини, қишлоқ аҳолиси эса 186 минг кишини ташкил этган.
Мустақилликдан кейинги давр
Биринчи Президент Ислом Каримов даврида бу борада ҳеч қандай ишлар амалга оширилмаган. Шавкат Мирзиёев раҳбарликка сайлангач, аҳолини рўйхатга олиш аҳамияти бўйича расмий баёнотлар берила бошланди. Хусусан, 2019 йил 5 февралда «Ўзбекистон Республикасида 2022 йилда аҳолини рўйхатга олишни ўтказиш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида»ги Президент фармони, 2020 йил 16 мартда эса «Аҳолини рўйхатга олиш тўғрисида»ги қонун қабул қилинган. Унда аҳолини ҳар 10 йилда, қишлоқ хўжалигини эса ҳар йили рўйхатдан ўтказиш белгиланган. Аммо қонунда кўрсатилган асосий вазифа ҳалигача амалга ошмади.
Дастлабки режанинг амалга ошмаганига пандемия сабаб қилиб келтирилди. 2022 йилга белгиланган тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 11 ноябрдаги «Ўзбекистон Республикасида 2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорига мувофиқ, 2023 йилнинг 1–25 ноябрида ўтказилиши белгиланган эди. Бироқ пандемия тугаганига қарамай, бу тадбир 2023 йилда ҳам амалга оширилмади. Бунга сабаб қилиб Давлат статистика агентлиги тўлақонли рўйхатдан ўтказиш учун зарур омиллар ва халқаро тажрибаларни ўрганиш, тегишли чора-тадбирларни амалга ошириш вақт талаб қилишини кўрсатди.
2024 йил март ойида ўтказилган матбуот анжуманида статистика агентлиги расмийси аҳолини рўйхатга олиш энди 2025–2026 йилларга кўчирилганини маълум қилди. Йиғилишда шу пайтгача рўйхатга олиш амалга ошмаганига етарлича маблағ йўқлиги сабаб бўлгани айтилди.
Жараёнга қанча пул сарфланди?
Статистика қўмитаси ахборот хизмати раҳбари Усмон Абдурсуловнинг таъкидлашича, рўйхатга олиш тадбирларига давлат бюджети ҳисобидан 140–150 млрд сўм атрофида маблағ ажратиш режалаштирилган.
«Тадбир давомида қандайдир қўшимча ўзгаришлар ёки молиявий ресурслар жалб қилиниши ҳисобига ҳозирча 140–150 миллиард сўм атрофида маблағ сарфлаш режалаштирилган, бу аниқ бир сумма эмас. Мазкур маблағнинг асосий қисми жараёнда иштирок этган «маҳалла еттилиги» вакилларини мукофотлашга кетадиган харажатлар ҳисобланади. Улар амалда олаётган маошидан ташқари, қўшимча равишда меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 1,5 баробарида бир марталик рағбатлантирилади. Бу Президент қарорида қайд этилган. Аслида, бундай тажриба бутун дунёда мавжуд. Халқаро ташкилотлар тавсияларига кўра, регистраторларни моддий рағбатлантириш маълумотларнинг сифатли бўлишини таъминлайди», — деди у.
2022 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик кўриш учун давлат бюджети ҳисобидан Статистика агентлигига 59,2 млрд сўм ажратилган. Маблағлар ҳудудий хариталарни яратишда иштирок этган 6 мингдан ортиқ ходимнинг меҳнатига ҳақ тўлаш учун йўналтирилгани маълум қилинган.
Шунингдек, 2022 йилда Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси статистика тизимини модернизация қилиш учун мамлакатга 50 млн доллар миқдорида имтиёзли кредит ажратилишини маълум қилган. Ушбу лойиҳанинг таркибий қисмларидан бири маълумотларни йиғиш усуллари ва стандартларини такомиллаштиришга қаратилган.
2023 йилда аҳолини рўйхатга олишга тайёргарлик учун республика бюджети ҳисобидан 10 млрд сўм ажратилган. 2024 йилда эса ушбу жараён бўйича Статистика агентлигига атиги 18 млрд сўм режалаштирилган. Ҳолбуки, аҳолини рўйхатга олишга жалб этилган қарийб 70 минг ходим меҳнатига ҳақ тўлаш ҳамда 54 мингта планшет хариди учун 800 млрд сўмдан ортиқ маблағ талаб этилади.
Рўйхатга олиш нега муҳим?
Аҳолини рўйхатга олиш фақат нечта одам яшашини билиш учун эмас, балки мамлакатда қандай аҳоли борлигини тушуниш учун ҳам зарур. Кимлар ишлаяпти, кимлар ишсиз, даромад манбалари қандай, қайси қатламлар ёрдамга муҳтож — бундай маълумотларсиз тўғри қарор қабул қилиш қийин.
Аниқ ва ишончли маълумотлар бўлмаса, давлат ресурслари қаерга ва қандай сарфланаётгани ҳам ноаниқ бўлиб қолади. Натижада айрим муаммолар боридан камроқ кўрсатилиши, масъулият эса йўқолиши мумкин. Бу эса мамлакат ривожига салбий таъсир қилади.
Рўйхатга олиш орқали тўпланган маълумотлар асосида кам таъминланганларни қўллаб-қувватлаш, иш ўринлари яратиш ва ижтимоий дастурларни реал ҳолатга мослаб ишлаб чиқиш мумкин. Оддий қилиб айтганда, аҳолини рўйхатга олиш — давлат қарорлари ҳаётга мос бўлиши учун керак.
Теглар






