«Реал Санжик»: «Мени чиройли қилиб “подстава” қилишди»
Автоблогер ва тадбиркор Санжар Каримов устидан ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида суд тергови якунланди. У ўзини чиройли қилиб «подстава» қилишганини журналистларга айтиб берди. Суд мажлисида 240 минг долларлик уй собиқ эгаларига қайтариб берилди, наркотик моддалар эса “махорка” бўлиб чиқди.
ЖИБ Мирзо Улуғбек туман судида “Реал Санжик” тахаллуси билан танилган таниқли автоблогер ва тадбиркор Санжар Каримовга оид суд жараёни давом этяпти. Суд терговида дастлаб тинтув пайтида мусодара қилинган моддаларни таҳлил қилган ИИББ мутахассиси сўроқ қилинди. Воқеа жойидаги оғирликни ўлчаш масаласи асосий эътибор марказида бўлди.
Ҳимоя томони моддалар тамаки билан аралаштирилганлигини ва айбловларнинг оғирлиги шунга боғлиқлигини таъкидлади. Эксперт аралашмани ажратишнинг иложи йўқлигини, шунинг учун оғирлик аралашмалар билан бирга ҳисобга олинганлигини айтди.
Эксперт Тошкент шаҳар ИИББда бундай моддаларни алоҳида ажратиб берувчи ускуна мавжуд эмаслигини ҳамда бу моддаларни ажратиш учун ўзининг махсус малакаси етишмаслигини қўшимча қилди.
Жавобан, судланувчининг адвокатлари бундай технологиялар Тошкентда мавжудлигини айтиб, экспертни ёлғон кўрсатма беришда айбладилар. Каримовнинг адвокатлари, шунингдек, тинтув жойида сертификатлкатган торозида оғирлик ўлчанмаганлиги ва конвертларда вақт кўрсатилмаганлиги каби қонун бузилишига йўл қўйилганлигини айтди.
Ҳимоя томони тинтув ҳисоботини қабул қилиб бўлмайдиган далил деб эълон қилишни сўради. Судя Баҳром Бердиев далиллар суд жараёни охирида баҳоланишини билдирди.
Бундан олдинги суд мажлисига нотариус ходими чақирилганди. Унда 240 минг долларлик уйни собиқ эгаларига 1 сўм эвазига олди-сотди қилиш муҳокама қилинганди. 27-апрель кунги суд терговида судланувчи Санжар Каримов, адвокат Нурмуҳаммедова ва фуқаро Ражабов томонидан тақдим этилган илтимоснома қисман қаноатлантирилди. Ажримга кўра, Шайхонтаҳур туманида жойлашган уйга қўйилган тақиқ вақтинча бекор қилинди. Уй фақат жабрланувчи Олимбоева номига қайта расмийлаштириш учун тақиқдан ечилди.
Рисматовнинг онаси ва Каримовнинг суҳбати
Суд мажлисида Каримов ва Шаҳзод Рисматовнинг онаси Раҳматуллаева ўртасидаги телефон суҳбати муҳокама қилинди.
Жабрланувчи Раҳматуллаевага кўра, Каримов уни ёлғон гувоҳлик беришга мажбурлаган ва таҳдид қилган.
Каримов айбловларни рад этди. У аудиоёзув таҳрирланганини ва сўзлари контекстдан чиқариб ташланганини даъво қилди. Шунингдек, Раҳматуллаеванинг ўғли Рисматов шаҳарнинг ярмини алдагани, Каримов унга одамларнинг гаплари туфайли қамоқда чиришини айтганини ҳам таъкидлади.
Санжар Каримов суд тергови якунлангач, ўзини чиройли қилиб «подстава» қилишганини журналистларга айтиб берди. Судланувчи уйда ўтказилган тинтувдан ҳам норозилигини билдириб, наркотик моддалар топилгани уюштирилган бўлиши мумкинлигини билдирди.
Шу тариқа суд тергови якунланди ва 1-майдаги суд мажлисида томонлар музокараларга ўтади.
Бахтиёр Тўхтаев тайёрлади.
Teglar






