Бойсунда дарёга оққан нефтнинг экологияга етказилган зарар миқдори маълум қилинди
23-апрел кун Бойсун туманидада содир бўлган сел оқими «ERIEEL GROUP» томонидан ясалган нефт маҳсулоти сақловчи дамбани ювиб кетиши оқибатида мазут Сурхондарёгача оқиб келган.
© Видеодан кадрСурхондарё вилоятининг Бойсун туманида нефт аралаш суюқлик дарёга оқиб, экологияга 8,5 миллиард сўмдан ортиқ зарар етказилгани маълум қилинди.
Текширув давомида «Surxan Gas Chemical Operating Company» қўшма корхонасига қарашли қудуқлардан бирида нефт маҳсулотлари аралаш суюқлик ер юзасига сизиб чиққанлиги аниқланган. Вазиятни назоратга олиш мақсадида корхона «Eriell Oilfield Services Middle East DMCC» компаниясининг махсус техникаларини жалб қилган ҳолда 11 та хандақ қазиб, суюқликни тўплаш чораларини кўрган.
Бироқ 23 апрел куни кучли ёғингарчилик сабаб вазият мураккаблашган. Натижада тахминан 1,2 тонна нефт маҳсулотлари аралаш суюқлик «Хонгаронсой» оқимига тушиб кетган. Бу эса атроф-муҳитга сезиларли зарар етказган.
Компенсация миқдори
Мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 12 апрелдаги 202-сон қарорига мувофиқ компенсация миқдори ҳисоблаб чиқилди. Якуний ҳисоб-китобларга кўра, зарар миқдори 8,5 миллиард сўмдан ортиқни ташкил этган.
Ҳозирда ҳодиса оқибатлари бартараф этилган, сув ҳавзаси нефт аралашмасидан тозаланган. Мутасадди органлар томонидан қўшимча ўрганиш ишлари давом эттирилмоқда. Якуний хулосалар асосида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилиб, ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилиши кутилмоқда.

Экология
Экологияга оида хабар ва янгиликлар





