Ўзгармаган SMS хабарномалар нархи, уч ойда 1,8 трлн сўмга ошган муаммоли кредитлар ва 635 млрд сўмлик туризм мажмуаси— 27 апрел дайжести
Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Humo» карталари бўйича SMS хабарномалар нархи ўзгаришсиз қолади
«Humo» карталари бўйича SMS хабарномалар нархи ўзгаришсиз қолади. Аввалроқ 1 майдан тарифлар 84,2 сўмдан 168,4 сўмга оширилиши мумкинлиги ҳақида хабар тарқалган эди.
Мазкур масала ижтимоий тармоқларда муҳокамага сабаб бўлганидан сўнг, «Humo» «Octotelecom»га амалдаги тарифларни сақлаб қолиш бўйича таклиф киритди. Қўшимча музокаралар натижасида томонлар келишувга эришди.
Шунга кўра, 1 майдан бошлаб 13131 рақамидан юбориладиган SMS хабарлар нархи ҳар бир хабар учун 84,2 сўм миқдорида қолади. Қарор фойдаланувчилар учун молиявий юкни оширмаслик ва хизмат барқарорлигини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.
Тошкент шаҳар ҳокимига икки ўринбосар тайинланди
Тошкент шаҳар ҳокимига икки нафар янги ўринбосар тайинланди. Бу ҳақда шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.
Даулетияр Бахтиярович Худайбергенов Тошкент шаҳар ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари — Тошкент шаҳар иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди. Шу пайтгача ушбу лавозим вакант бўлиб турганди.
Алишер Исматиллаевич Дўсмуҳамедов эса Тошкент шаҳар ҳокимининг ахборот технологияларини жорий этиш бўйича ўринбосари — Рақамли ривожланиш департаменти раҳбари лавозимига тайинланди. Унгача ушбу лавозимда 2022-йилдан бери Алексей Хен ишлаб келаётган эди.
Банкларда муаммоли кредитлар ҳажми уч ойда 1,8 трлн сўмга ошди
2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон банк тизимида кредит портфели 19,3 трлн сўмга ўсиб, 623,3 трлн сўмдан ошди. Марказий банк маълумотига кўра, шу даврда муаммоли кредитлар ҳам 1,8 трлн сўмга кўпайиб, қарийб 19,9 трлн сўмга етган. Асосий ўсиш давлат банклари ҳиссасига тўғри келган.
Хусусан, давлат банклари портфели 11,1 трлн сўмга ошган бўлиб, энг катта ўсиш “Агробанк”, “Миллийбанк”, “Халқ банки” ва “Алоқабанк” ҳиссасига тўғри келди. Шу билан бирга, айрим банкларда, жумладан “СҚБ” ва “Асакабанк”да кредит портфели қисқарган.
Нодавлат банклар орасида “Ҳамкорбанк”, “Ҳаёт Банк” ва “Капиталбанк” ўсиш кўрсатган, “TBC Банк” ва “Ориэнт Финанс банк”да эса пасайиш кузатилган. Муаммоли кредитлар асосан давлат банкларида ошган бўлса-да, умумий кредит портфели тез ўсгани ҳисобига уларнинг улуши 3,19 фоиздан 2,99 фоизгача камайган.
635 млрд сўмлик туризм мажмуаси: «Каркидон»да 2 минг иш ўрни яратилади
Қува туманидаги «Каркидон» сувомбори ҳудудида 635 млрд сўмлик йирик туризм мажмуаси барпо этилмоқда. Шавкат Мирзиёев ташриф давомида лойиҳа билан танишиб, унинг ҳудуд иқтисодиёти ва сайёҳлик салоҳиятини оширишдаги аҳамиятини таъкидлади. 508 гектар майдонни эгаллаган мажмуада агро, эко ва экстремал туризм йўналишлари бирлаштирилган.
Мажмуа доирасида 45 та шале, 57 та меҳмон уйи, агротуризм объектлари, гуллар боғи, экобозор ва дам олиш ҳудудлари ташкил этилган. Лойиҳа ишга тушгач, 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилиши, йилига 750 минг сайёҳ қабул қилиниши ва хизматлар экспорти ошиши кутилмоқда.
Лойиҳа 2027 йилдан тўлиқ қувватда ишга туширилиши режалаштирилган. Шунингдек, келгусида мотокросс, картинг, голф ва бошқа фаол дам олиш инфратузилмалари яратилиб, «Каркидон»ни йирик туризм марказларидан бирига айлантириш кўзда тутилган.
Электрон тижоратда эскроу ва арбитраж тизими жорий этилиши мумкин
Ўзбекистонда электрон тижоратда истеъмолчиларни ҳимоя қилишни кучайтириш мақсадида эскроу тўлов ва арбитраж тизимларини жорий этиш таклиф қилинмоқда. Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, 2026 йил I чоракда онлайн савдо бўйича 1 657 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг асосий қисми товар сифати, тўловлар ва етказиб бериш билан боғлиқ.
Мурожаатларнинг катта қисми Узум Маркет, Узум Насия ва Алиф платформалари ҳиссасига тўғри келган. Таҳлиллар товар тавсифига мос келмаслик, ҳисоб-китоблардаги ноаниқликлар ва логистика муаммоларини асосий камчилик сифатида кўрсатган.
Қўмита эскроу тизими орқали харидор товарни қабул қилиб тасдиқламагунича пул сотувчига ўтказилмаслигини, шунингдек, сотувчилар рейтинги ва онлайн арбитраж тизими жорий этилишини таклиф қилмоқда. Бу қарорлар фирибгарликни камайтириш ва низоларни тезкор ҳал қилишга қаратилган.
Валюта операциялари қоидалари янгиланди
Ўзбекистонда валюта операцияларини тартибга солувчи қоидалар янгиланди. Марказий банкнинг 2026 йил 30 мартдаги қарорига кўра, энди жисмоний шахслар фуқаролигидан қатъи назар банк ҳисобварақлари орқали бир-бирига шахсий (носавдо) мақсадларда эркин пул ўтказиши мумкин. Шунингдек, хорижликларга мамлакат ичида устав фондига маблағ киритиш, хайрия қилиш ва мерос билан боғлиқ операцияларни амалга ошириш ҳуқуқи берилди.
Янги тартиб тадбиркорлар учун ҳам енгилликлар яратди. Энди юридик шахслар чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар бўйича тўловлар учун валюта сотиб олишда ортиқча ҳужжат топширмайди — фақат чиқарилганини тасдиқловчи ҳужжат кифоя. Шу билан бирга, хорижий инвесторлар учун қимматли қоғозларни сотишдан тушган маблағларни эркин равишда чет элга олиб чиқиш имконияти яратилди.
Қоидаларга мувофиқ, барча валюта айирбошлаш операциялари, жумладан онлайн операциялар ягона тизимда ҳисобга олинади. Техник ёки имловий хатолар сабаб операция рад этилган ҳолларда уларни тузатиш имконияти берилди. Шунингдек, жисмоний шахслар ўз ҳисобидаги маблағлар доирасида нақд валюта олишда чекланмайди, юридик шахслар учун эса мақсадли тартиб сақланади.





