Асосий ставка яна ўзгаришсиз қолдирилди

Bugun 11:022 daqiqa

Марказий банк асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдирди.

Асосий ставка яна ўзгаришсиз қолдирилди © vaqt.uz

Марказий банк бошқаруви 2026 йил 29 апрел куни бўлиб ўтган йиғилишда асосий ставкани йиллик 14 фоиз даражасида ўзгаришсиз қолдириш тўғрисида қарор қабул қилди.

Маълумотларга кўра, мамлакатда умумий инфляция пасайиш тенденциясини сақлаб қолмоқда. Жумладан, 2026 йил март ойида инфляция йиллик 7,1 фоизгача тушган. Базавий инфляция эса 5,7 фоизни ташкил этган. Шу билан бирга, инфляциянинг пасайиш суръати секинлашиб, ташқи омиллар таъсири ортиб бораётгани қайд этилди.

Марказий банк таҳлилларига кўра, иқтисодий фаолликнинг жадаллашуви ва ялпи талабнинг юқори даражада сақланиши инфляцион босимларнинг маълум даражада сақланиб қолаётганини кўрсатмоқда. Шу сабабли инфляцияни 5 фоизлик мақсадли даражага етказиш учун қатъий пул-кредит шароитларини сақлаш зарур деб топилди.

Янгиланган прогнозларга мувофиқ, 2026 йил якунига келиб инфляция 6,5 фоиз атрофида шаклланиши кутилмоқда. Шу билан бирга, инфляцион кутилмалар ҳануз прогноз кўрсаткичларидан юқори даражада сақланмоқда.

Жорий йилнинг биринчи чорагида иқтисодиётда юқори ўсиш суръатлари қайд этилди. Ялпи ички маҳсулот реал ҳисобда 8,7 фоизга ошди. Бу ўсиш, асосан, хизматлар, савдо ва қурилиш соҳалари фаоллашуви ҳисобига таъминланган.

Шу билан бирга, ташқи иқтисодий муҳитдаги ноаниқликлар ҳам сақланиб қолмоқда. Геосиёсий зиддиятлар фонида жаҳон бозорида нефть ва озиқ-овқат нархларининг ўсиши, логистика харажатларининг ортиши орқали ички инфляцияга қўшимча босим юзага келиши мумкинлиги таъкидланди.

Ижобий омиллар сифатида эса асосий савдо ҳамкор давлатлар валюталарининг мустаҳкамланиши, олтин нархларининг юқори даражада сақланиши, экспорт тушумлари ва пул ўтказмаларининг барқарор ўсиши қайд этилди. Бу ҳолат ички валюта бозорида таклифни қўллаб-қувватламоқда.

Марказий банк келгусида инфляция динамикаси, ялпи талаб ва ташқи хатарларни диққат билан кузатиб боради. Агар инфляцион босимлар кучайса ёки кутилмалар ўсса, пул-кредит сиёсати янада қатъийлаштирилиши мумкинлиги қайд этилди.

Навбатдаги йиғилиш 2026 йил 17 июн кунига белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid