АҚШ, Исроил ва Эрон уруши: 15-кун воқеалари

Bugun 20:306 daqiqa

Америка Эроннинг Харк оролига зарба берди ва Теҳрон Ҳўрмуз бўғози орқали кемалар қатновига тўсқинлик қилса, кейинги нишон нефт объектлари бўлишидан огоҳлантирди.

АҚШ, Исроил ва Эрон уруши: 15-кун воқеалари

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши учинчи ҳафтасига қадам қўйган уруши кескинлашишда давом этмоқда. АҚШ кучлари Эрон нефт экспортининг асосий қисми ўтадиган стратегик марказ — Харк оролидаги ҳарбий нишонларга зарба берди. АҚШ президенти Доналд Трамп Вашингтон ҳозирча оролнинг нефт инфратузилмасини атайлаб сақлаб қолганини, бироқ Эрон Ҳўрмуз бўғозидаги кемалар қатновига халақит берса, улар ҳам нишонга олинишини таъкидлади.

Теҳрон эса, ўз навбатида, энергетика объектларига қилинган ҳар қандай ҳужум минтақадаги нефт инфратузилмаси ва АҚШ иттифоқчиларининг активларига қарши жавоб зарбаларига сабаб бўлишини билдирди. Бу эса Форс кўрфазида кенг кўламли энергетика ва хавфсизлик инқирози юзага келиши борасидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

Сўнгги маълумотлар:

Эрондаги вазият

·         Биргаликдаги ҳужум: Эрон Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) Теҳроннинг Ливандаги ишончли вакили бўлган «Ҳизбуллоҳ» билан ҳамкорликда Исроилга ракета ва дронлар учирганини маълум қилди. ИИМК ўз баёнотида ушбу амалиёт Фаластин халқини қўллаб-қувватлашга қаратилган йиллик «Ал-Қудс куни» доирасида амалга оширилганини таъкидлади.

·         Эрон олий раҳбари «яраланган»: АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет Эроннинг янги олий раҳбари Мужтабо Хоманаий яраланганига ишонишини айтди. «Бизга маълумки, янги «олий раҳбар» деб аталаётган шахс яраланган ва эҳтимол, юз-қиёфасига жиддий шикаст етган», — деди у.

·         10 миллион доллар мукофот: АҚШ Давлат департаменти Хоманаий ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар ҳақидаги маълумот учун 10 миллион доллар мукофот эълон қилди.

·         Харк оролига ҳужумлар: Трамп АҚШ кучлари Эрон иқтисодиёти учун ўта муҳим бўлган Харк оролидаги ҳарбий иншоотларни бомбалаганини маълум қилди. Эрон нефт экспортининг қарийб 90 фоизи айнан шу орол орқали Форс кўрфази ва Ҳўрмуз бўғозига йўналтирилади.

·         Қурбонлар сони ортмоқда: Эрон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 28-февралдан бери АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужумлари оқибатида камида 1 444 киши ҳалок бўлди, 18 551 киши жароҳатланди.

Форс кўрфази мамлакатларидаги вазият

·         Эроннинг жавоб зарбалари: Эрон Форс кўрфази минтақаси бўйлаб АҚШ активлари, ҳарбий базалари ва тижорат объектларига учувчисиз учиш аппаратлари ва ракеталар билан жавоб зарбалари бермоқда.

·         Саудия Арабистони дронларни уриб туширди: Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги 13-март куни олтита дрон тутиб олингани ва йўқ қилинганини маълум қилди.

·         Қатар: Қатар Қуролли кучлари мамлакат томон учирилган ракетани муваффақиятли тутиб олди. Ҳужумдан олдин ҳукумат аҳолини келаётган ракета ёки дронлар ҳақида огоҳлантириб, мобил телефонларга хавфсизлик сигналини юборди.

·         Баҳрайн: Мамлакатда сиреналар янгради. Ички ишлар вазирлиги барча фуқаролар ва аҳолини хотиржамликни сақлашга ҳамда энг яқин хавфсиз жойга йўл олишга чақирди.

·         Ўмон: Яқинда Ўмонда қулаган дронлар оқибатида икки киши ҳалок бўлганидан сўнг, Султон Ҳайсам бин Тариқ ва Қатар амири шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний телефон орқали мулоқот қилди. Раҳбарлар мулоқот ва минтақавий кескинликни камайтиришга чақирди.

·         «Формула-1» пойгалари бекор қилинди: Уруш бутун минтақани қамраб олаётгани сабабли Баҳрайн ва Саудия Арабистонидаги «Формула-1» пойгалари бекор қилиниши ёки бошқа муддатга кўчирилиши хабар қилинмоқда. Баҳрайн босқичи аслида 10–12-апрел кунларига, Саудия Арабистониники эса бир ҳафта кейинга режалаштирилган эди.

АҚШдаги вазият

·         Йирик ҳарбий сафарбарлик: АҚШ армияси котиби Дэн Дрисколлнинг сўзларига кўра, Эроннинг давом этаётган дрон ҳужумлари ва минтақавий таҳдидларга қарши туриш учун Яқин Шарққа 10 000 дона тутиб олувчи дрон юборилмоқда. Бундан ташқари, АҚШ оммавий ахборот воситалари Пит Ҳегсет томонидан маъқулланган 2 500 нафар денгиз пиёдаси ва «USS Tripoli» десант кемаси минтақага жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақида хабар бермоқда.

·         Кескин риторика ва мукофотлар: АҚШнинг тажовузкор позициясини ифодалаган Ҳегсет АҚШ армияси «душманга нисбатан шафқат қилмаслигини» таъкидлади. Ушбу баёнот демократ конгрессмен Южин Виндманда эҳтимолий ноқонуний буйруқлар берилиши борасида хавотир уйғотди.

·         Нефт инфратузилмасига тегилмади: Харк оролидаги ҳарбий иншоотлар вайрон қилинган бўлса-да, Трамп оролнинг нефт инфратузилмасига зарба бермасликни лозим топганини айтди. Оролда Эрон нефт экспорти тизими билан боғлиқ муҳим энергетика объектлари, жумладан, омборхоналар, юклаш терминаллари ва қувурлар мавжуд.

·         Ҳўрмуз бўғози бўйича ультиматум: Трамп «Truth Social» тармоғидаги постида агар Эрон Ҳўрмуз бўғози орқали кемаларнинг эркин ва хавфсиз қатновига халақит берса, у ўз қарорини қайта кўриб чиқиши ва нефт объектларини нишонга олиши ҳақида огоҳлантирди.

·         Стратегик таъсир воситаси: Таҳлилчиларнинг фикрича, ушбу бомбардимон АҚШнинг Эронни бўғоздаги кемаларга ҳужум қилиш имкониятидан маҳрум эта олишини кўрсатади. Шу билан бирга, нефт инфратузилмасига зарба бериш имконияти захирада сақлаб турилибди. Бундай қадам Эрон нефт хом ашёси экспортини бутунлай тўхтатиб қўйиши ва глобал энергетика инқирозини янада кучайтириши мумкин.

Исроилдаги вазият

·         7 600 та нишон: Исроил ҳарбийлари АҚШ билан 28-февралда бошланган қўшма ҳужумдан буён Эрон бўйлаб қарийб 7 600 та, Ливанга эса 1 100 та зарба берилганини маълум қилди.

·         Исроилга ҳужум: Эрондан ракеталар учирилгани ҳақидаги огоҳлантиришдан сўнг Тел-Авив яқинида портлаш овозлари эшитилди. AFP агентлиги мухбири шаҳарнинг икки нуқтасидан қуюқ тутун кўтарилаётганини хабар қилди.

Ливандаги вазият

·         Қурбонлар сони ортмоқда: Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2-мартдан бери Исроил ҳужумлари оқибатида камида 773 киши ҳалок бўлган.

·         Тиббиёт ходимларига ҳужум: Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги Борж-Қалауиядаги тиббиёт марказига берилган зарбани кескин қоралади. Ушбу ҳужум оқибатида 12 нафар тиббиёт ходими, жумладан, шифокорлар ва ҳамширалар ҳаётдан кўз юмган.

·         БМТ базасига зарба: Ливан жанубидаги Мейс ал-Жабал шаҳарчасида Исроил снарядлари БМТнинг Ливандаги муваққат кучлари (UNIFIL) таркибида хизмат қилаётган Непал тинчликпарвар баталони қароргоҳига келиб тушди.

«Ҳизбуллоҳ» позицияси: «Ҳизбуллоҳ» етакчиси Наим Қосим ўз гуруҳи Исроил билан «узоқ давом этувчи тўқнашув»га тайёрлигини билдирди. У мазкур низони Исроилнинг 15 ойдан буён эътиборсиз қолдирилаётган тажовузларига нисбатан қонуний мудофаа деб атади.

Ироқдаги вазият

·         АҚШ элчихонаси нишонда: Ироқ томони Боғдоддаги АҚШ элчихонасининг вертолёт қўниш майдончасига ракета тушганини маълум қилди. «Al-Jazeera»га кўра, ҳужум натижасида элчихонанинг ҳаво мудофаа тизими ишдан чиққан. Мажмуа ҳудудидан тутун кўтарилган. Боғдоднинг «яшил ҳудуди»да жойлашган улкан элчихона мажмуаси тез-тез Эронга хайрихоҳ гуруҳларнинг ракета ва дрон ҳужумларига нишон бўлмоқда.

·         Ироқ бош вазири ва Макрон ўртасидаги мулоқот: Ироқ бош вазири Муҳаммад Шиа ас-Суданий Курдистон минтақасида франциялик аскарнинг дрон ҳужумида ҳалок бўлганидан сўнг, бундай ҳужумларга чек қўйишга ваъда берди.

·         Туркиядан огоҳлантириш: Туркия АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши Ироққа ҳам таъсир қилаётгани сабабли ўз фуқароларига ушбу мамлакатга заруратсиз сафар қилмасликни тавсия этди.

Иқтисодий оқибатлар

Глобал иқтисодиёт: Мазкур уруш дунёда энергетика инқирози ва нефт нархининг кескин ошишига сабаб бўлди. Бунга жавобан Канада Халқаро энергетика агентлигининг (IEA) фавқулодда чоралар доирасида 23,6 миллион баррел нефтни бозорга чиқаришини эълон қилди.

Авиация соҳаси: Ҳиндистоннинг «Air India» ва «IndiGo» каби йирик авиакомпаниялари геосиёсий беқарорлик фонида авиаёқилғи нархи ошгани сабабли чипта нархларини сезиларли даражада кўтарди.

Дипломатик ўзгаришлар: Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, АҚШ минтақада катта ҳарбий кучга эга бўлишига қарамай, Ҳўрмуз бўғозини назорат қилиш масаласида дипломатик таъсирини йўқотмоқда. Ҳиндистон, Франция ва Италия каби давлатлар кемаларининг хавфсиз ўтишини таъминлаш учун Вашингтонни четлаб ўтиб, тўғридан-тўғри Эрон билан музокаралар олиб бормоқда. Бу эса инқирозни бошқариш тизгини кимнинг қўлига ўтаётганидан далолат беради.

 

Teglar

Mavzuga oid