«Имтиёзли абитуриентлар ичида энг юқори натижани хотин-қизлар лиготаси билан кирганлар ташкил қилди» — вазир ўринбосари
Вазирлик мулозими миллий сертификат тизимига тўхталиб, у тестга қараганда мураккаброқ эканини айтди.

Ўқишга имтиёз билан кирганлар ичида энг юқори натижани хотин-қизларга ажратилган квота билан талаба бўлганлар ташкил қилмоқда. Бу ҳақда 18-август куни Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигида 2026–2027-ўқув йили учун олий талим муассасаларига қабул жараёнларининг якуний натижаларига бағишланган матбуот анжуманида вазирнинг биринчи ўринбосари Сардор Ражабов маълум қилди.
Матбуот анжуманида Vaqt.uz мухбири имтиёзли квоталар сабаб айрим тоифалар, жумладан ҳарбийлар фарзандлари 57 балл билан ҳам давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинаётгани, 150–160 балл тўплаган имтиёзсиз абитуриентлар эса ўқишга кира олмаётганини айтиб, вазирликни саволга тутди.
«Тўғри, имтиёзли квоталар асосий квотадан алоҳида шакллантирилади. Бироқ олийгоҳни тугатаётган ҳар бир битирувчининг етарли билим ва малакага эга бўлиши қай даражада таъминланмоқда? Шу нуқтаи назардан, эътиборни фақат кириш жараёнига эмас, балки ўқишни битириш жараёнидаги назорат ва имтиҳонларга қаратиш керакдир?» — деди журналист.
Вазирлик мулозими эса миллий сертификат тизимига тўхталиб, у ўзи тест тизимига қараганда мураккаброқ эканини урғулади. Унинг айтишича, шу пайтгача миллий сертификат билан максимал балл олиб, ўқишга кирган талабаларнинг 60 фоизга яқини аъло баҳога ўқияпти. Яхши баҳоларга ўқиётганлар сони 40 фоизга яқин. Жуда озчилик қисми эса яхши ўқимаяпти.
«Энди у ерда ҳар хил объектив, субъектив сабаб бўлиши мумкин, яъни талабанинг оиласида нимадир муаммо бўлган ёки у ишлаётган бўлиши мумкин ва ҳоказо. Талабанинг ўзлаштиришига ҳам боғлиқ. Лекин биз кўрганимизда ҳайдалиб кетганлар сони, яъни миллий сертификат билан, умуман максимал балл олиб кирганлар орасида жуда ҳам кам», — дейди Ражабов.
2026–2027-ўқув йилида бакалавриат талим йўналишлари бўйича жами қабул квотаси 201 минг 719 тани ташкил этди. Бу ўтган ўқув йилига нисбатан 6392 тага кўп. Шундан 155 минг 852 таси кундузги, 28 минг 942 таси кечки ва 16 минг 925 таси масофавий таълим шаклига тўғри келади. Давлат гранти асосида қабул қилиш имкониятлари ҳам кенгайтирилиб, бакалавриат учун 36 минг 23 та грант ўрни ажратилди.
Вазирликка кўра, қабул параметрларини шакллантиришда мамлакат иқтисодиёти ва меҳнат бозорининг эҳтиёжлари билан бир қаторда устувор ва истиқболли соҳаларга бўлган талаб ҳам инобатга олинган. Хусусан, ахборот технологиялари ва сунъий интеллект йўналишлари бўйича давлат грантлари 35 фоизга оширилган.
Бу йил абитуриентлар энг кўп танлаган олий таълим муассасалари қаторида Тошкент давлат иқтисодиёт университети, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ва Ўзбекистон Миллий университети етакчилик қилди.





