Logo

«Суюнчи пули»: туғилишлар қисқараётган пайтда уни барча фарзандларга тўлиқ тиклаш вақти келмадими?

Bugun 19:557 daqiqa

2024 йил апрелдан иккинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун «суюнчи пули» чекланди. Туғилишлар эса 11 чоракдан бери камаймоқда. Vaqt.uz тўлов нега қисқартирилгани, тежалган маблағлар тақдири ва уни 2027 йилда тўлиқ тиклаш режаси бор-йўқлиги бўйича Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигидан расмий изоҳ олди.

«Суюнчи пули»: туғилишлар қисқараётган пайтда уни барча фарзандларга тўлиқ тиклаш вақти келмадими?

Йилдан йилга туғилишлар камаймоқда. Шу пайтда давлат икки ва ундан кейинги фарзандлар учун бериладиган «суюнчи пули»ни чеклаб қўйди. Орадан икки йилдан ортиқ вақт ўтди, аммо демографик вазият яхшилангани йўқ — аксинча, туғилишлар пасайиши сўнгги чоракларда янада тезлашди.

Хўш, болалар камайиб, демографик вазият ёмонлашаётган бўлса, нега оилаларга бериладиган ёрдамни қисқартиришда давом этиш керак? Балки «суюнчи пули»ни барча фарзандларга қайтариш вақти келгандир?

Vaqt.uz туғилишлар динамикаси, бюджетдан «суюнчи пули» учун ажратилган маблағлар ва унинг қамрови ўзгаришини ўрганди. Шунингдек, тўлов чекланишининг сабаблари ва келгусидаги режаларга аниқлик киритиш учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигидан расмий изоҳ олди.

Қачон чеклов қўйилди?

2024-йил 1 апрелдан «суюнчи пули» фақат биринчи фарзанд туғилганда бериладиган бўлди. Иккинчи фарзанд учун эса нафақа фақат Ижтимоий ҳимоя реестрига киритилган оилаларга тўланади. Қолган оилалар учун эса бу тўлов бекор қилинди.

Маълумот учун, биринчи фарзанд учун бериладиган «суюнчи пули» меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 70,3 фоизига тенг. Ҳозир бу 893 минг сўмни ташкил этади, 1-сентябрдан эса 956 минг сўмга етади.

Қарор қабул қилинган пайтда ҳукумат нега айнан шундай йўл тутганини жамоатчиликка очиқ тушунтирмади. Қанча маблағ тежалиши ва тежалган пул қаерга йўналтирилиши ҳақидаги саволлар ҳам жавобсиз қолди.

Туғилишлар пасайиши тезлашмоқда

Туғилишлар сонининг қисқариши кетма-кет 11 чоракдан бери давом этмоқда. 2026-йилнинг биринчи ярмида 373,4 мингта туғилиш қайд этилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 7,9 фоизга кам.

Йил бошида пасайиш нисбатан кичикроқ эди. Январ-март ойларида туғилишлар 3,5 фоизга қисқарган бўлса, апрел-июн ойларида бу кўрсаткич 12,1 фоизга етди. Иккинчи чоракда 182,3 мингта туғилиш қайд этилган.

Иқтисодчи Миркомил Холбоевнинг таъкидлашича, бу қисқариш туғилишлар қисқариши бошлангандан буён энг йирик чораклик пасайиш ҳисобланади.

1

Манба: Mirkonomika

Пасайишни фақат умумий статистикада эмас, ҳудудлар кесимида ҳам кўриш мумкин.

Холбоевнинг таҳлилига кўра, иккинчи чоракда 198 та туман ва шаҳарда туғилишлар камайган. Атиги 8 та ҳудудда ўсиш қайд этилган. Ўтган йилнинг шу даврида эса туғилишлар 76 та туман ва шаҳарда ошган эди.

Демак, бир йил ичида туғилиш ўсиши қайд этилган ҳудудлар сони 9,5 бараварга камайган.

2

Манба: Mirkonomika

Умуман олганда, туғилишлар кетма-кет уч йилга яқин вақт давомида камайиб бормоқда ва сўнгги чоракларда жараён тезлашган.

Туғилиш камаймоқда, «суюнчи пули» ҳам

Туғилишлар камайгани сари «суюнчи пули» олувчилар сонининг қисқариши табиий. Лекин бу ерда яна бир жараён бор: давлатнинг ўзи ҳам ушбу тўловнинг қамровини қисқартирган.

2024-йилда «суюнчи пули» учун аҳолига жами 382,4 млрд сўм, 2025-йилда эса 275,1 млрд сўм ажратилган эди. 2026-йилда бу маблағ яна қисқартирилиб, 229,8 млрд сўм этиб белгиланган.

Олувчилар сони бўйича фарқ бундан ҳам яққолроқ кўринади. 2025–2027-йилларга мўлжалланган Бюджетномада 2025-йилда 372 минг 624 нафар, 2026-йилда 380 минг 76 нафар, 2027-йилда эса 383 минг 876 нафар олувчи бўлиши режалаштирилган эди.

Бироқ 2026–2028-йилларга мўлжалланган янги бюджетда 2026-йил учун бу рақам 247 минг 463 нафаргача туширилган.

Яъни, аввал 2026-йилда 380 мингдан ортиқ кишига «суюнчи пули» бериш режалаштирилган бўлса, янги ҳисоб-китобда 247 минг нафарга яқин олувчи кўзда тутилмоқда.

«Суюнчи пули» нега керак?

«Суюнчи пули»ни қайтаришнинг ўзи туғилишларни бирданига кўпайтириб юбормайди. Фарзанд кўриш ҳақида қарор қилаётган оила бир марталик тўловдан кўра каттароқ нарсаларни ўйлайди: уй-жой, даромад, иш, боғча, тиббиёт, боланинг харажатлари.

Лекин шунинг ўзи билан масала ёпилмайди. Чунки туғилишлар камайиб бораётган бўлса, давлатнинг бунга жавобгарлиги бўлиши керак.

Иқтисодчи Отабек Бакиров «суюнчи пули»ни оддий нафақа сифатида кўрмаслик кераклигини айтади.

«Қисқаришни бошлаган туғилишни тўхтатиш албатта қийин, кейин арзимаган суюнчи пули тугул катта пул бериб ҳам тўхтатиб бўлмайди. Лекин суюнчи пулининг моҳияти — Ўзбекистон дунёга келган болаларни биринчи, иккинчи ва учинчи деб ажратмаслигида эди», — деб ёзади у.

Жамоатчилик фаоли Лазиз Ҳамидов эса ҳукуматнинг ўзига савол қўяди. Унинг фикрича, амалдаги сиёсатга қараб, гўё давлатнинг ўзи ҳам аҳоли кўпайишидан унчалик манфаатдор эмасдек таассурот пайдо бўлади.

«Лекин, негадир менга доим ҳукуматнинг ўзи туғилишлар кўпайишига қаршидек, аҳоли ўсишини муаммо сифатида кўрадигандек туюлаверади. Суюнчи пули фақат биринчи фарзанд учун берилади. Бола пули эса шунчалик қатъий мезонлар асосида ажратиладики, амалда оилаларнинг катта қисми ундан фойдалана олмайди.

Албатта, туғилишнинг камайишини фақат шу омиллар билан изоҳлаб бўлмайди. Бунга фарзанд кўриш ёшидаги аҳоли улушининг камайиши, урбанизация, никоҳ ёшининг кечикиши ва бошқа омиллар ҳам таъсир қилаётгандир. Лекин ҳукумат томонидан туғилишларни рағбатлантиришга қаратилган аниқ ва сезиларли амалий чоралар ҳам деярли йўқ, назаримда», — дея ёзган ўз блогида Ҳамидов.

Умуман олганда, Ўзбекистон ижтимоий давлат сифатида эълон қилингандан кейин бундай ижтимоий қиймати баланд бўлган нафақанинг кесилиши тушунарсиз ҳолат. Қолаверса, ижтимоий тўловлар қисқартирилиб, унинг ортидан амалдорлар харажатларининг кескин ортиши — халқдан юлиб, амалдорларга беришдан бошқа нарса эмас.

Тежалган маблағ миқдори очиқланмади

Vaqt.uz Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига «суюнчи пули» бўйича бир нечта саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, 2024-йилдан иккинчи ва ундан кейинги фарзандлар учун тўловнинг чекланиши натижасида қанча маблағ тежалгани, бу пул қаерга йўналтирилгани ва 2027-йилги бюджетда «суюнчи пули»ни қайта тиклаш масаласи кўриб чиқилаётган-чиқилмаётгани сўралди.

Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги Vaqt.uz’га тежалган маблағ миқдори бўйича аниқ сумма келтирмади. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳам масала тизим агентлиги ваколатига киришини билдирган, бироқ тежалган маблағ бўйича рақам тақдим этмаган.

Тежалган маблағларнинг айнан қайси йўналиш ёки дастурга ўтказилгани ҳақидаги саволга ҳам аниқ жавоб берилмади. Агентлик жавобида ижтимоий ёрдамни манзиллаштириш, бюджет устуворликлари ва ижтимоий суғурта тизимини ривожлантириш ҳақида умумий тушунтиришлар берилган. Аммо қанча маблағ тежалгани ва ўша пулнинг қайси дастурга қанча миқдорда йўналтирилгани кўрсатилмаган.

Расмий муносабатда туғилишлар камайиши фақат Ўзбекистонга хос эмаслиги қайд этилган. Бунга урбанизация, аёлларнинг таълим ва меҳнат бозоридаги иштирокининг ошиши, никоҳ ёшининг кечикиши, яшаш харажатларининг ўсиши ҳамда уй-жой ва бола парвариши билан боғлиқ иқтисодий босимлар таъсир қилаётгани айтилган.

Шунингдек, Жанубий Корея ва Япония тажрибаси келтирилган. Агентликнинг ёзишича, бу давлатларда катта миқдордаги бир марталик ва доимий тўловлар жорий қилинган бўлса-да, «туғилишни барқарор оширишга эришилмади».

Аксинча, Франция ва Швеция тажрибаси мисолида болалар боғчалари, ота-оналик таътили, солиқ имтиёзлари ҳамда иш ва оила ҳаёти ўртасидаги мувозанат каби узоқ муддатли чоралар самаралироқ экани таъкидланган.

Шундан келиб чиқиб, агентлик бир марталик «суюнчи пули»ни демографик сиёсатнинг асосий воситаси деб ҳисобламаяпти. Расмий муносабатда бу тўлов «ижтимоий қўллаб-қувватлашнинг рамзий шакли бўлиши мумкин, аммо демографик қарорларга таъсири чекланган» дея баҳоланган.

Агентликнинг умумий позицияси шундан иборатки, ижтимоий ҳимоя тизими универсал тўловлардан кўра эҳтиёжманд оилаларга йўналтирилган манзилли ёрдамга ўтиши керак. 

«Ижтимоий ҳимоянинг самарадорлиги маблағларни оммавий равишда тарқатишда эмас, балки ресурсларни эҳтиёжманд қатламларга аниқ йўналтириш, адолатли тақсимлаш ва ҳар бир инсон учун ишончли ижтимоий кафолатлар яратишда намоён бўлади», — деб Vaqt.uz’га ёзмоқда. 

Агентликка кўра, айнан шу ёндашув давлатнинг ижтимоий масъулияти ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган сиёсатининг узоқ муддатли натижа беришига хизмат қилади.

2027-йилда «суюнчи пули» қайтариладими?

Агентлик Vaqt.uz’га 2027-йилда «суюнчи пули»ни тўлиқ тиклаш ташаббуси ҳозирча илгари сурилмаётганини билдирган. Бунинг сабаби сифатида ижтимоий ёрдамни манзиллаштириш сиёсати, бюджет устуворликлари ва ижтимоий суғурта механизмларини босқичма-босқич ривожлантириш кўрсатилган.

Яъни, ҳозирги сиёсат барча оилаларга бир хил тўлов беришдан кўра, даромади паст ва ёрдамга муҳтож оилаларни аниқлаб, маблағни шу қатламга йўналтиришга асосланган.

Агентликнинг фикрича, давлатнинг мақсади туғилишни «сунъий равишда рағбатлантириш» эмас, балки оилалар учун барқарор иқтисодий шароит яратиш, ишлаётган аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, кам таъминланган оилаларни манзилли қўллаб-қувватлаш ва ижтимоий ҳимоя тизимини кучайтиришдан иборат.

Шундай қилиб, агентлик «суюнчи пули»ни тўлиқ қайтариш ҳозирча режалаштирилмаётганини билдирди. Аммо тўловни қисқартириш натижасида қанча маблағ тежалгани ва бу маблағнинг айнан қаерга йўналтирилгани ҳақидаги саволлар очиқ қолди.

«Ижтимоий давлат» тамойили, аввало, одамлар ёрдамга энг кўп муҳтож бўлган пайтда синалади. Туғилишлар камайиб, демографик вазият тобора мураккаблашаётган бир шароитда оилаларни қўллаб-қувватлаш чораларини қисқартириш эса бу тамойилга нисбатан саволларни кучайтиради. Айниқса, тежалган маблағлар миқдори ва уларнинг қаерга йўналтирилгани очиқ айтилмаса, давлат сиёсатининг мақсади ва самарадорлигига ишонч сусаяди.

Бюджетни тежаш муҳим, бироқ бу ижтимоий қўллаб-қувватлашни қисқартириш ёки оилалар манфаатини иккинчи ўринга суриш ҳисобига бўлмаслиги керак. Акс ҳолда, «ижтимоий давлат» тамойили амалий сиёсатдан кўра навбатдаги чиройли шиор бўлиб қолаверади. 

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 184

Barchasi

Mavzuga oid

«Суюнчи пули»: туғилишлар қисқараётган пайтда уни барча фарзандларга тўлиқ тиклаш вақти келмадими? | Vaqt.uz