Ақл тишлари нега жағимизга сиғмайди? Биолог нега инсонларда ақл тишлари борлигини тушунтирди
Ақл тишлари шунчаки стоматологга боришдаги ёқимсиз ҳолат эмас. Улар инсон эволюцияси давомида танамиз қандай ўзгарганини кўрсатади.

Бугунги кунда ёшлар орасида энг кўп учрайдиган жарроҳлик амалиётларидан бири — айнан шу ақл тишларини олиб ташлаш. Бу бир қарашда ғалати туюлиши мумкин, чунки инсон мияси тез ривожлангани сари жағларимиз кичрайиб борган ва бу тишларга жой қолмаган.
Кўпчилик ўйлаганидек, ақл тишлари «нотўғри яратилган» эмас. Аксинча, улар — бизнинг аждодларимиздан қолган мерос. Илгариги одамларда жағлар каттароқ бўлган ва бу тишлар озуқани чайнашда муҳим роль ўйнаган.
Нима учун улар ҳали ҳам сақланиб қолгани ва баъзан нега олиб ташланиши кераклигини тушуниш учун инсон эволюциясини — қадимги даврлардан то ҳозирги замонавий стоматологиягача бўлган жараённи кўриб чиқиш керак.
Инсонларда нима учун ақл тишлари ўсади?
Ақл тишлари нима учун керак бўлганини тушуниш учун қадимги инсонлар нима билан озиқланганини кўриб чиқиш керак. 2006-йилда «Journal of Human Evolution» журналида чоп этилган тадқиқотда юқори аниқликдаги сканерловчи электрон микроскопия ёрдамида қадимги инсон аждодларининг чайнаш тишларидаги микроскопик едирилиш излари ўрганилган.
Тадқиқот натижалари шуни кўрсатдики, улар аниқ бир турдаги овқатга ихтисослашмаган. Аксинча, мавсум ва муҳитга қараб турли хил озуқаларни истеъмол қила олган универсал жонзотлар бўлган.
Энг муҳим жиҳатлардан бири — «захира озуқалар» тушунчасидир. Бу — озуқа камайган ёки қийин шароитларда истеъмол қилинган қаттиқ, толали ва чайнаш қийин бўлган маҳсулотлардир. Масалан, илдизмевалар, қаттиқ уруғлар ва дағал ўсимликлар.
Ақл тишлари айнан шундай озуқаларни чайнашда муҳим рол ўйнаган. Улар кенг чайнаш юзаси ва қалин эмалга эга бўлиб, қаттиқ овқатларни майдалашга ёрдам берган.
Шу сабабли, қадимги инсон аждодларининг жағлари оғир шароитларга мослашган. Ақл тишлари эса оддий овқат топилмаган пайтларда ҳам озиқланиш имконини берувчи муҳим «захира восита» вазифасини бажарган.
Нима учун ақл тишлари ҳали ҳам чиқмоқда?
Агар ақл тишлари ҳозирги тузилишимизга мос келмаса, нима учун эволюция уларни бутунлай йўқ қилмади? Жавоб генетика ва вақт билан боғлиқ.
Тиш ривожланишини бошқарадиган генлар фақат тиш учун жавобгар эмас. Улар юз ва жағнинг умумий шаклланишида ҳам иштирок этади. Ақл тишини йўқотадиган мутациялар кўпинча бошқа аъзоларда ҳам муаммо туғдиради. Масалан, баъзи генлардаги ўзгаришлар ичак саратони хавфини ошириши аниқланган.
Бундан ташқари, ақл тишлари одатда ўсмирликдан кейин чиқади — бу тарихан инсонлар кўпайишни бошлайдиган ёшдир. Ақл тиши билан боғлиқ муаммолар одатда одам фарзанд кўриб бўлгунига қадар уни ўлдирмаган. Шунинг учун табиий танланишда бу тишларни йўқ қилиш учун кучли босим бўлмаган.
Шундай бўлса-да, эволюция секинлик билан давом этмоқда. Ҳозирда ақл тишлари умуман чиқмайдиган одамлар сони дунё бўйлаб 9 фоиздан 30 фоизгача етади.
Эволюция ақл тишларини йўқ қиладими?
Ақл тишлари — бу «эволюцион орқада қолиш»нинг яққол намунасидир. Улар аждодларимиз учун фойдали бўлган, аммо миянинг ўсиши ва овқатланиш тарзининг ўзгариши туфайли ўз аҳамиятини йўқотган.
Эволюциянинг келажакни кўра билиш қобилияти йўқ. У овқат пишириш ёки қишлоқ хўжалиги каби маданий ўзгаришларга худди шундай тезликда жавоб бера олмайди.
Бу шуни англатадики, биология уддалай олмаган ишни баъзан тиббиёт бажаришига тўғри келади. Бизнинг жағларимиз учун жуда тез ўсган миямиз, айнан ўша жағлардаги муаммоларни ҳал қилиш учун ҳам хизмат қилмоқда. Бунда ўзига хос мантиқий якун бор.