Эрон нефтдан икки баробар кўпроқ даромад қиляпти
Эрон уруш ва санкцияларга қарамай нефт савдосидан кунига олинадиган даромадини икки бараварга оширди.

Яқин Шарқда бешинчи ҳафтадан буён давом этаётган ҳарбий кампания парадоксал натижа берди: минтақадаги бошқа давлатлар логистикадаги узилишлар сабаб даромадларини йўқотиб бораётган бир пайтда, Эрон нефт сотувидан кунига оладиган даромадини деярли икки бараварга оширди. АҚШ ва Исроил томонидан кенг кўламли бомбардимонларга қарамай, Теҳрон ўз инфратузилмасини мослаштириб, молиявий ҳисоб-китобларни Осиёга кўчирди ва тизимга Хитойнинг нефт қайта ишлаш корхоналарини жалб қилди. Бу ҳақда «The Economist» ёзмоқда.
Қўшнилар зарари ва Теҳроннинг рекорд даромадлари
28-февралда бошланган Форс кўрфазидаги учинчи уруш Яқин Шарқ монархияларининг арзон энергия ресурсларининг ишончли етказиб берувчиси сифатидаги обрўсига жиддий зарба берди. Ҳўрмуз бўғозининг амалда ёпилиши туфайли жаҳон нефтининг тахминан 15 фоизи блокланиб, истеъмолчиларга етиб бора олмаяпти. Минтақадаги барча давлатлар нефт қазиб олишни кескин қисқартиришга мажбур бўлди, бу эса уларнинг экспорт тушумлари кескин пасайишига олиб келди. Ягона истисно – Эрон бўлди.
Нашр манбаларига кўра, ҳозирда мамлакат кунига 2,4–2,8 миллион баррел нефт ва нефт маҳсулотларини экспорт қилмоқда (шундан 1,5–1,8 миллион баррели нефт хомашёси ҳиссасига тўғри келади). Бу кўрсаткич ўтган йил ўртача даражасига мос ёки ҳатто ундан юқори. Жаҳон нархларининг ўсиши туфайли Теҳроннинг кунлик тушуми ҳозир уруш бошланишидан олдинги даврга нисбатан деярли икки бараварга ошган. Бу маблағларнинг асосий қисми Ислом инқилоби қўриқчилари корпусини молиялаштиришга йўналтирилмоқда. Эрон нефт тизими учта асосга таянади: сотувчилар тармоғи, ҳарбийлаштирилган логистика ва соя банк тизими.
Олигархик назорат ва децентрализация
Расман экспортни Эрон Миллий нефт компанияси бошқарса-да, амалда нефть ликвидлик манбаи сифатида қўлланиб, уни сотиш квоталари турли идоралар – Ташқи ишлар вазирлигидан тортиб полиция ва диний жамғармаларгача – ўртасида тақсимланади. Бу тизимни тахминан 20 нафар олигарх назорат қилади.
Асосий шахслардан бири Ҳусейн Шамханий (марҳум Али Шамханийнинг ўғли, у илгари Эрон Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари бўлган) ҳозир савдо ва денгиз ташувлари империясини бошқаради. Нефт бизнесига шунингдек Мўжтабо Хоманаий (урушнинг биринчи куни ҳалок бўлган олий раҳбарнинг ўғли ва вориси) ҳамда етакчи ислом ҳуқуқшуноси Ғолам-Ҳусайн Моҳсений-Эжэийнинг қариндошлари ҳам жалб қилинган.
«Vortexa» таҳлилчиси Эмма Ли маълумотига кўра, экспортнинг сўнгги ўсиши ортида ўз нефт конларига эга бўлган Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси турибди. Катта ҳажмдаги хомашёни, шунингдек, март ойида Мўжтабо Хоманаийнинг ҳарбий маслаҳатчисига айланган собиқ Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси бош қўмондони Моҳсен Резоийнинг ўғли ва куёви сотмоқда. Бундан ташқари, корпуснинг халқаро қаноти «Ал-Қудс» бўлинмаси Эрон нефть қазиб олишининг 25 фоизини бевосита назорат қилади. Бундай децентрализован тузилмани фақат ҳаво зарбалари билан издан чиқариш деярли имконсиз.
Ҳарбийлаштирилган денгиз ташуви ва санкциялардан айланиб ўтиш
Тизимнинг иккинчи таянчи логистика бўлиб, уни Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси тўлиқ назоратга олган. Расман хусусий бўлган, аммо АҚШ санкцияларига тушган ва воситачи тузилмалар сифатида фаолият юритадиган компаниялар («Sahand», «Sahara Thunder», «Pasargad», «Admiral» ва «Persian Gulf Petrochemical Company») юк ташувларнинг катта қисмини «National Iranian Oil Company» билан бирга мувофиқлаштиради. Бир танкердаги нефт қиймати 150–200 миллион долларга етиши мумкин, бу эса ташувчи кеманинг ўзи қийматидан 5–10 баробар юқори.
Эрондаги асосий экспорт терминали Харг оролида жойлашган бўлиб, одатда нефт хомашёсининг 90 фоизи шу ердан юклаб жўнатилади. Ҳозир у фавқулодда режимга ўтказилган. Энг узоқда жойлашган Т-симон причалда кемалар ҳужум бўлган тақдирда дарҳол арқонларни узиб, буксирларсиз узоқлашишга тайёр ҳолатда туради. «Азарпад» номли йирик причалдан фойдаланиш хавфсизлик сабаблари билан қисқартирилган. АҚШ оролдаги ҳарбий объектларни бомбардимон қилган ва уни эгаллаш билан таҳдид қилгани сабабли, корпус захира чораларини тайёрлаб қўйган. АҚШнинг Эрон бўйича собиқ махсус вакили Ричард Нефю баҳосига кўра, кичик терминаллар (Жаск, Лаван, Сирри) ҳозир рекорд захираларни тўпламоқда ва максимал юкламада Харг қувватининг 25 фоизигача ўз зиммасига олиши мумкин.
Ҳўрмуз бўғозидан ўтиш учун корпус қатъий протокол жорий этган: кема ҳақидаги барча маълумотлар олдиндан ҳарбийларга узатилади, махсус парол берилади, шундан сўнг танкерлар бўғознинг марказидан эмас, балки қирғоқ бўйлаб тор йўлак орқали корпус катерлари кузатувида ҳаракатланади. «Lloyd's List» маълумотларига кўра, айрим танкерлардан бир неча миллион доллар миқдорида тўлов ундирилади.
Хитой бозори ва яширин ҳисоб-китоблар
Эрон нефтининг 90 фоиздан ортиғи охирги манзил сифатида Хитойга етказилади. Уни Хитойнинг Шандун провинциясида жойлашган тахминан 100 та кичик мустақил нефт қайта ишлаш заводлари («самоварлар») сотиб олади. Қоғозда улар Хитойнинг давлат гигантларидан мустақил кўринади, чунки улар АҚШ санкцияларидан чўчийди, аммо амалда вазият бошқача. Масалан, «Shandong Shouguang Luqing Petrochemical» компанияси йиллар давомида камида 500 миллион долларлик Эрон нефтини харид қилган ва давлат корпорациялари билан учта қўшма корхонада улушга эга.
Урушдан олдин «Iranian Light» маркали Эрон нефти «Brent» эталонига нисбатан баррели учун 18–24 доллар арзон сотилган. Ҳозир эса Форс кўрфазидаги танқислик сабаб бу дисконт 7–12 долларгача қисқарган. Малайзия орқали логистика харажатлари ҳисобга олинганда, ҳозир Эрон нефти Хитой учун «Brent»дан ҳам қимматга тушмоқда. Шу билан бирга, Brentнинг асосий нархлари ҳам кескин ошган: бир неча ойдан кейин етказиб бериладиган иран нефти фючерслари 104 долларга етган — бу урушдан олдинги даражадан 75 фоиз юқори.





