Уруш глобал иқтисодиётга босимни кучайтирмоқда

Bugun 17:452 daqiqa

Яқин Шарқдаги можаро ва энергетика бозоридаги инқироз фонида жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари секинлашиб, инфляция босими кучаймоқда. Иқтисодчилар бу ҳолат айрим давлатларни рецессия ёқасига олиб келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Уруш глобал иқтисодиётга босимни кучайтирмоқда

Жаҳон иқтисодиётида ўсиш суръатлари пасайиши ва инфляция босими кучайиши кузатилмоқда. Энергия бозоридаги беқарорлик ҳамда Эрон атрофидаги геосиёсий зиддиятлар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларига жиддий таъсир ўтказмоқда. Бу ҳақда Bloomberg хабар берди.

«S&P Global» томонидан Австралиядан Европа давлатларигача ўтказилган PMI сўровлари май ойида заводлар фаоллиги секинлашганини кўрсатди.

Энг кучли салбий таъсир Европа иқтисодиётида кузатилмоқда. Айниқса, Франциядаги иқтисодий кўрсаткичлар кескин ёмонлашган бўлса, Германияда ҳам саноат фаоллиги қисқариш босқичига кирган. Евроҳудудда бизнес фаоллиги сўнгги икки ярим йилдаги энг паст даражага тушгани қайд этилган.

Таҳлилчилар фикрича, энергия нархларининг ошиши ва таъминот занжирларидаги муаммолар компанияларни қийин аҳволга солмоқда. Корхоналар харажатларни ўз зиммасига олиш ёки маҳсулот нархини ошириш орқали истеъмолчиларга юклаш ўртасида танлов қилишга мажбур бўлмоқда.

«Royal London Asset Management» иқтисодчиси Мелани Бейкер Европа иқтисодиёти техник рецессияга кириши мумкинлигини айтди. Унинг фикрича, ҳозирги вазиятда стагфляция белгилари сезилмоқда — иқтисодий ўсишнинг секинлашиши ва юқори инфляция бир вақтнинг ўзида юз бераётган ҳолат давом этмоқда.

«S&P Global» иқтисодчиси Аннабел Фиддес ҳам харажатлар босими ортиб бораётганини таъкидлади. Агар талаб пасайса ва харажатлар ошишда давом этса, бизнес ишончи ҳамда умумий иқтисодий фаоллик янада ёмонлашиши мумкин.

Инфляция босими

Сўнгги кунларда глобал молия бозорларида ҳам босим кучайди. Инвесторлар инфляция узоқ вақт юқори даражада қолиб кетишидан хавотирда. Шу сабаб давлат облигациялари оммавий сотилмоқда.

Натижада АҚШ ва Европа давлатларида узоқ муддатли облигациялар даромадлилиги сўнгги йигирма йилдаги энг юқори нуқтага чиқди. Бу эса бозор иштирокчилари фоиз ставкалари яна ошишини кутаётганини англатади.

Марказий банклар эса оғир танлов олдида турибди. Агар улар инфляцияни тўхтатиш учун ставкаларни оширса, иқтисодий ўсиш янада секинлашиши мумкин. Агар ставкалар оширилмаса, нархлар назоратдан чиқиши хавфи бор.

Европа Марказий банки ва АҚШ Федерал захира тизими айнан шу дилемма билан юзлашган. Бельгия Марказий банки раҳбари Пьер Вунш уруш яқин вақтда тугамаса, июнь ойида яна фоиз ставкалари оширилиши эҳтимоли юқори эканини билдирд

Осиё ҳозирча барқарорроқ

Ҳиндистон ва Япония иқтисодиётлари ҳозирча нисбатан барқарор кўринмоқда. PMI кўрсаткичларига кўра, ушбу давлатларда ишлаб чиқариш ҳали ҳам ўсишда давом этмоқда. Аммо суръатлар аввалги ойларга нисбатан пасайган.

Японияда компаниялар ҳозирча захира тўплаш ҳисобига ишлаб чиқаришни ушлаб турибди. Бироқ энергия харажатлари бу ерда ҳам катта муаммога айланмоқда.

Ҳозир иқтисодчиларни энг кўп хавотирга солаётган масала — Яқин Шарқдаги можаро қанча давом этиши. Агар уруш узоққа чўзилса ва энергия таъминотида узилишлар бошланса, бу нафақат Европа, балки бутун жаҳон иқтисодиётини рецессияга олиб кириши мумкин.

Teglar

Mavzuga oid