Ҳегсет ва шубҳали инвестициялар: уруш олдидан миллионлаб долларлик ҳаракатлар

Bugun 15:254 daqiqa

Уруш олдидан йирик сармоялар ва бозордаги ғалати ҳаракатлар — FT текшируви нимани кўрсатди? АҚШ ҳарбий идораси бу воқеани «тўлиқ ёлғон ва ўйлаб топилган» деб атади.

Ҳегсет ва шубҳали инвестициялар: уруш олдидан миллионлаб долларлик ҳаракатлар

АҚШ мудофаа вазири Пит Ҳегсетнинг брокери Америка–Исроил томонидан Эронга қарши зарба берилмасидан бир неча ҳафта олдин етакчи мудофаа компанияларига йирик инвестициялар киритишга уринган, деб хабар берди «Financial Times(FT)» манбаларга таяниб.

Нашрнинг қайд этишича, бу маълумотлар Доналд Трампнинг муҳим сиёсий қарорлари арафасида шубҳали даражада ўз вақтида амалга оширилган инвестициялар бўйича эътибор кучайган бир пайтда эълон қилинган.

Ҳегсетнинг брокери биржа фонди ва сармоя компаниясига алоқага чиққан

«FT» материалида уч манбага таяниб хабар берилишича, 2026-йил феврал ойида, АҚШнинг Эронга ҳужуми арафасида, Ҳегсетнинг «Morgan Stanley»даги брокери «BlackRock» инвестиция компанияси билан унинг «Defense Industrials Active» биржа фонди (ETF)га кўп миллионли сармоя киритиш имкониятини муҳокама қилиш учун алоқага чиққан. Ушбу фонднинг йирик активлари қаторига жанг маълумотларини таҳлил қилиш ечимларини тақдим этувчи «Palantir Technologies», шунингдек, мудофаа конгломератлари «RTX Corporation», «Lockheed Martin» ва «Northrop Grumman» киради. Бу компаниялар учун Пентагон асосий буюртмачи ҳисобланади.

«FT» маълумотига кўра, битим якунда амалга ошмаган, чунки 2025-йил май ойида ишга туширилган мазкур «ETF» акциялари ўша пайтда ҳали «Morgan Stanley» мижозлари учун сотиб олишга мавжуд эмас эди. Газета брокер Ҳегсет номидан инвестиция қарорларини қабул қилишда қанчалик мустақил бўлгани, шунингдек, вазирнинг ўзи бу ҳаракатлардан хабардор бўлган-бўлмаганига аниқлик киритмаган. «BlackRock» ва «Morgan Stanley» изоҳ беришдан бош тортган.

Пентагон расмий вакили Шон Парнелл «X» ижтимоий тармоғида бу воқеани «тўлиқ ёлғон ва ўйлаб топилган» деб атаб, раддия талаб қилди.

«На вазир Ҳегсет, на унинг вакилларидан бирортаси бундай инвестициялар юзасидан «BlackRock»га мурожаат қилган», – дея таъкидлади Парнелл.

Пентагоннинг ҳозирги раҳбари нимаси билан машҳур?

Ҳегсет – «Fox News»нинг собиқ телешарҳловчиси – Эронга қарши уруш ғоясининг асосий тарафдорларидан бири ҳисобланади. У Доналд Трамп маъмуриятида Ислом Республикасига қарши ҳарбий кампаниянинг энг фаол қўллаб-қувватловчиларидан бири сифатида кўп маротаба чиқиш қилган ва АҚШнинг ҳарбий қудратини намоён этишни таъкидлаб келган, деб ёзади «Financial Times». Нашр қайд этишича, Трамп аввалроқ Ҳегсетни миллий хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи атрофидаги шахслар орасида урушни бошлашни биринчи бўлиб лобби қилган инсон сифатида тилга олган.

Трамп давридаги ғайриоддий ставкалар

«Reuters» 30-март куни молия бозорлари ва прогноз платформалари «Polymarket» ва «Kalshi»даги юқори даромадли операциялар сериясига эътибор қаратди. Ушбу операциялар АҚШнинг амалдаги президенти Доналд Трампнинг кутилмаган қарорларидан олдин содир бўлган ва эҳтимол Оқ уйдан маълумотлар сизиб чиқиши билан боғлиқ бўлиши мумкин:

— Нефт бозори (2026-йил март): Трамп Эроннинг энергетика инфратузилмасига зарбаларни беш кунга кечиктиришини эълон қилишидан бироз олдин, номаълум шахслар бир дақиқа ичида «Brent» ва «WTI» нефт фючерсларида 500 млн долларлик позициялар очган. Эълондан кейин нефт нархлари 15 фоизга тушиб кетган.

— Ғазначилик облигациялари ва прогноз бозорлари (2026-йил феврал): Эроннинг собиқ олий раҳбари Али Хоманаий авиаҳужум оқибатида ўлдирилишидан олдин, трейдерлар «Polymarket» ва «Kalshi» платформаларида унинг тез орада лавозимдан кетишига йирик ставкалар қилган. Шу билан бирга, қарз бозорида капиталнинг «ҳимоя активлари»га ноодатий оқими кузатилган: кутилгандан юқори инфляцияга қарамай, 27-феврал куни инвесторлар 10 йиллик АҚШ давлат облигацияларини оммавий равишда сотиб олган.

— Венесуэла кейси (2026-йил январ): Номаълум трейдер «Polymarket»да Венесуэла президенти Николас Мадурони ҳокимиятдан четлатишга оид контрактларни олдиндан сотиб олиб, тахминан 410 минг доллар фойда қилган. Бозор бундай сценарий эҳтимолини паст баҳолаган, аммо 3-январ куни Каракасда АҚШ махсус операцияси ҳақидаги хабарлардан кейин контрактлар қиймати кескин ошиб кетган.

— Опционлар бозори (2025-йил апрел): Трамп божларни тўхтатиш ҳақида баёнот беришидан бир неча дақиқа олдин номаълум трейдерлар АҚШ фонд бозорининг ўсишига доир колл-опционларга 2,14 млн доллар сармоя киритган. «S&P 500» индекси 9,5 фоизга ўсганидан кейин улар 21 млн доллардан ортиқ «қоғоздаги» фойда қайд этган.

Мудофаа акциялари билан нима бўлди?

Эронда уруш бошланган 28-февралдан буён Европадаги қурол ишлаб чиқарувчилар акциялари индекси «STOXX Europe Targeted Defence» 10 фоиздан ортиқка пасайган. Шу даврда АҚШдаги «Dow Jones U.S. Aerospace & Defense» индекси йўқотишлари 13 фоиздан ошиб кетган.

«Reuters»нинг ёзишича, бу ҳолат инвесторларнинг позициялари ҳаддан ташқари «юкланиб кетгани» билан изоҳланади. Кучли бозор силкинишлари пайтида инвестиция фондлари рискларни тез камайтириш ва нақд пулга чиқиш учун активларни автоматик равишда сота бошлайди. Улар активларни танлаб сотиш ўрнига, портфелдаги барча позицияларни мутаносиб қисқартиради. Шу сабабли аввал энг кўп ўсган акциялар энг катта сотув босимига учрайди.

Бу эса геосиёсий можаролардан энг катта фойда олиши керак бўлган мудофаа сектори акциялари нега парадоксал равишда Эрон уруши даврида тушиб кетганини тушунтириб беради, деб қайд этади агентлик.

Teglar

Mavzuga oid