
Илк ўзбек 3D мультфилми Туркия телеканалида эътироф этилди
25 декабрдан «Сеҳрландия: қаҳрамонлик миссияси» мултфилми намойиши бошланади.
Ўзбекистондаги барча кинотеатрларда 25 декабрдан 3D технологиясида суратга олинган биринчи тўлиқ метражли анимацион мултфилм — «Сеҳрландия: қаҳрамонлик миссияси» намойиши бошланади.
5 ёшдан катта болаларга мўлжалланган мултфилм Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги ҳузуридаги Болалар контентини ривожлантириш маркази буюртмасига биноан Lola Animation студияси томонидан суратга олинган.
Туркиянинг нуфузли TRT Avaz телеканали филм ҳақида махсус репортаж тайёрлаб, унда ўзбек аниматорларининг профессионал маҳорати, юқори сифатли графика ва мазмунли ғоялар алоҳида таъкидланди. Хорижий экспертлар филмни минтақавий анимация бозорида рақобатбардош маҳсулот сифатида баҳоламоқда.
Болалар контентини ривожлантириш марказига кўра, мултфилмнинг мақсади болаларга дўстлик, ўзаро қўллаб-қувватлаш, меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик каби қадриятларни сингдиришдан иборат.
Филм премерасига қадар мерч тўплами — китоб, раскраска, қаҳрамонлар образидаги ўйинчоқлар, Рубик кубиги, қулоқчинлар ва бошқа товарлар сотувга чиқарилади. Марказнинг таъкидлашича, у Disney, Pixar ва DreamWorks каби компаниялар тажрибаси асосида ишлаб чиқилган.





