Дам олиш кунлари Ўзбекистонда ҳарорат +44 даражагача исийди
Ўзгидромет дам 27-28-июн кунлари республика бўйлаб кузатиладиган об-ҳаво маълумотларини эълон қилди.
© Vaqt.uz | Javhar Chorshanbiyeva27-28-июн кунлари Ўзбекистон бўйлаб ҳаво ҳарорати +44 даражагача кўтарилади. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.
Маълумотларга кўра, жума куни кундузи Ўзбекистон ҳудудининг катта қисмида ҳаво бироз булутли, баъзи жойларда ўзгарувчан бўлади, ёғингарчилик кутилмайди, фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.
Эртага, 27-июн куни фақат Тошкент вилояти ва Фарғона водийси вилоятларида айрим жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади.
28-июнда республиканинг шимоли-ғарбий ҳудудларида беқарор об-ҳаво бўлиши кутилмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади, айрим жойларда кучли бўлади. Республиканинг қолган ҳудудларида ёғингарчилик кутилмайди.
Шамол секундига 7-12 метр тезликда эсади, баъзи жойларда 13-18 метргача кучаяди, шимолда ва чўл ҳудудларда баъзида 20-22 метргача кучайиши, айрим жойларда чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.
Кундузги ҳаво ҳарорати кўпчилик вилоятларда бугун ва дам олиш кунлари +35...+40 даража атрофида, якшанба куни баъзи жойларда +42 даражагача, жанубда +43...+44 даражагача бўлади. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида ҳарорат асосан кундузи +32...+37 даража, якшанба куни Қорақалпоғистон Республикаси шимолида +23...+28 даражагача пасаяди.
Республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида вақти-вақти билан қисқа муддатли ёмғир ёғади, момақалдироқ кузатилади. Сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.
Тошкентда жума куни кундузи ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат +37...+39 даража бўлади. Шанба куни қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат кундузи +38...+40 даража бўлади.
Якшанба куни ёғингарчилик кутилмайди. Ҳарорат кундузи +39...+41 даража бўлади. Ҳарорат асосан кечалари +23...+26 даража бўлади. Шамол шарқдан секундига 3-8 метр тезликда эсади, вақти-вақти билан 10-12 метргача кучаяди, шаҳарнинг айрим жойларида чанг-тўзонлар билан кузатилиши мумкин.





