Суриядаги ўзгаришлар Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдид соладими?

Bugun 16:453 daqiqa

Суриядаги кескин ўзгаришлар фонида ўзбек ва марказий осиёлик жиҳодчиларнинг минтақа чегаралари томон сурилиши ҳақидаги хабарлар яна кун тартибига чиқди. «Толибон» берган ваъдалар Ўзбекистон тинчлигини кафолатлай оладими? Vaqt.uz мухбири Сурия ва Афғонистондаги янги геосиёсий воқеликнинг Ўзбекистон миллий хавфсизлигига таъсири борасида таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрлари билан қизиқди.

Суриядаги ўзгаришлар Марказий Осиё хавфсизлигига таҳдид соладими? © vaqt.uz

Сурияда Башар Асад режими қулаши ортидан у ердаги жангари гуруҳлар, хусусан, марказий осиёлик ва ўзбек контингентининг Афғонистон томон сурилиш эҳтимоли ҳақидаги хавотирлар кучаймоқда. Vaqt.uz мухбири Яқин Шарқдаги бу янги геосиёсий вазият фонида Ўзбекистон ўзининг миллий хавфсизлигини таъминлаш учун қандай прагматик позицияни эгаллаши ва Тошкент томонидан кечиктириб бўлмайдиган қандай превентив (олдини олувчи) чоралар кўрилиши лозимлиги борасида сиёсатшунос Камолиддин Раббимов фикрлари билан қизиқди.

Афғонистондаги барқарорлик ва «Толибон» кафолати

Сиёсатшуноснинг эслатишича, Афғонистонда узоқ муддат — 2001 йилдан 2021 йилгача ҳам фуқаролар уруши, ҳам АҚШ бошчилигидаги коалициянинг «Толибон» ҳаракатига қарши ҳарбий ҳаракатлари боис беқарор давлат бўлиб қолди. Бироқ, ҳокимиятга «Толибон» келгач, ўз ҳамкорлари ва иттифоқчилари олдига бир шарт қўйган.

«Толибон бошқаларга: сизлар Афғонистон ҳудудида бизга байъат (қасамёд) бергансиз. Биз эса Марказий Осиё давлатларига Афғонистон ичидан туриб ташқи дунёга ҳеч қандай таҳдид бўлмаслиги борасида ваъда берганмиз. Шунинг учун бундан буён нимаики иш қилмоқчи бўлсангиз, фақат бизнинг рухсатимиз билан қиласиз», деган мажбурият юклатилди.

Шу нуқтаи назардан, бугунги кунда «Толибон» назорат қилаётган Афғонистондан Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таҳдид бўлмаслиги керак ва бунга тегишли кафолатлар берилган. Агар Суриядан кимдир Афғонистонга киришга уринса, «Толибон» вазиятни тўлиқ назорат қила олади», – деди Раббимов.

Суриядаги янги ҳукумат ва ИШИД потенциали

Таҳлилчига кўра, бугун Сурияда ҳам трансформация жараёни бошланган.

«Башар Асад даврида у ерда ҳокимият вакууми мавжуд эди. Муҳаммад ал-Башир (ал-Жоланий) ҳукумати келганидан кейин эса Суриянинг барча ҳудудларини, жумладан, курдлар назоратидаги ерларни ҳам босқичма-босқич тўлиқ давлат назоратига олиш сиёсати юритилмоқда. У ердаги йирик жангари гуруҳлар таркибида этник ўзбеклар ёки марказий осиёликлар борлиги кундек равшан. Фикримча, улар Афғонистонда ёки Сурияда аввалгидек муваффақиятга эриша оладиган потенциалга эга эмас. Шу боис Суриядаги вазият босқичма-босқич барқарорлашиб боради», — деди Раббимов.

Ўзбекистоннинг репрессиядан холи янги позицияси

Камолиддин Раббимов интервю давомида геосиёсий ўзгаришлар фонида Ўзбекистон позициясига ҳам тўхталар экан, ҳукумат шу пайтгача «Меҳр-1» ва «Меҳр-2» каби инсонпарварлик операцияларини муваффақиятли амалга оширган. Яъни ўша жангариларнинг оилалари, аёллари ва фарзандларини Ўзбекистонга қайтариб, уларни жамиятга интеграция қилди.

«Шу боис бугунги Ўзбекистон аввалги даврлардагидек диний гуруҳларга нисбатан фақат репрессив сиёсат юритиш йўлидан бормаяпти. Агар улар тинчлик шароитида яшашни ва жамиятга мослашишни қабул қилсалар, Ўзбекистоннинг эшиклари улар учун очиқ экани ҳақида аниқ сигналлар берилган», дея хулоса қилди Камолиддин Раббимов.

Маълумот учун, Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлиги томонидан жорий йил бошида эълон қилинган ҳисоботга кўра, Афғонистонда турли халқаро террористик ташкилотларга алоқадор 20 мингдан 23 минг нафаргача жангари мавжуд бўлиши мумкин. Уларнинг ярмидан кўпи хорижлик жангарилар сифатида баҳоланган. Ҳисоботда айтилишича, тахминан 3 минг нафар жангари ИШИДнинг Хуросон бўлими таркибига киради. «Теҳрик-и Толибон Покистон» (ТТП) эса 5–7 минг нафар жангаридан иборат деб баҳоланмоқда. «Ал-Қоида»нинг Афғонистондаги иштироки 1,5 минг нафардан ортиқ жангари билан баҳоланган. «Туркистон ислом партияси» (ТИП), шунингдек, «Шарқий Туркистон ислом ҳаракати» (ШТИҲ) номи билан ҳам танилган тузилма таркибида 1,2 минг нафаргача жангари борлиги айтилмоқда. «Ўзбекистон ислом ҳаракати» (ЎИҲ) таркибида 500 нафаргача жангари борлиги хабар қилинган. Тожикистонлик «Жамоат Ансоруллоҳ» (ЖА) гуруҳи эса 250 нафардан ортиқ аъзога эга деб баҳоланган.

Ўз навбатида қирғизистонлик таҳлилчи Уран Ботобеков АҚШ Ички хавфсизлик департаментининг вазифаларини қўллаб-қувватлашга бағишланган нотижорат ташкилот саҳифасида эълон қилинган мақоласида Россия бу таҳдидни минтақавий хавф сифатида кўрсатишга уриняпти дея баҳолаган.

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 88

Barchasi

Mavzuga oid