
70 фоиздан ортиқ аёл мунтазам зўравонликка учраб келган — тадқиқот
Ўзбекистон бўйлаб аёлларга нисбатан зўравонлик ва уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар самарадорлигини ўрганган «Аёллар овози: зўравонликдан реабилитациягача» номли янги тадқиқоти натижалари эълон қилинди.

Ўзбекистон бўйлаб аёлларга нисбатан зўравонлик ва уларга кўрсатилаётган ижтимоий хизматлар самарадорлигини ўрганган «Аёллар овози: зўравонликдан реабилитациягача» номли тадқиқот натижалари эълон қилинди.
Тадқиқот мамлакатнинг барча ҳудудларидан 867 нафар зўравонликка учраган аёллар иштирокида ўтказилган. Унда жисмоний, психологик, жинсий ва иқтисодий зўравонлик шакллари, уларнинг оқибатлари, аёлларнинг ёрдам излаш тажрибаси ҳамда мавжуд ҳимоя механизмларининг амалдаги самарадорлиги чуқур таҳлил қилинган.
Олинган натижаларга кўра, аёлларга нисбатан зўравонлик кўп ҳолларда йиллар давомида такрорланиб келадиган мураккаб муаммо ҳисобланади. Хусусан, аёлларнинг 69 фоизи ҳимоя ордери сўраб мурожаат қилишдан олдин узоқ вақт давомида зўравонликка чидаган. 70 фоиздан ортиқ иштирокчи аёл мунтазам равишда зўравонликка учраб келганини билдирган. Шу билан бирга, 22,9 фоиз аёл ҳаётига бевосита таҳдид қилингани, жумладан пичоқ ўқталиши ёки ўлдиришга уриниш ҳолатларини бошдан кечирганини айтган. Қарийб 20 фоиз аёл мунтазам жинсий мажбурлашга дуч келган.
Зўравонликнинг руҳий саломатликка таъсири айниқса оғир экани қайд этилган. Аёлларнинг деярли тўртдан уч қисми сўнгги ой ичида кучли стресс, асабийлашиш ёки тушкунлик ҳолатларини бошдан кечирган. Кўпчилик ўзини доимий бахтсиз ҳис қилганини айтган бўлса, ҳар бешинчи аёл ҳатто ўз жонига қасд қилиш ҳақида ўйлаганини тан олган.
Тадқиқот болалар масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Аёлларнинг 63 фоизи фарзандлари камида бир марта зўравонлик ҳолатларига гувоҳ бўлганини билдирган, айрим оилаларда эса бу ҳолат деярли ҳар куни такрорланган. Бу эса зўравонлик нафақат аёлларга, балки болалар орқали бутун авлодга салбий таъсир кўрсатаётганини кўрсатади.
Иқтисодий мустақиллик масаласи ҳам ҳал этилмаган муаммо сифатида қайд этилган. Аёлларнинг тўртдан бири умуман даромадга эга эмас, ҳар учинчи аёл эса мавжуд даромадидан мустақил фойдалана олмайди. Бу ҳолат аёлларнинг зўравон муносабатлардан чиқиш имкониятларини жиддий чекламоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистондаги ҳимоя тизими — ҳимоя ордерлари, бирламчи тиббий ёрдам хоналари ва реабилитация марказлари — аёллар томонидан ижобий баҳоланган. Ҳимоя ордери олган аёлларнинг кўпчилигида зўравонлик ҳолатлари тўхтаган ёки сезиларли даражада камайган. Реабилитация марказлари эса хавфсиз муҳит, психологик ва ҳуқуқий ёрдам олиш имконини берган. Айрим аёллар реабилитациядан сўнг зўравон билан қайта яшашдан бутунлай воз кечганини билдирган.
Ҳисобот ижтимоий меъёрлардаги зиддиятларни ҳам очиб берган. Аёллар тенгликка интилса-да, оилада эркак устунлигини оқловчи қарашлар сақланиб қолган. Жумладан, зўравонликка учраган аёлларнинг 27 фоизи бу ҳолатда аёлларнинг ўзи айбдор деган фикрни билдирган. Шу сабабли тадқиқот муаллифлари зўравонликни эрта аниқлаш, иқтисодий мустақилликни кучайтириш ва зарарли ижтимоий меъёрларни ўзгартириш бўйича тизимли чораларни кучайтиришни тавсия қилмоқда.





