Ўзбекистон-Эрон савдоси ва доллар масаласи: элчи нималар деди?
Эроннинг Тошкентдаги элчиси урушга қарамасдан икки давлат орасидаги савдо давом этаётганини айтди. Унга кўра, 2026-йилнинг урушгача бўлган икки ойида ўзаро савдо 40 фоизга ошган.
Бугун, 10-апрел куни Эроннинг Тошкентдаги элчихонасида матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Эрон элчиси Муҳаммад Али Искандарий, кутилганидек, Эроннинг ғалаба қозонганини таъкидлади. Шундай баёнотлар Теҳрондан ҳам янграмоқда. Айни пайтда АҚШ президенти Доналд Трамп ҳам ўз ғалабасини эълон қилган. Иккала томондан ҳам бундай баёнотлар янграши сулҳнинг мўрт экани, уруш яна бошланиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда.
«Энди Трамп, албатта, кетаётганида «мен ғалаба қилдим, мақсадларимга эришдим», деб шовқин-сурон билан кетмоқчи. Америка ўзининг учувчисини қутқариш баҳонаси билан Эронга ҳужум қилди, лекин асл сабаб 450 кг уран эди. Улар бутун дунёни худди Ҳолливуд киноларига ўхшаган манзара деб ўйлашди. Яъни «Delta Force» махсус бўлинмаси Мадурони ўғирлаб кета олган бўлса, Эронга нисбатан ҳам шундай қила оламиз, деб ўйлашди.
Америка бу воқеада шундай қақшатқич зарба едики, бу, албатта, Трампнинг сайловлардаги позициясига таъсир кўрсатмасдан қолмайди. Америка бутунлай янги бир масала билан дуч келди – у атом бомбасига ўхшаган халққа рўпара бўлди. Бу халқ ҳар қандай шароитда матонат билан туради. Улар биринчи марта шуни тушуниб етишдики, агар биз қўлимиздаги барча воситалардан фойдаланишни истасак, фойдалана оламиз. Бизнинг мусулмонлигимиз ёки биродарлигимиз бизнинг заифлигимиз эмас.
Шундай қилиб, Америка хоҳлаб эмас, балки мажбур бўлиб кетяпти. Доллар ва нефт-доллар ҳукмронлиги тугаб боряпти. Американинг олдинги президентлари ақллироқ эди ёки ҳеч бўлмаганда давлат манфаати учун ишлашарди, лекин Трамп ўзининг шахсий манфаатлари учун ишлайди. Айнан унинг мана шундай стратегик хатоси минтақадан кетишига сабаб бўлди», – деди элчи.
Долларнинг роли камайса, қайси валютада савдо қилинади?
VAQT.UZ журналисти элчининг гапидан келиб чиқиб, қуйидаги савол билан Муҳаммад Али Искандарийга мурожаат қилди:
«Нефт ва доллар ҳукмронлиги тугаяпти дедингиз. Бу қачон ва қандай конкрет ўзгаришларда намоён бўлади? Ва агар долларнинг роли камаядиган бўлса, Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги савдо алоқалари қайси валютада амалга оширилади?»
«Мен, албатта, бу тўла тугади демадим, лекин тугаш жараёни бошланди дедим. Бу унинг таъсири бугун-эрта кўринади деганим эмас. Албатта, биз бу йўлда ўзимизнинг ҳаракатимизни қилишимиз керак.
Албатта, бу саъй-ҳаракатни биз бошлаганимиз йўқ, дунёда бу жараён аллақачон бошланган. Чунки доллар ва ўша нефт-доллар ҳукмронлиги бутун дунёнинг давлатларига зарар келтиряпти. Яъни дунёнинг бир қисмини ширасини сўриб, бошқа бир қисмига етказиб беради. Бу дунё учун хавфли.
Бу тизим Иккинчи жаҳон урушидан кейин юзага келган тартибот ва қонун-қоидалар бўйича шаклланган эди. У бугунги дунё учун жавоб бермайди. Бу бизнинг муаммомиз эмас, булар бошқа державаларнинг, жумладан янгидан ўсиб келаётган державаларнинг муаммоси.
Яъни биз ҳаммамиз бу масалада мустақил бўлишга ҳаракат қилишимиз керак. Лекин бу ўзгаришлар бирданига, масалан, бугун-эрта Ўзбекистон ва Эрон иқтисодий муносабатларига таъсир қилмайди», – деди элчи.
Ҳўрмуздан ўтиш нархи ва ўзбек бизнесига таъсири
Сулҳ эълон қилинганидан кўп ўтмай, Эрон томони Ҳўрмуз бўғозидан ўтадиган кемалардан криптовалютада тўлов олиши ҳақида хабарлар пайдо бўлди. «Associated Press», «Bloomberg» ва Эрон парламенти миллий хавфсизлик қўмитаси аъзоси Алауддин Боружердининг маълумотларига кўра, Эрон танкерлардан ўтишда 2 млн доллар ёки бир баррел нефт учун 1 доллар миқдорида тўлов ундирмоқда. Дунёдаги энг йирик танкерлар 1,9–2,2 млн баррел нефт таший олади. Шу ҳисобга кўра, 2 млн барреллик юк учун транзит божи 2 млн доллар атрофида бўлиши мумкин.
Бу тартиб нефт ташимаса-да? бошқа товарларни Бандар Аббос порти орқали экспорт-импорт қилаётган ўзбек бизнеси учун ҳам харажатларни ошириши мумкинми? Агар шундай бўлса, харажатлар қанчалик ортиши мумкин?
«Турли оммавий ахборот воситаларида берилаётган хабарлар ёки таҳлиллар ҳар доим ҳам холис бўлмайди. Уларнинг айримлари бевосита қандайдир ўзларининг мақсадларини, режаларини бошқаларга мажбурлаб ўтказиш мақсадида қилинган бўлади.
Бизнинг Ўзбекистон билан савдомиз умуман ҳали тўхтагани йўқ. Ҳеч қандай товар ҳам қимматлашгани йўқ. Биз ҳеч қандай нархни кўтарганимиз йўқ. Ўзбекистон учун қачон ёрдам керак бўлса, ўша транзит йўлларида биз ҳеч қачон бундан воз кечганимиз йўқ.
Албатта, уруш бўляпти ва тадбиркорлар барибир уруш шароитида эҳтиёт бўлишга мажбур бўладилар. Биз эса уларни рағбатлантиришимиз керакки, бу йўлда давом этишсин», – деди Муҳаммад Али Искандарий.
Унинг қайд этишича, 2026-йил январ ва феврал ойларида ҳар икки ойда ҳам ўтган йилга нисбатан икки давлат орасидаги савдо 40 фоиздан ошган. Биргина феврал ойида Ўзбекистон ва Эрон ўртасидаги ўзаро савдо айирбошлаш ҳажми 90 миллион АҚШ долларини ташкил этди.
Teglar






