Ўзбекистон молия бозорида янги босқич, жарима баллари бўйича янги «рекордчилар», сел автомобилларни оқизиб кетди

Bugun 18:407 daqiqa

Ўтаётган ҳафта ичида Ўзбекистонда содир бўлган энг аҳамиятли ва муҳокамаларни келтириб чиқарган воқеа-ҳодисаларни Vaqt.uz’да яна бир бор эсга оламиз.

IPO да ўзбекистонликлар ўртача 31,5 млн сўмдан акция сотиб олди

Якунланаётган ҳафтада Ўзбекистон молия бозорида тарихий воқеа сифатида баҳоланаётган йирик халқаро IPO амалга оширилди. Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси акциялари Лондон фонд биржасида жойлаштирилиб, мамлакатнинг капитал бозорида янги босқич бошлангани қайд этилди.

Маросимида Президент администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ҳам иштирок этди. Ушбу тарихий жараён мамлакат молия бозорида янги босқич сифатида баҳоланмоқда.

Тошкентдаги IPO жараёнида эса жами 214,6 млрд сўмлик акциялар сотилган бўлиб, унда маҳаллий инвесторлар фаол иштирок этган. Ҳисоб-китобларга кўра, ўзбекистонликлар ўртача 31,5 млн сўмдан акция харид қилган.

Жарима баллари бўйича янги «рекордчилар»

Бу ҳафта кўплаб ҳайдовчиларни сергакликка тортган ва айримларини ташвишга солаётган жарима баллари тизимида 12 баллик чекловдан ошган янги «рекордчилар»  сони очиқланди.

Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати маълумотига кўра, ҳозиргача жарима баллари 12 балдан ошган ҳайдовчилар сони 107 нафарга етган.

Амалдаги тартибга кўра, энди ушбу ҳайдовчилар суд тартибида ҳайдовчилик ҳуқуқидан маҳрум этилади. Ҳуқуқни қайта тиклаш учун эса улар махсус ўқув курсларини қайта ўқиб, 50 саволлик назарий имтиҳондан камида 46 та тўғри жавоб билан ўтиши талаб қилинади.

Эслатиб ўтамиз, жарима баллари тизими 2025-йил июндан жорий қилинган бўлиб, 2026-йил апрелидан автоматик камераларда қайд этилган қоидабузарликлар учун ҳам балл қўшиш бошланган.

«Битта дарахт кесилишини трагедия қилиш керак эмас» – пойтахт ҳокими

Тошкент шаҳар ҳокими Шавкат Умрзоқов «Газета.уз»га берган интервюсида дарахтлар кесилиши масаласига муносабат билдириб, буни ҳар доим ҳам «трагедия» сифатида баҳолаш тўғри эмаслигини айтди. Унинг таъкидлашича, зарарланган ёки жамоат лойиҳалари учун зарур ҳолатларда дарахтларни кесиш халқ манфаати билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Ҳоким фикрича, бундай қарорларда асосий мезон – жамоат манфаати бўлиб, ҳар бир ҳолат алоҳида баҳоланиши керак. Шу билан бирга, у экологик муҳитни яхшилаш ва кўкаламзорлаштириш ишлари давом этишини ҳам қайд этди.

Ҳокимнинг мазкур фикрига жавобан Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси раиси маслаҳатчиси Расул Кушербоев ижтимоий тармоқда муносабат билдириб, Шавкат Умурзоқовнинг шаҳар ҳокими сифатида фаолиятини кескин танқид қилди. Унинг қайд этишича, пойтахтдаги айрим қарорлар ва амалга оширилаётган ишлар жиддий норозилик уйғотмоқда.

100 ўзбекистонлик Ҳажга бепул юборилди

21-май куни президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан 100 нафар ўзбекистонлик Ҳаж зиёратига бепул юборилди. Зиёратчиларни аэропортда президент маслаҳатчиси Сардор Умурзоқов кузатиб қўйди.

Зиёратга йўл олган бу гуруҳ учун барча харажатлар ва зарур анжомлар давлат томонидан қопланган. Улар орасида маҳалла раислари, меҳнат фахрийлари, шифокорлар, олимлар ва оддий ишчилар ҳам ўрин олган.

Шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев 21-май куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Нуриддин Холиқназар билан телефон орқали мулоқот қилди. Суҳбат давомида давлат раҳбари Маккада бўлиб турган барча ўзбекистонлик ҳожиларни Қурбон ҳайити билан табриклаб, уларнинг дуолари қабул бўлишини тилади.

Навоий ва Тошкент вилоятларида кучли сел 

Якунланаётган ҳафта Навоий ва Тошкент вилоятларида кучли ёғингарчиликлар ортидан сел келди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода  ҳатто автомобиллар ҳам сувда оқиб кетганини кўриш мумкин.

Хусусан, Навоий вилоятининг Хатирчи, Кармана ва Нурота туманларининг тоғли ҳамда тоғ олди ҳудудларида кучли сел оқимлари юзага келган. Хатирчи туманидаги вазият айрим маҳаллий кузатувчилар томонидан 1998-йилдаги оғир сел ҳодисаларига қиёсланмоқда. Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, сел оқими йўл инфратузилмасини зарарлаб, бир неча автомобиллар ва хонадонларга шикаст етказган.

Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Ангидон, Лангар, Каттасой ва Майдонсой ҳудудларида сой яқинида яшовчи фуқаролар вақтинчалик хавфсиз жойларга кўчирилди. Навоий вилоятида оқибатларни бартараф этиш ишларига махсус техника ва қутқарувчилар жалб этилган, ҳозирча жиддий жароҳатланганлар қайд этилмаган.

Шунингдек, Тошкент вилоятининг айрим ҳудудларида ҳам кучли ёмғирлар ортидан сув босиш ҳолатлари кузатилган. Метеорологларга кўра, ноқулай об-ҳаво сақланиб қолиши, айрим жойларда чақмоқли ёмғирлар давом этиши мумкин.

Давлат харидларида 23 млрд сўмлик қонунбузилиш аниқланди

Якунланаётган ҳафтада бир қатор вазирлик ва агентликларнинг жами 23 миллиард сўмлик давлат харидларида «Рақобат тўғрисида»ги қонун талаблари бузилгани маълум бўлди.

Рақобат қўмитаси маълумотига кўра, Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказилган қиймати 9,1 млрд сўмлик 6 та, Инновацион ривожланиш агентлигининг қарийб 8 млрд сўмлик 6 та ҳамда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг 6,7 млрд сўмлик 10 та танлов савдосида «Рақобат тўғрисида»ги қонун талабларига риоя қилинмаган.

Умумий ҳисобда қарийб 23 млрд сўмлик давлат харидларида рақобатни чеклаш эҳтимоли қайд этилган. Қўмита махсус комиссияси томонидан қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан иш қўзғатилиб, масъулларга нисбатан маъмурий чоралар кўриш учун материаллар суд органларига юборилган.

Шунингдек, Ўзбекистонда рақобатга қарши келишувлар ва реклама қонунчилиги бузилиши ҳақида маълумот берган фуқароларни моддий рағбатлантириш таклиф этилмоқда. Бу бўйича низом лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Илк бор учар такси парвози амалга оширилди

Қозоғистоннинг Олмаота вилоятида илк бор учар такси синовдан ўтказилди. Ушбу синов бутун Марказий Осиё ҳудудидаги биринчи тажриба ҳисобланади.

Электр энергиясида ишловчи аэротакси соатига 200 километр тезликка чиқади ва бир қувватда 200 километргача уча олади. У бир учувчи ва беш йўловчига мўлжалланган. Қурилма шовқинсиз ишлайди ва зарарли газ чиқармайди.

Вилоят ҳокими Марат Султонғазиевнинг айтишича, лойиҳани амалга ошириш учун 250 миллион доллар сармоя жалб қилинган. Лойиҳа тирбандликни камайтириш ва саёҳат вақтини қисқартиришга хизмат қилади. Ҳаво таксилари учун махсус вертипортлар қурилмоқда. Биринчи вертипорт «Alatau City»да барпо этилмоқда. Хизматни 2029-йилда ишга тушириш режалаштирилган.

Аэротакси орқали парвоз қилиш бир километр учун тахминан бир долларга тушиши мумкин. Бироқ йўловчилар иштирокидаги парвозлар ҳозирча бошланмайди.

Ўзбекистонга ҳам учар таксилар 2028–2030-йилларда олиб келиниши кутилмоқда. «Air Tashkent» ва АҚШнинг «Samson Sky» компанияси «Switchblade» русумидаги учар таксиларни олиб келишни режалаштирган. Бу транспорт воситалари 800 километргача уча олади.

Давлат гербидаги пахта ва ғалла тасвири танқид қилинди

Бу ҳафтада давлат рамзлари атрофидаги муҳокамалар жамоатчилик диққат марказига чиқди. Ўзбекистон касаба уюшмалари федерацияси раиси, сенатор Қудратилла Рафиқов давлат гербидаги пахта ва ғалла тасвирларини қайта кўриб чиқиш зарурлиги ҳақида фикр билдирди.

У ўз мақоласида мазкур рамзлар мустақилликдан кейин ҳам совет даври мафкуравий изларини сақлаб қолганини таъкидлаб, уларни замонавий давлат идентлиги нуқтаи назаридан қайта баҳолаш кераклигини билдирган. Муаллиф фикрича, пахта ва ғалла рамзлари жамиятнинг ҳақиқий маънавий-сиёсий ўзлигини тўлиқ акс эттирмайди.

Шу билан бирга, мақолада давлат рамзлари ва мафкуравий мерос ҳақидаги қарашлар тарихий контекстда таҳлил қилиниб, турли даврлардаги сиёсий ва ижтимоий ёндашувлар ҳам эслатиб ўтилган.

Шунингдек, бу ҳафта пахта ва ғалла етиштиришга мўлжалланган ерлардан фойдаланиш тартиби ўзгариши маълум бўлди. Унга кўра, қишлоқ хўжалигида пахта ва ғалла майдонларининг 50 фоизи 2027-йил ҳосилидан бошлаб чорва озуқаси экинлари учун ажратилиши белгиланди. Қарор доирасида чорвачиликни ривожлантириш, наслдор қорамоллар улушини ошириш ҳамда аҳоли хонадонларидаги бузоқлар учун субсидиялар жорий этиш кўзда тутилган.

«Пахтакор» футбол клуби 2025 йилда 50 млрд сўм зарар кўрди

Ўзбекистоннинг энг йирик футбол клубларидан бири — Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси 2025 йилни сезиларли молиявий зарар билан якунлади. Расмий ҳисоботларга кўра, клубнинг йиллик зарари 50,8 млрд сўмни ташкил этган.

Маълумотларга кўра, йил давомида клуб 15,3 млрд сўм даромад олган, асосий фаолиятдан тушган қўшимча даромадлар билан бирга умумий тушум 63,6 млрд сўм атрофида бўлган. Бироқ харажатлар 128,9 млрд сўмга етиб, катта молиявий тафовутни юзага келтирган.

Шунингдек, «Пахтакор» футбол клубининг 17,1 млрд сўмдан ортиқ солиқ қарзи мавжудлиги қайд этилган.

 Банк соҳасидаги янгиликлар

2026-йил 1-июльдан бошлаб Сандро Ртвеладзе «Ипотека банк» OTP Group Бошқарув раиси сифатида фаолиятини якунлайди. Бу ҳақда банк матбуот хизмати хабар берди.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги собиқ вазири Азиз Воитов эса банк тизимига қайтди. У айни пайтда «Ҳаёт Банк» акциядорлик жамиятида маслаҳатчи лавозимида фаолият юритмоқда.

Шунингдек, бу ҳафта «Инфинбанк» билан боғлиқ шахслар томонидан янги авиация лойиҳаси йўлга қўйилгани маълум бўлди. 7 май куни «Safo Airlines» МЧЖ давлат рўйхатидан ўтказилган.

Маълумотларга кўра, компаниянинг асосий улуши «Инфинбанк»нинг асосий акциядори Фарҳод Мамажоновга тегишли. Янги авиакомпания устав капитали 2,5 млрд сўмни ташкил қилади.

Teglar

Nozima Qarshiboyeva

Nozima QarshiboyevaMaqolalar soni: 47

Barchasi

Mavzuga oid