Йўллардаги ҳожатхоналар аҳволидан таъби хира раис, квадрат метри 9,2 долларлик ижара ва банкомат муаммолари билан овора ИИВ ходимлари —18 май дайжести

Bugun 22:403 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

Йўллардаги ҳожатхоналар аҳволидан таъби хира раис, квадрат метри 9,2 долларлик ижара ва банкомат муаммолари билан овора ИИВ ходимлари —18 май дайжести

Тошкентда ижара нархлари кескин ошиб бормоқда

2026 йил апрел ойида Тошкентда уй-жой ижара нархлари ўсиши давом этди. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотига кўра, пойтахтда ижаранинг ўртача нархи бир квадрат метр учун 9,2 долларга етган бўлиб, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 9,1 фоизга юқори. Энг қиммат ижара Миробод, Шайхонтоҳур ва Яккасарой туманларида қайд этилган.

Йиллик ўсиш суръатлари бўйича Яшнобод тумани етакчилик қилди — бу ерда ижара нархлари 18,2 фоизга ошган. Шунингдек, Бектемир ва Юнусобод туманларида ҳам юқори ўсиш кузатилган. Мутахассислар фикрича, пойтахтда ижара бозори уй-жой сотув бозорига нисбатан тезроқ қимматлашмоқда.

Ўзбекистонда тирик балиқ, қўй, сигир, эчки ва асалариларга солиқ имтиёзи берилади

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг айрим турлари учун ҚҚС бўйича нол ставка қўлланиладиган товарлар рўйхати кенгайтирилди. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Солиқ қўмитаси тасдиқлаган янги қарорга кўра, имтиёзли маҳсулотлар сони 518 тага етди. Рўйхатга тирик балиқ, сигир, буқа, қўй, эчки, от, туя, эшак, асалари қоплари, ипак қуртлари ҳамда ферула кўчатлари каби яна 14 та маҳсулот қўшилди.

Янги қоидаларга мувофиқ, ушбу маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар томонидан сотилганда ҚҚС нол ставкада ҳисобланади. Мутахассислар фикрича, қарор озиқ-овқат нархларини барқарорлаштириш, ишлаб чиқарувчилар харажатини камайтириш ва чорвачилик ҳамда балиқчилик соҳаларини қўллаб-қувватлашга хизмат қилиши мумкин.

2025 йилда банкоматлар билан 290 минг муаммо кузатилди — Сенат

Сенат маълумотига кўра, 2025 йилда аҳоли банкоматлар орқали нақд пул ечишда 290 минг марта муаммога дуч келган. Кўплаб ҳолатларда ҳисобдан пул ечилган бўлса-да, банкомат нақд пул бермаган ёки пластик карта қурилма ичида қолиб кетган. Сенаторлар сервис хизматлари суст ишлаётганини танқид қилиб, айрим мурожаатлар 15 кундан ортиқ вақтда ҳал этилганини қайд этди.

Шунингдек, Ички ишлар вазирлигининг «102» хизматига банкоматлар билан боғлиқ 3 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Сенаторларга кўра, жиноятчиликка қарши курашиши керак бўлган ички ишлар ходимлари банкоматда қолиб кетган карталар муаммосини ҳал қилишга жалб қилинмоқда. Муҳокамалар якунида Марказий банкдан банкоматлар фаолияти устидан назоратни кучайтириш талаб қилинди.

«Бу мени ҳам таъбимни хира қилади» — Туризм қўмитаси раиси йўллардаги ҳожатхоналар аҳволи ҳақида

Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов йўл бўйидаги ҳожатхоналарнинг санитар ҳолати ҳали ҳам муаммолигича қолаётганини тан олди. Унинг айтишича, АЁҚШлардаги ҳожатхоналар кўп ҳолларда қўшимча мажбурият сифатида ташкил қилингани учун уларга етарлича эътибор берилмаяпти. Аққулов айрим ҳолатлар унинг ҳам «таъбини хира қилишини» айтди.

Қўмита раиси муаммони ҳал қилишда жамоатчилик назорати муҳимлигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, текширув пайтида ҳожатхоналар тартибга келтирилса-да, оддий вақтда санитар ҳолат талаб даражасида эмас. Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда АЁҚШлар, парклар ва туризм масканларида 11 мингга яқин ҳожатхона мавжуд бўлиб, уларнинг 4 мингтаси янгидан қурилган.

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов банк тизимига қайтди

Собиқ қишлоқ хўжалиги вазири Азиз Воитов банк тизимига қайтди. У айни пайтда «Ҳаёт Банк» АЖда маслаҳатчи сифатида фаолият юритмоқда. Бу ҳақда Воитовнинг ўзи «Vaqt.uz» мухбири билан суҳбатда маълум қилиб, банкда иш бошлаганига олти ой бўлганини айтган.

Азиз Воитов аввал Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ва «Ўзсаноатқурилишбанк» тизимида ишлаган, 2022–2023 йилларда эса қишлоқ хўжалиги вазири лавозимида фаолият юритган. У 2023 йил охирида иқтисодий жиноятлар бўйича иш доирасида қамоққа олинган, 2025 йилда суд томонидан айбли деб топилиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган эди.

Teglar

Mavzuga oid