«Инфинбанк» эгасининг янги авиакомпанияси, Тошкентдаги энг арзон уйлар ва энг оммабоп банк иловалари рейтинги — 21 май дайжести

Kecha 23:193 daqiqa

Кун давомида Ўзбекистонда юз берган воқеалар ва ҳодисалар, ёритилган янгиликлар ва хабарларнинг энг муҳимларини яна бир бор эсга оламиз.

«Инфинбанк» эгасининг янги авиакомпанияси, Тошкентдаги энг арзон уйлар ва энг оммабоп банк иловалари рейтинги — 21 май дайжести

Ўзбекистонда энг кўп ишлатиладиган банк иловалари қайсилар?

2026 йил апрель ойи якунларига кўра, Ўзбекистонда энг кўп ишлатиладиган банк иловалари рейтинги эълон қилинди. 31 та тижорат банк мобил платформаси ўрганилган таҳлилда 2,5 миллиондан зиёд фойдаланувчи фикрлари ҳисобга олинган. Энг кўп юклаб олинган илова «Ipak Yuli banki» бўлса, аввалги ойда етакчи «Uzum Bank» эди.

Рейтингда хусусий банклар устунлик қилган: энг кучли учлик — «TBC Bank», «Ipak Yuli banki» ва «Uzum Bank». Фойдаланувчилар баҳоси бўйича энг юқори натижани «TBC Bank» мобил иловаси қайд этган, энг паст поғонада эса «KDB Bank» иловаси жой олган.

Уй-жой бозори таҳлили: Пойтахтдаги энг арзон уйлар қайси ҳудудда жойлашган?

2026 йил апрел ойида Тошкент уй-жой бозорида нархлар асосан барқарор сақланиб қолди, аммо ҳудуд ва хона сони кесимида фарқ сезилди. Бирламчи бозорда янги уйлар улуши 47,6 фоизга етган, иккинчи бозор улуши эса 52,4 фоизга тушган. Энг қиммат уйлар Миробод, Яккасарой ва Мирзо Улуғбекда, квадрат метри 1413–2121 долларни ташкил этса, энг арзон уйлар Учтепа, Олмазор ва Сирғалида, 900–1367 доллар атрофида нархланди.

Ҳисоботда қайд этилишича, 1–2 хонали уйлар нархи бирламчи бозорда ҳануз барқарор ёки оз миқдорда ўсган, 3–4+ хонали уйларда эса пасайиш кузатилган. Янги Тошкент лойиҳаси ва қурилиш фаоллиги Яшнободда нархларнинг ўсишини қўллаб-қувватламоқда, аммо нақдсиз олди-сотди тартиби ҳозирча бозорда катта ўзгаришларга олиб келмаган.

Ўзбекистон Эронга иккинчи инсонпарварлик ёрдамини юборди

Ўзбекистон 2026 йилда Эронга иккинчи гуманитар ёрдам колоннасини юборди. Бу сафар 15 та юк машинасида фармацевтика ва тиббий буюмлар ортилиб, Даргоз қуруқлик чегараси орқали Эрон Қизил Ярим ой жамиятига топширилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон биринчи гуманитар колоннаси 16 март куни юборилган бўлиб, унда асосий озиқ-овқат маҳсулотлари — ун, гуруч, шакар, макарон, кунгабоқар ёғи ва турли консервалар, шунингдек дори-дармон ва тиббий буюмлар ҳам бор эди. Бу қадам Ўзбекистоннинг Эрон билан ҳамжиҳатлик ва инсонпарварлик ҳамкорлигини яна бир бор намоён этмоқда.

«Инфинбанк»нинг эгаси янги авиакомпания очди

Ўзбекистонда «Инфинбанк» эгаси Фарҳод Мамажонов янги авиакомпания — «Safo Airlines» МЧЖни очди. 7 май куни давлат рўйхатидан ўтган ушбу компания ҳаво транспорти соҳасида хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил қилинди ва «Инфинбанк» билан алоқадорлиги боис рўйхатга киритилди. Устав капитали 2,5 млрд сўмни ташкил қилади.

Янги авиакомпаниянинг 60 фоиз улуши Фарҳод Мамажоновга, 30 фоизи Михаҳл Аленкинга ва 10 фоизи Авазжон Ташпўлатовга тегишли. «Safo Airlines» Ўзбекистондаги навбатдаги авиакомпаниялардан бирига айланди, мамлакатда шу пайтга қадар UZBEKISTAN Airways, Centrum Air, Qanot Sharq, Silk Avia, Air Samarkand ва My Freighter каби авиакомпаниялар фаолият юритмоқда.

Маълумот учун: «Инфинбанк»нинг 2026 йил I чорагидаги соф фойдаси 186,3 млрд сўмни ташкил қилиб, 2025 йилга нисбатан 117,8 млрд сўмга кўпайган.

OLX Ўзбекистонда устун мавқега эга деб тан олинди

Ўзбекистонда OLX платформаси онлайн эълон ва реклама хизматлари бозорида устун мавқега эга деб тан олинди. Бу ҳақда Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди. Эндиликда OLX фаолияти монополияга қарши назорат доирасида кузатиб борилади.

Қонунчиликка мувофиқ, устун мавқега эга платформаларга махсус талаблар қўлланилади. Шу боис OLX’да мажбурий “Монополияга қарши комплаенс” тизими йўлга қўйилади ва компания бозор устунлигини суиистеъмол қилмаслиги учун доимий мониторинг олиб борилади.

Маълумотларга кўра, OLX Ўзбекистонда ойига 5,4 миллион фаол фойдаланувчига хизмат кўрсатади ва интернет аудиториянинг 20 фоизидан ортиғини қамраб олган. Платформа “OLX Group” таркибига киради ва дунёда 30 дан ортиқ мамлакатда онлайн савдо ҳамда хизмат платформаларини бошқариб келмоқда.

Teglar

Mavzuga oid