Халқ ва сайёҳлар оқими тезлашди, темир йўл тизими эса орқада қолмоқда — Туризм қўмитаси раиси
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш борасида сезиларли натижалар кўзга ташланаётган бўлса-да, соҳадаги жадал ўсиш ўзи билан бирга қатор тизимли муаммо ва эътирозларни ҳам бошлаб келмоқда.
© vaqt.uzVaqt.uz мухбири навбатдаги матбуот анжуманида Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов билан юзлашиб, жамоатчиликни кўп ташвишга солаётган икки муҳим масала — туристик масканлар учун яшил ҳудудларнинг йўқ қилиниши ва транспорт тизимидаги муаммолар бўйича саволларига жавоб олди.
— Туризм ривожланиши билан параллел равишда, турли туристик масканлар қуриш баҳонасида кўплаб экологик ўрмонлар, дарахтзорлар ва яшил зоналар барбод қилинаётгани, бетонлаштирилаётганига гувоҳ бўляпмиз. Айрим ўрмон хўжаликлари ҳудудида меҳмонхоналар ва дала ҳовлилар барпо этилмоқда. Бу лойиҳалар Экология вазирлиги билан қанчалик келишилади ва яшил ҳудудларнинг йўқ қилинишига сизнинг муносабатингиз қандай?
Абдулазиз Аққулов:
— Беш-олти йил олдин бизда йирик туристик салоҳиятга эга, баҳаво қисмларда жойлашган қишлоқларга сайёҳларни олиб бориш имкони йўқ эди, чунки инфратузилма чекланган эди. Ҳозир ҳукумат ва давлат бюджети маблағлари ҳисобидан у ерларга йўл ва коммуникациялар тортиб бориляпти. Давлат раҳбари томонидан аниқ вазифа қўйилган: ҳар бир ҳудуд туризмга ихтисослаштирилишидан олдин, у албатта аниқ «мастер-режа» асосида ишлаб чиқилиши шарт. Бу режаларни тайёрлаш Туризм қўмитасининг мажбуриятига киради.
Табиат ҳудудларининг бузилиши масаласига келсак, бизнинг мақсадимиз фақат аҳоли бандлиги ва фаровонлигини ошириш эмас, балки балансни сақлаган ҳолда табиатни асраб қолиш ҳамдир. Биз ҳеч қачон қайсидир ҳудудни фақат тезкор фойда ва турист жалб қилиш манбаси сифатида кўрмаймиз. Ҳар бир мастер-режада табиатни сақлаш, агар қайсидир маънода зарар етказиладиган бўлса, унинг ўрнини албатта қоплаш чоралари кўзда тутилади.
— Шундай лойиҳалар бўйича аниқ мисол келтирмоқчиман. Самарқанд вилояти Жомбой туманидаги Зарафшон давлат қўриқхонаси ҳудудида аввалроқ «дам олиш зонаси ташкил қиламиз» дея, ерлар ёппасига, кампаниябозлик билан сотиб юборилди. Меҳмонхона ва мажмуалар қурилди, кейинчалик эса ноқонуний сотув ва ҳужжатлардаги сохтакорлик ортидан қатор жиноят ишлари очилди. Бу матбуотда тўлиқ ёритилмаган бўлса-да, манбаларимиз орқали хабардормиз. Мана шундай ҳолатлар туфайли яшил ҳудудлар йўқ бўлиб кетяпти.
Абдулазиз Аққулов:
— Тўғри, бу ҳолатни ҳозирги амалиётимиздаги аччиқ тажриба сифатида кўришимиз ва келажакда бундай хатоларга йўл қўймаслик учун ўрнак қилиб олишимиз керак. Аслида ўша Зарафшон қўриқхонаси эскидан сайёҳлар ташриф буюрадиган маскан бўлган. У ерда шароитларни яхшилаш, меҳмонларга имконият яратиш мақсадида бошланган жараён охир-оқибат сиз айтгандек нотўғри йўналишга чиқиб кетган бўлса, келгуси ишларимизда бу хатоларни такрорламаслик бизнинг бош мажбуриятимиздир.
— Маҳаллий рейслардаги темир йўл чипталари етишмовчилиги бўйича саволларимизга барибир тўлиқ жавоб ололмадик. «Ўзбекистон темир йўллари» доим бир йил олдин ҳам айтилган «Сарбон» дастури ёки шунга ўхшаш таклифларни такрорлайди, лекин амалда ҳеч қандай ечим кўрмаяпмиз. Ўзингиз аниқ айта оласизми, қачондир маҳаллий аҳоли ва сайёҳлар маҳаллий рейсларга бемалол, навбатларсиз ва сарсонгарчиликсиз чипта сотиб оладиган кун келадими?
Абдулазиз Аққулов:
— Биз бир нарсани ҳисобга олишимиз керак: бугунги кунда одамларнинг саёҳатга интилиши 10 йил олдингига қараганда кескин ошган. Лекин мавжуд темир йўл тармоғи битта. Биз ундан ҳам юк ташиш, ҳам йўловчи ташиш учун фойдаланишга мажбурмиз. Сир эмаски, темир йўлда асосий даромад манбаи бу юк ташишдир.
Албатта, аҳоли учун шароит яратиш — биринчи галдаги вазифа. Бу масаланинг ягона ечими — параллель равишда қўшимча темир йўлларини қуришдир. Чунки мавжуд поездарнинг суткалик сиғими чекланган. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан темир йўл Хивагача чўзилди, янги рейслар қўйилди. Яқин ойларда яна қўшимча таркиблар олиб келинади. Умид қиламизки, кузга бориб янги поездларнинг графиги тўлиқ йўлга қўйилиши ҳисобига тизимдаги юқори талабни ва босимни сезиларли даражада туширишга эришамиз.
— Бугунги матбуот анжуманининг ўзида маҳаллий чипталарнинг қимматлиги ва умуман топилмаслиги масаласи 10 мартадан зиёд кўтарилди. Тизимдан аҳолининг норозилиги жуда катта. Бундан хулоса қиласизми?
Абдулазиз Аққулов:
— Туризм соҳасидаги ислоҳотлар бошланганда ички сайёҳлар сони ҳам, хорижий туристлар оқими ҳам ҳозиргидан бир неча баробар кам эди. Ҳозир жуда тез ўсиш кузатиляпти, инфратузилма эса сайёҳлар оқими ортидан етиб келишга улгурмаяпти. Агар ўша даврларда тизимда коррупция ёки бошқа салбий элементлар бўлган бўлса, ҳозир муаммо кўпроқ жисмоний имкониятлар чекланганида қолди, чунки йўл битта.
Ҳозир биз сув ҳавзаларини ривожлантириш бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ва сув инспекциялари билан ҳамкорликда ишлаяпмиз. Мақсад — сайёҳлар оқимини тўғри бошқариш ва уларнинг табиатга салбий таъсирини камайтиришдир. Худди шундай ҳолат транспорт тизимида ҳам мавжуд. Агар қайсидир соҳа улгурмаётган бўлса, шу сабабли туризм ривожини секинлаштириш — нотўғри йўл. Биз параллель равишда ривожланишимиз керак. Режада қўшимча темир йўллар, янги тезюрар пуллик автомобиль йўллари ва ички авиарейслар сонини ошириш кўзда тутилган. Буларнинг барчаси босқичма-босқич ҳал этиладиган масалалардир.
Teglar




