Қиммат чипта ва йўқолмаётган тиланчилар: Туризм қўмитаси улар бўйича нега «тишини» кўрсата олмаяпти?

Bugun 15:315 daqiqa

15 май куни Туризм қўмитаси раҳбари Абдулазиз Аққулов иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ўтказилди. Тадбирда Vaqt.uz мухбири қўмита раисига авиатранспорт ҳамда темирйўл тизимидаги монополия, шунингдек, тарихий манзилларда сайёҳлар учун катта бош оғриғи бўлаётган тиланчилар гуруҳлари йўқолмаётгани ҳақидаги саволлар билан мурожаат қилди.

— Туризмни ривожлантириш ҳақида гапирилганда, кўпинча инфратузилма ва транспорт муаммоси тўсиқ бўлиб чиқаверади. Мамлакат ичидаги авиатранспорт ва темирйўл тизимидаги монополистик ҳолат туфайли чипта нархлари ҳам маҳаллий, ҳам хорижий туристлар учун асоссиз қимматлигича қолмоқда.

Бундан ташқари, хусусий секторда (ресторан ва кафеларда) мажбурий сервис ҳақи каби «яширин» тўловлар борлиги туристларда салбий таассурот қолдиряпти. Қўмита раиси сифатида айтинг-чи, нега туризм салоҳияти ҳақида баландпарвоз гаплар гапирилган бир пайтда, Қўмита транспортдаги нархлар устидан назорат ўрнатишда ёки хизмат кўрсатишдаги бундай очиқдан-очиқ қонунбузарликларни бартараф этишда ўзининг «тишини» кўрсата олмаяпти?

Абдулазиз Аққулов (Туризм қўмитаси раиси):

«Ички транспорт, умуман транспорт турларини «рақобатдан ташқарида» деган фикрлар бўйича… Биз бугунги кунда фаолиятимизни яқинда бошлаганимиздан келиб чиқадиган бўлсак, Транспорт вазирлиги билан ўзаро мулоқотимиз йўлга қўйилган. Энди Транспорт вазирлиги тизимида, умуман темирйўлда чипта топиш қийин, авиачипта қиммат деган фикр билан бир-биримизга қараб ўтирадиган бўлсак ёки ишламайдиган қанақадир ҳужжатлар қабул қиладиган бўлсак, ишимиз юрмайди. Шунинг учун транспорт вазири Маҳкамов Илҳом Рустамович билан биз ўзаро юзма-юз гаплашиб, янгича тизимларни йўлга қўйиш устида ишлаяпмиз. Уларнинг ўзларининг олдига қўйган режаларидан хабардормиз.

Авиатранспорт қисмини айтадиган бўлсак, биз шунақа таҳлил қилдикки, демак, бизда ҳар йили, шартли айтайлик, 30 та давлатдан асосий туристлар оқими келади десак, шулардан турист олиб келадиган бизнинг 10 та топ туроператоримиз бор. Улар — бизнинг асосий маслаҳатчимиз, бизга йўл-йўналиш берадиган одамлар бўлади. Ўша 10 та туроператорнинг фикридан келиб чиқиб, Транспорт вазирлиги келгусида маршрутларни, рейсларни тўғрилаш, рейслар сонини кўпайтириш, янги рейсларни очиш бўйича ишлайди. Қайсидир давлатлардан бўлса, бу ўзаро тарғиботни биз туроператорлар билан биргаликда бўйнимизга оламиз.

Энди тан олишимиз керак, шу бугунги кунгача ҳам кўпчилик рейслар, демак, ўзимизнинг қайсидир маънода қоракўзларимиз учадиган давлатларга бўлди: ёки савдо мақсадида, ёки хорижий давлатга дам олиш учун учадиган рейслар доимий ва барқарор. Ўша рейслардан авиакомпаниялар ҳам ҳеч қандай хавф-хатарсиз (рискларсиз) ўз даромадини топгани учун шунга мослашган. Энди бизнинг ҳозирги ўйлаётганимиз — Ўзбекистонга турист жалб қиладиган авиақатновларни кўпайтириш. Бу — биринчиси.

Иккинчиси, юқоридаги топшириқлар доирасида айтганимиздек, Транспорт вазирлиги билан ҳамкорлигимизда ички сайёҳлик гуруҳларининг ҳам мобиллигини ошириш мақсадида шундай келишув бўлдики, мисол учун, Бухородан Сариосиёга ёки Урганчдан Шаҳрисабзга ва тескарисига рейсларни йўлга қўйиш устида ишлаяпмиз. Бу бир тарафдан ўша Бухородан, яъни воҳа ҳудудидан тоғли ҳудудларга ички сайёҳларимизни олиб келишга қаратилган бўлса, иккинчи жиҳатдан, ушбу тарихий шаҳарларни тоғли ҳудудлардаги аҳолимиз ҳам кўриши маъносида йўлга қўйиш бўйича келишувларимиз бор. Булар шу йил ёздан ишга тушиши режалаштириляпти ва шуни босқичма-босқич таҳлил қилиб борамиз.

Энди темирйўл битта бўлса, унга олтита «Афросиёб» Тошкент-Самарқанд орасида қатнаётган бўлса, кунлик режимда бошқа ортиқча рейс қўйишимиз қийин. Энди мана ҳозир «Жалолиддин Мангуберди» поезди йўлга қўйилди, ҳафтасига учта. Ҳар икки ойда яна иккита-иккитадан кўпайиб боради. Бу, демак, ички темирйўл транспортига бўлган юкни енгиллатади.

Нархлари борасида ҳам ички авиацияни ривожлантириш бўйича режалар бор. Ҳалиги вилоятлар орасини боғлаш — бу ҳар доим ҳам рентабелликка олиб чиқиш қийин бўлганлиги учун уни олдиндан бошлаймиз, лекин вилоят марказларини Тошкент билан боғлаш бўйича ҳам рейсларни кўпайтирамиз. Ҳозирги транспорт бўйича ишлаб чиқилаётган стратегияда ҳам, лойиҳада ҳам шундай: ҳозирги кунда, демак, 20 фоизгача ички рейсларда фаолият кўрсатиш мажбурияти ҳисобидан хорижий рейсларга ҳам рухсат бериш масалалари кўриляпти. Бу ҳам шу ички рейсларнинг мобиллигини ошириш, нархларини туширишга қаратилади. Энди мен ҳозирги кунда айта олишим мумкин бўлган гаплар шулар ва бу жараёнлар натижасини босқичма-босқич оммавий axборот воситаларига бериб боришимиз мумкин.»

— Узр, нархлар бўйича барибир жавобдан қониқмадим. Бугун одамларда савол борки, мана, бу тизимга давлат бюджетидан миллиардлаб субсидия ажратилади. Лекин нега биз на нарх тушганини ва на чипта харид қилишда шаффоф тизимни кўрамиз? Тизимни шаффофлаштиришнинг ҳам иложи бўлмаяпти-да.

Абдулазиз Аққулов:

«Илёс ака, энди соҳанинг мутахассислари бу нарсага, менимча, аниқроқ жавоб берса керак. Лекин менинг билганим, демак, бизнинг ички рейслар деганимизда Тошкент-Урганч, Тошкент-Нукус, Тошкент-Термиз доимий тўлиб учганда бу рентабел бўлади. Қолган рейсларнинг ҳаммаси… Ҳали сиз айтаётган субсидиянинг берилиш сабаби ҳам шу. У ушлаб туриш учун ёки бир қайсидир харажатини қоплаш учун эмас. Қисқа, яъни бир соатдан кам бўлган рейслар ҳар доим, нима дейди, зарарга учрайди. Шуни ҳисобга олишимиз керак. Энди бир қисмдан самолётларнинг етишмаганлиги ҳам буларнинг доимий учишини йўлга қўйишда муаммони юзага келтиради. Мен ўйлайманки, тез кунда, тез орада биз Транспорт вазирлиги билан ҳамкорлигимиз доирасида сиз айтаётган масалаларга ҳам етиб келамиз.»

— Ўзбекистон халқаро рейтингларда энг хавфсиз давлатлардан бири сифатида эътироф этилади. Бироқ тарихий обидаларда, сайёҳлик маршрутларида туристларнинг кетидан қолмай пул сўрайдиган, уларни безор қиладиган уюшган тиланчилик гуруҳлари (лўлилар ва бошқалар) масаласи ҳамон очиқ қолмоқда.

Туристлар ўз фикрларида бу ҳолатни «психологик босим» ва «агрессив муҳит» деб таърифлашмоқда. Туризм полицияси бу вазиятда кўпинча томошабин бўлиб турибди ёки уларнинг аралашуви вақтинчалик характерга эга. Туризм қўмитаси бу қатламни ижтимоий реабилитация қилиш ёки туристик зоналарни бундай «ноқулай» элементлардан тозалаш бўйича Ички ишлар вазирлиги билан аниқ бир қўшма стратегияга эгами? Ёки биз сайёҳга замонавий меҳмонхона қуриб бериб, кўчада уни ҳимоясиз қолдираверамизми?

MASTER.00_03_37_10.Still002

Журналист Илёс Сафаров

Абдулазиз Аққулов:

«Мен сиз кўтарган бу масалани Бухоро ва Самарқанддаги тадбиркорлик субъектлари билан гаплашганда ҳам кўтарган эдим. Ҳозирги кунда Ички ишлар вазирлиги Хавфсиз туризм бошқармаси билан бизнинг икки томонлама ҳужжатларимиз устида ишлаяпмиз. Уларнинг ҳозир ташкилий тузилмаси бўйича ҳам таклифларимиз бор ва ўйлайманки… Мен энди сизнинг «буларнинг ўртасида қандайдир манфаатдорлик бормикин ёки шунинг учун тегинмаяптимикин» деган маънодаги фикрларингизга қўшила олмайман. Бизга озгина вақт бўлса, бунинг ҳам ичига кириб, ўрганиб, тушуниб оламиз. Чунки режаларимизда бу нарса ҳам турибди.»

MASTER.00_05_55_18.Still005

Туризм қўмитаси раҳбари Абдулазиз Аққулов

Teglar

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 81

Barchasi

Mavzuga oid