Одам соними ёки халқаро метод? Туризм қўмитаси раиси «шиширилган статистика» борасидаги шубҳаларга жавоб берди
Ўзбекистонда туристлар сони миллионлаб кўпаяётгани айтилса-да, экспертлар бу рақамлар қўшни давлатлардан келаётган транзит оқим ва мигрантлар ҳисобига шиширилаётганини танқид қилади.

15 май куни Туризм қўмитаси раиси Абдулазиз Аққулов иштирокида ОАВ вакиллари учун матбуот анжумани ташкил қилинди. Тадбир давомида Vaqt.uz мухбири Илёс Сафаров томонидан ҳукумат мамлакатга юқори даромадли туристларни кўпроқ жалб қилиш ўрнига транзит оқим (қўшни мамлакатлар аҳолиси) ортидан қувилаётгани борасида савол билан мурожаат қилинди.
— Абдулазиз ака, расмий ҳисоботларда Ўзбекистонга келаётган туристлар сони йилдан-йилга кўпаяётгани айтилади. Бироқ, Жаҳон банки ва мустақил экспертлар бу рақамларнинг катта қисми қўшни давлатлардан қариндош-уруғчилик ёки савдо мақсадида ўтаётган мигрантлар ҳисобига шаклланаётганини айтишади. Дунё тажрибасида туризм самарадорлиги “одам сони” билан эмас, ҳар бир туристнинг мамлакатда қолдирган ўртача маблағи билан ўлчанади. Нима учун биз ҳали ҳам реал даромад келтирадиган “юқори сегмент” туристларини жалб қилиш ўрнига, статистика учун хизмат қиладиган “транзит оқим” орқасидан қувмоқдамиз ва бу ҳолат соҳадаги реал муаммоларни яширмаяптими?
Абдулазиз Аққулов:
— Биласизми, бу бўйича Бутунжаҳон туризм ташкилотига аъзо бўлган барча (адашмасам, 168 та) давлатлар учун бир хил методология қўлланади. Унга кўра, чегарани кесиб ўтувчилар 11 хил тоифадаги ташриф буюрувчиларга ажратилади. Шулардан 6 та тоифаси туризм мақсадида келганлар ҳисобланади.
Агар қўшни давлатлардан келганларни назарда тутадиган бўлсак, ўша 11,7 миллионлик умумий оқим ичида юқоридаги тоифага тушмайдиган, сиз айтаётган мигрантлар ҳам бор ва улар анчагина. Лекин ҳалиги олтита тоифанинг ичида ҳам ҳар бир йўналиш кесимида қўшни давлатлардан келадиган туристларни кўришимиз мумкин.
Агар эътибор берган бўлсангиз, мен рақамларни ўтган йилги кўрсаткичларга солиштирдим: туристлар сони 30 фоизга ошган бўлса, туризм хизматлари экспорти 40 фоизга ўсди. Бу ўсиш узоқ хориждан келаётган ва кўпроқ маблағ сарфлайдиган сайёҳлар ҳисобига шаклланяпти. Тўғри, ҳозир умумий оқимнинг 79 фоизини қўшни давлатлар фуқаролари ташкил қилади, лекин уларнинг ҳам 28-30 фоизи тўлов қобилияти юқори бўлган туристлардир.
Худди шундай статистика Туркияда, Грузияда ва бошқа давлатларда ҳам юритилади. Масалан, Грузиянинг афзаллиги шундаки, у қўшни давлатлардан келувчиларнинг ҳаммасини ҳам шунчаки «қўшни давлат фуқароси» деб умумий баҳоламайди. Бизнинг ҳисоб-китобларда эса, шартли равишда, айтайлик, Қозоғистондан келган битта туристнинг келиб-кетиш харажати ўртача 250 доллар деб баҳоланади. Бошқа давлатлар қўшнилардан келаётган даромадни юқорироқ даражада ҳисоблашади. Шунинг ҳисобига уларда келувчиларнинг 51 фоизи қўшнилар бўлса-да, статистикада қўшни давлатдан келганлар сифатида 21 фоизини кўрсатиб, қолган 30 фоизини узоқ давлатдан келган ёки тўлов қобилияти юқори бўлганлар статистикасига қўшади.
Ана шундай омилларни инобатга олган ҳолда, тизимда аниқроқ ва тиниқроқ маълумотларга эга бўлиш мақсадида, ўзимизда юритиладиган туристик статистикани икки йилда бир марта эмас, балки бир йилда икки марта ўтказишни режалаштирдик.
Teglar






