Ялпиз, равоч, отқулоқ: баҳорий ёввойи гиёҳлар нимаси билан фойдали ва уларни қандай истеъмол қилиш мумкин?

Bugun 14:006 daqiqa

Эрта баҳорда бозорлардаги сабзавотлар ҳали кўпинча иссиқхонада етиштирилган бўлиб, табиий витаминлар нисбатан кам бўлади. Ана шундай даврда озуқа рационига ейиладиган ёввойи гиёҳларни қўшиш айниқса фойдали. Бу кўкатлар нафақат табиий ва тоза, балки организм учун зарур бўлган витамин ва минералларга ҳам бой. Энг муҳими, уларни Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларидан топиш мумкин.

Ялпиз, равоч, отқулоқ: баҳорий ёввойи гиёҳлар нимаси билан фойдали ва уларни қандай истеъмол қилиш мумкин?

Қуйида баҳорда кенг учрайдиган гиёҳлар ва уларнинг фойдали жиҳатлари ҳақида батафсил маълумот берамиз.

1. Равоч (чукри)

Равоч — торондошлар туркумига мансуб ўсимлик бўлиб, халқ орасида «чукри» номи билан машҳур. Унинг турлари кўп, аммо пушти рангли «тошбосди» равоч айниқса мазали ҳисобланади ва асосан тоғли ҳудудларда ўсади.

1

Равоч мавсуми одатда апрел ойидан бошланади. У кўпинча хом ҳолда истеъмол қилинади ва нордон, сершира таъми билан ажралиб туради.

Равоч қондаги қанд миқдори ва қон босимини меъёрда ушлаб туришга ёрдам беради, шунингдек, мия фаолиятини қўллаб-қувватлайди. У А, B, C, E ва К витаминларига бой бўлиб, жигар, қалқонсимон без ва ошқозон-ичак тизимига ижобий таъсир кўрсатади.

Ундан соуслар, компот, кисел, мураббо тайёрлаш мумкин. Шунингдек, салатларга қўшиб истеъмол қилинганда ҳам мазали ва фойдали бўлади.

2. Ялпиз

Ялпиз — баҳорнинг энг машҳур ва хушбўй кўкатларидан бири. У Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудларида ўсади. Ялпизнинг бир неча турлари мавжуд бўлиб, улар орасида сув ялпизи, осиё ялпизи, аччиқ ва жингалак ялпиз кўп учрайди.

2

Ялпиз ошхонада кенг қўлланилади. Унинг ёш барглари баҳорий шўрвалар, сомса ва бошқа миллий таомларга қўшилади. Янги барглари салатлар ва десертларга ўзига хос хушбўй таъм беради.

Ялпиз оғиз бўшлиғини тозалайди, бактерияларга қарши таъсир кўрсатади. Шунинг учун ҳам у тиш пасталари ва оғиз чайқовчи воситалар таркибида ишлатилади.

Муҳим жиҳати шундаки, ялпизни иссиқ таомларга тайёр бўлгандан кейин қўшиш керак. Акс ҳолда, унинг фойдали моддалари камаяди. Ялпизли чой эса иссиқ ва совуқ ҳолда ҳам бирдек фойдали.

3. Қоқиўт 

Қоқиўтнинг ёш барглари витаминлар, темир, марганец, кальций ва калийга бой бўлиб, организм учун қимматли озуқа манбаи ҳисобланади. Унинг илдизида эса инсулин моддаси тўпланади. 

Барглари одатда сабзавот сифатида ишлатилади, илдизидан тайёрланган экстракт ёки кукун эса иштаҳани очади, ҳазмни яхшилайди ва ўт ҳайдовчи восита сифатида қўлланилади. Бу ўсимлик айниқса темир танқислиги анемияси ва модда алмашинуви бузилишларидан азият чекувчи инсонлар учун фойдали. Уни янги ҳолда истеъмол қилиш тавсия этилади, аччиқ таъмини камайтириш учун эса баргларини тузли сувда бироз ушлаб туриш керак.

3

Шунингдек, қоқиўтдан турли хил салатлар ва шўрвалар ҳам тайёрлаш мумкин. Унинг гулларидан тайёрланадиган мураббо нафақат мазали, балки жигар фаолиятига ҳам ижобий таъсир кўрсатади. Шу билан бирга, қоқиўт илдизларидан қаҳва ўрнини босувчи ичимлик тайёрлаш ҳам мумкин. 

Бунинг учун илдизлар ковлаб олинади, яхшилаб ювилади, 1–2 см қилиб кесилади ва табиий усулда қуритилади. Қуригандан сўнг улар товада қовурилади ва қаҳва майдалагичда майдаланади. Кейин эса оддий чой ёки қаҳва каби дамлаб ичилади.

4. Зубтурум (Плантаго)

Зубтурум — кўп йиллик доривор ўсимлик бўлиб, унинг барглари ва уруғлари тиббиётда кенг қўлланилади. У яллиғланишга қарши, қон тўхтатувчи, жароҳатни тез битирувчи ва балғам кўчирувчи хусусиятларга эга. Таркибида гликозидлар, шиллиқ моддалар ва витаминлар мавжуд бўлиб, ошқозон-ичак ҳамда нафас йўллари касалликларини даволашда самарали ҳисобланади. Зубтурумнинг шифобахш хусусиятлари жуда кенг.

4

Масалан, янги узилган барглари йирингли яралар, кесилган жойлар ва ҳашарот чаққан жойларга қўйилса, жароҳат тезроқ битади. Ошқозон яраси, гастрит ва колит каби касалликларда унинг дамламаси фойдали ҳисобланади. Шунингдек, у йўтални юмшатади, балғам кўчирувчи ва яллиғланишга қарши таъсир кўрсатади. Таркибидаги фойдали моддалар эса майда жароҳатларда қон кетишини тўхтатишга ёрдам беради. 

Ўзбекистонда, айниқса, катта зубтурум (Плантаго мажор) тури кенг тарқалган бўлиб, у асосан йўл ёқалари ва нам жойларда ўсади. Халқ табобатида унинг шарбати ва дамламаси кенг қўлланилади. Зубтурумни нафақат доривор восита сифатида, балки озиқ-овқат сифатида ҳам ишлатиш мумкин. 

Ундан смузи ва пюре тайёрланади, шунингдек тузланади, маринад қилинади ёки қуритилади. Масалан, оддий ва фойдали салат тайёрлаш учун зубтурум барглари, бир ош қошиқ кунжут ёғи ва соя соуси, бир дона саримсоқ ҳамда кунжут уруғлари кифоя.

5. Сиёҳалаф (Розенбах пиёзи)

Сиёҳалаф — тоғ пиёзининг бир тури бўлиб, асосан Помир-Олой ва Ҳисор тоғ тизмаларида ўсади. У йодга бойлиги билан ажралиб туради ва организм учун жуда фойдали.

У баҳорда, апрел–май ойларида йиғиб олинади. Ундан «оши сиёҳалаф» деб аталадиган машҳур шўрва тайёрланади. Бу таом енгил, ҳазм бўлиши осон ва ўзига хос бинафша рангга эга бўлади.

5

Сиёҳалаф таркибида йоддан ташқари темир, калий, марганец, цинк, эфир мойлари ва турли витаминлар мавжуд. Шунинг учун у иммунитетни мустаҳкамлашда ҳам фойдали.

6. Арпабодиён

Арпабодиён хусусиятлари жиҳатидан оддий укропга ўхшайди, аммо ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб туради. У маданий укроп, фенхел, селдерей ва сабзига яқин бўлиб, уларнинг барчаси бир оила — соябонгуллилар оиласига мансуб. 

6

Арпабодиённи баъзан ёввойи селдерей ёки ёввойи сабзи деб ҳам аташади, чунки у илдизмевага эга. Бироқ унинг ҳиди анча ўткир ва хушбўй бўлгани сабабли, барг, поя ёки илдизидан озгина миқдор ҳам бир нечта порция таом учун етарли бўлади. 

Унинг баргларида каротин, витаминлар (C, B гуруҳи, PP, фолий кислотаси), флавоноидлар ва минерал моддалар (темир, калий, кальций ва бошқалар) мавжуд. Шу боис у организм учун жуда фойдали ҳисобланади. Арпабодиён ҳам оддий укроп каби ортиқча вазн, диабет ва организмда туз тўпланиши ҳолатларида истеъмол қилиш тавсия этилади. Унинг меваси ва эфир мойлари эса озиқ-овқат саноатида кенг қўлланилади. 

Бу ўсимлик қадимдан маълум бўлиб, ҳатто қадимги юнонлар уни уйларида сақлаб, ёмон руҳларни ҳайдайди деб ишонишган. Улар арпабодиён уйга тинчлик ва осойишталик олиб келади, деб ҳисоблашган. Дарҳақиқат, бу ишонч бекорга пайдо бўлмаган. 

Арпабодиён нафақат таомларга ўзига хос мазза ва ҳид бағишлайди, балки табиий антисептик хусусиятга эга бўлиб, микроблар ва бактерияларга қарши самарали таъсир кўрсатади.

7. Исмалоқ (шпинат)

Исмалоқ — витамин ва минералларга бой кўкатлардан бири. У айниқса темир ва кальцийга бой бўлиб, А, B ва C витаминларининг муҳим манбаи ҳисобланади.

7

Исмалоқ маҳаллий аҳоли орасида кенг истеъмол қилинадиган ўсимликлардан бири ҳам ҳисобланади. Уни янги ҳолда салатларда қўшиш, қовуриш, буғда пишириш, омлетга ва деярли барча таомларга қўшиш мумкин. Янги ҳолда истеъмол қилинганда унинг фойдаси янада юқори бўлади.

Диетологлар мия фаолиятини рағбатлантириш учун исмалоқни апельсин билан бирга истеъмол қилишни тавсия этадилар.

8. Отқулоқ 

Отқулоқ — баҳорда энг эрта чиқадиган ва энг фойдали кўкатлардан бири. Бу кўкатда иссиқхонада етиштирилган бодринг ва помидорларга қараганда анча кўпроқ витамин ва озуқа моддалари мавжуд. 

8

Унинг барглари баҳорнинг илк кунларидаёқ пайдо бўлади. Бу ўсимлик А, C, PP ва B2 витаминлари, оқсиллар, табиий шакарлар, минерал тузлар (айниқса темир, калий ва магний) ҳамда органик кислоталарга бой. Шу сабабли отқулоқ шарбати организм учун жуда қимматли озуқа манбаи ҳисобланади. 

Қадимдан отқулоқ барглари авитаминознинг илк белгиларида истеъмол қилиниб келинган. У организмни қувватлантириш ва витаминлар етишмаслигини бартараф этишда муҳим аҳамиятга эга. Отқулоқдан салатлар, шўрвалар, миллий баҳорий таомлар, омлетлар ва сомса учун қийма тайёрлашда кенг фойдаланилади. 

9. Коврак

Коврак — зирадошлар (соябонгулдошлар) оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик бўлиб, Ўзбекистонда унинг 40 дан ортиқ тури учрайди. У асосан чўл ва тоғ олди ҳудудларда ўсади. Эрта баҳорда гуллайди.

9

Бу ўсимликнинг айрим турларидан смола (елим) олинади ва у тиббиётда, хусусан астма ва айрим асаб касалликларини даволашда қўлланилади.

Бироқ халқ орасида истеъмол қилинадиган коврак — смола олинадиган ўткир ҳидли тур эмас, балки унинг тоғларда ўсадиган навидир. 

Коврак ўсимлиги пишганида ўзига хос ёқимсиз ҳидга эга бўлади. Аммо эрта баҳордаги ёш новдаларида бундай ҳид сезилмайди. Шунинг учун айнан шу даврда у озиқ-овқат сифатида истеъмол қилинади.

Ёш новдаларини салатларга қўшиш, турли таомларга аралаштириб истеъмол қилиш мумкин.

Teglar

Ruxsora Jovliyeva

Ruxsora JovliyevaMaqolalar soni: 778

Barchasi

Mavzuga oid