Яман ҳусийчилари урушга қўшилди: Яқин Шарқда кескинлик ва нефт нархлари ўсмоқда
Яман ҳусийчилари Исроилга ҳужум қилди. Можаро кенгайиб, нефт нархлари ўсиши ва глобал бозорлар учун янги хавфлар пайдо бўлмоқда.

Яман ҳусийчилари Исроилга ракета ҳужуми учун жавобгарликни ўз зиммасига олди ва Эрон ҳамда Ливандаги «Ҳизбуллоҳ»га қарши зарбалар тўхтамагунча операцияларни давом эттиришга ваъда берди, деб хабар қилади «The Wall Street Journal».
Бугун, 28-март эрталаб Исроил ҳарбийлари Ямандан Исроил томон ракета учирилганини ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари «хавфни бартараф этганини» маълум қилди.
«WSJ» таъкидлашича, бу Эрон қўллаб-қувватлаётган ҳусийчилар томонидан ушбу уруш бошланганидан бери Исроилга қарши илк ҳужумдир. Шу вақтгача улар тўқнашувга киришишдан тийилиб келган, аммо сўнгги вақтларда АҚШ ва Исроилдан урушни тўхтатишни талаб қилиб, риторикани кучайтирган эди.
«Ҳусийчилар ҳаракатлари урушни янги фронтга кенгайтиради ва жаҳон нефт бозори учун қўшимча муаммоларни келтириб чиқариши мумкин», – деб ёзади «Bloomberg».
2023-йил охирида Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги уруш бошланганидан сўнг, ушбу гуруҳ Қизил денгизда кемаларга ракета ва дронлар ёрдамида ҳужумларни фаоллаштирган. Натижада минтақадаги кемачилик амалда издан чиққан, кемалар эса Жанубий Африка атрофидан қарийб икки ҳафталик айланма йўлни босиб ўтишга ва қўшимча харажатлар қилишга мажбур бўлган.
Ҳозирча ҳусийчилар Қизил денгизнинг жанубий қисми ва Боб-ул-Мандаб бўғози орқали ўтаётган танкерлар ёки бошқа кемаларга ҳужум қилиш ниятини билдирмаган, аммо уларда бундай имконият бор. Шунингдек, Саудия Арабистони нефт экспорт қилишда Ҳўрмуз бўғозини айланиб ўтиш учун фойдаланадиган Янбу порти ҳам ҳусийлар ракеталари етиб бора оладиган ҳудудда жойлашгани таъкидланмоқда.
Трамп музокаралар ҳақида гапираётган пайтда қўшимча зарбалар
Жума куни можаро чўзилиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар фонида фонд бозорлари кескин тушиб кетди, «Brent» эталон нефт нархи эса 112 доллардан ошиб, уруш бошланганидан бери 50 фоиздан кўпроқка ошди.
Трамп номақбул урушни тугатишга интилмоқда ва шу ҳафта Эрон билан дипломатик йўл орқали можарони ҳал қилишга қаратилган «самарали музокаралар» ҳақида гапирди. Покистон, Миср ва Туркия томонлар ўртасида хабар алмашишда воситачилик қилмоқда, аммо Теҳрон Вашингтон билан бундай музокаралар олиб борилаётганини бир неча бор рад этган.
Норасмий алоқалардан хабардор икки манба яқин вақт ичида тўғридан тўғри музокаралар ўтказилиши эҳтимолига шубҳа билдирган. Пайшанба куни Трамп Эронга Ҳўрмуз бўғозини қайта очиш учун 10 кунлик муҳлатни узайтирди, акс ҳолда электр станциялари ва бошқа энергетик инфратузилмага зарбалар берилиши мумкинлигини айтди. Гарчи бу ҳужумлар вақтинча тўхтатилган бўлса-да, АҚШ ва Исроил Эронни бомбардимон қилишда давом этмоқда.
Эрон тунда Исроилга бир неча марта ракета ҳужумларини амалга оширди, натижада бир киши ҳалок бўлди ва Тел Авив атрофида кассетали ўқ-дорилар ҳамда тутиб қолинган ракеталар парчаларидан бир нечта зарарлар кузатилди.
Эроннинг Саудия Арабистонидаги ҳарбий ҳаво базасига қилган ҳужуми оқибатида 12 нафар АҚШ ҳарбийси яраланган, улардан икки нафари оғир аҳволда, дея хабар берди расмий манба. Шу билан бирга, Форс кўрфази атрофида дрон ва ракета ҳужумлари давом этмоқда.
Шанба куни эрталаб Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайнда ҳам ракета ҳужумлари ҳақида хабарлар берилди: Абу Дабидаги Халифа порти яқинида ракета тутиб қолинганидан сўнг ёнғинлар келиб чиққан ва беш киши яраланган.
Шунингдек, Эроннинг шимоли-ғарбидаги Занжон шаҳридаги тураржой бинога АҚШ–Исроил ҳужуми натижасида камида беш киши ҳалок бўлган ва етти киши яралангани ҳақида маҳаллий ОАВ хабар қилди. Теҳрондаги Эрон фан ва технология университети ҳам зарбага учрагани айтилмоқда.





