7 млрд сўмлик панжаралар, бузилаётган бекатлар ва 2030-йилгача берилган ваъдалар: Тошкент йўлларида нималар ўзгаради?
Тошкентда йўл ҳаракатини бошқаришда ақлли тизим ишга туширилади, бу тизим светофорларнинг ишлашини реал вақт режимида автоматик бошқариш, транспорт оқимларини таҳлил қилиш имконини беради.
2030-йилгача кўчалар таъмирланади, йўллар асфалт бўлади, ақлли светофорлар ўрнатилади, тирбандликлар эса камаяди. Тошкентда йўл ҳаракатини бошқаришда “ақлли тизим” ишга туширилади, бу тизим светофорларнинг ишлашини реал вақт режимида автоматик бошқариш, транспорт оқимларини таҳлил қилиш имконини беради. Бу маълумотлар 12-март куни Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази томонидан маълум қилинди. Марказ ташкил қилинганига ҳали ярим йил ҳам бўлмаган. Аммо, берилаётган ваъдалар катта.
“2030-йилгача қўйилган KPI жамоат транспортининг улушини 60 фоизга етказиш, автобусларнинг ҳаракатланиш ўртача тезлигини 24 километр соатига етказиш, жами ҳисобда шаҳар бўйича 2 600 та автобус бекатларини реконструкция қилиш. Ҳозир Тошкент шаҳрида умумий ҳисобда 125 та чорраҳада ўрнатилган бўлса, 700 та яна ўша чорраҳаларда ақлли светофорлар ўрнатиш ва уларни бир-бири билан комплекс ишлатишни таъминлаш вазифаси юклатилган”, дейди Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази бўлим бошлиғи Оллаёр Норбўтаев.
Матбуот анжуманида кўплаб масалалар муҳокама қилинди, келин биринчи бўлиб, шу кунларда муҳокама бўлаётганига тўхталади. Агар автобусда юрсангиз, бекатлар бузилаётганига кўзингиз тушган бўлса керак. Маъсулларнинг маълум қилишича, бу ишлар долзарб 90 кунлик доирасида амалга оширилмоқда. Кўчалар ўзгаргани, бекатлар замонавий бўлгани яхши, лекин бу тадбиркорларни норизо қилиш эвазига эмас, албатта.
“Инсон қадри улуғ шаҳар” шиори остида ўтказилаётган 90 кунлик тадбирида пойтахтнинг энг тирбанд 472 км автомобил йўли аниқланган, биринчи босқичда 100 кмлик масофа қамраб олинди ва 360 дан ортиқ бекатлар қурилади. Ҳокимликнинг айтишича, белгилаб олинган ҳудудда шу вақтдача 110 та савдо объекти жойлашган, ундан 61 та бекат мажмуаси ҳудудига эгалик қилиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим эта олмаган. Бу танлаб олинган ҳудуддаги ноқонуний бекатлар сони холос. Бутун шаҳар кўздан кечирилса, яна қанча ҳужжатсиз дўконлар аниқланади — бу бизга қоронғу.
Лекин аниқ савол бор: йиллар давомида фаолият юритган бу дўконлар ҳақида пойтахт ҳокимлиги масъуллари ростдан ҳам бехабар бўлганми ёки бунга кўз юмилганми? “Долзарб 90 кун” мобайнида 472 километрнинг 100 километри ажратиб олинган. 380 та бекатдан 120 таси дўконли бекат. Ҳар бири бўйича ўрганишлар олиб бориляпти. 120 та бекатдан 60 таси ноқонуний қурилгани аниқланди. Бузишга, суднинг қарори ҳам чиққан. Қайси жойда, бузилган бўлса, суднинг қарори билан бузилган. Тўппа-тўғри айтдингиз, тадбиркор куйиб қолиши керак эмас. Ҳозирда туман ҳокимиятларига топшириқлар берилган. Туман ҳокимиятлари ўша дўконли бекатларнинг ҳар бирини ўрганиб, туманда ташкил этилган туризм кўчаларидан жой берилади”, дейди марказ маъсули.
Бу вазиятда асосий саволлардан яна бири: нега ҳокимлик ва тадбиркорларнинг ноқонуний қурилмасини ноқонуний бузган? Амалдорлар барча тадбиркорлар огоҳлантирилган, суд қарори билан бузилган, деганига қарамай, VAQT.UZ билан суҳбатда бўлган бир нешта тадбиркорлар, уларнинг дўкони ҳеч қандай огоҳлантириш ва суд қарорисиз бузилганини айтмоқда.
«Бузиш ҳақида фақат келганимизда хабар топдик. Дўконимиз Шайхонтоҳур тумани, Нурофшон кўчаси, 18-А уйида жойлашган. 2020-йилда туман ҳокими қарори билан кадастр ҳужжатлари берилган. Мулкимиз расмий кадастр ҳужжатига эга. Кўчмас мулк дахлсизлиги доимо Ўзбекистон Республикаси ҳимоясида деб билганмиз. Огоҳлантириш берилган тақдирда ҳам, буни фақат суд қарори асосида, мулк ноқонуний топилганда амалга оширилади, деб ўйлагандик. Лекин амалда аксинча бўлди», дейди тадбиркорлардан бири.
Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Абдураҳмон Бахтиевнинг айтишича, биринчи босқичда белгиланган бекатлар тадбиркорларга 6 йиллик ижара билан берилади. Тадбиркор бекатга реклама эълонларини қўйиш орқали даромад қилади.
Янги бекатларни қуришда ҳам аниқ стандартлар бор. Ҳуллас, бекатлар атрофида яна тадбиркор ва амалдорларнинг гапи икки хиллигича қолди. Аммо ҳоким ўринбосари ва бошқа маъсуллар ҳеч ким куйикб қолмаслиги, ҳаммага савдо қилиш учун яхши жой берилишини ваъда қилмоқда. Бу ваъдалар бажариладими, йўқми, буни албатта вақт кўрсатади.
Феврал ойида муҳокама бўлган панжаралар масаласи ҳам ёдингизда бўлса керак. 8 йил олдин хавфли деб топилиб йўл ўртасидан олинган темир панжаралар Тошкент шаҳар ҳокими қарори билан 7 млрд яқин пул ажратилиб яна қўйилаётган эди. Асосий мақсад ЙТҲларни камайтириш экани айтилган бўлсада, бу ишлар аниқ ўрганиш ва таҳлилларсиз қилинган кўринади.
Пойтахт ҳокимининг ўринбосари нега панжаралар иши ўлда жўлда қолиб кетди деган саволга шундай жавоб берди: “Ростдан ҳам, шу, тўғриси, биз марказ очилиши билан шу панжаралар масаласи оммавий ахборот воситаларида айланишни бошлади. Биз нима қилдик? Ҳар битта чорраҳани, ҳар битта кўчани анализ қилдик. Айрим ҳолларда ростдан ҳам шу панжаралар ўрнатилиши нотўғри бўлиши кутилмоқда. Ҳозир якуний хулосамиз йўқ. Биз ўзимиз учун приоритет белгилаб олдик. Қайси ҳолатларда панжаралар қўйилиши керак, қайси ҳолатларда панжаралар қўйилиши керак эмас”, дейди шаҳар ҳокими ўринбосари.
Маъсулларнинг айтишича, аслида бу панжараларни шаҳар кўчаларига қайтариш таклифи Республика йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан таклиф қилинган, шаҳар ҳокими эса буни тасдиқлаб берганлар. Нима бўлганда ҳам давлатнинг бир соми ҳам ўйнаш учун эмас. Уни тинийинигача тўғри ишлатиш керак.
Шунингдек, матбуот анжуманида Пойтахтда ишга туширилаётган янги тизим доирасида светофорлар транспорт оқимининг интенсивлигига қараб автоматик равишда мослашиши, махсус камералар ва датчиклар чорраҳадаги транспорт оқимини кузатиб, зарур йўналишларда «яшил чироқ» вақтини узайтириши ҳам айтилди.
Нималар ўзгаряпти? дейсизми? Пойтахт чорраҳаларини ягона интеллектуал тизимга бирлаштиришга қаратилган рақамли трансформация жараёни босқичма-босқич жорий этилмоқда. Мазкур лойиҳа доирасида транспорт оқимини реал вақт режимида таҳлил қиладиган «ақлли» тизим жорий этилади. Шунингдек, жамоат транспортига устуворлик бериш механизми ҳам жорий этилади ва ГПС-мониторинг орқали светофорлар яқинлашаётган автобусни аниқлайди ва унга устувор ҳаракат имконини беради. Натижада автобуслар бекатларга тезроқ етиб боради ва йўловчиларнинг кутиш вақти қисқаради.
Йўл-транспорт ҳодисалари бўйича маълумотлар ҳам рақамлаштирилиб, ягона харитага жойлаштирилган. Бу муҳандисларга тирбандликлар ва хавфли ҳудудларни олдиндан аниқлаш ҳамда ҳаракат схемасини такомиллаштириш имконини беради.
Тизим кўлами: ҳозирги кунда тизимга 125 та муҳим чорраҳа уланган. 2026-йилда 545 та объектни тизимга улаш режалаштирилган. Умуман олганда, Тошкент шаҳрида қарийб 1 000 та светофорли чорраҳа мавжуд. Ҳар бир «ақлли» чорраҳа камида 4 та камера ва транспорт оқими зичлигини ўлчовчи датчиклар билан жиҳозланади. Тизимни бошқариш ва таҳлил қилиш жараёнларида 30 дан ортиқ транспорт муҳандислари, IT-таҳлилчилар ҳамда халқаро экспертлардан иборат жамоа фаолият олиб бормоқда.
Teglar






