АҚШ–Эрон можароси: хавфли сценарийлар таҳлили

Эрон билан қарама-қаршилик авж олган сари, АҚШнинг ҳарбий режалари амалда бажарилиши қийин бўлган сценарийларга айланмоқда.

АҚШ–Эрон можароси: хавфли сценарийлар таҳлили

Турли тахмин ва миш-мишларга қарамай, Эрондаги ҳарбий ҳаракатлар тез орада якунланишидан далолат берувчи белгилар ҳозирча кўзга ташланмаяпти. АҚШ Давлат котиби Марко Рубио иттифоқчиларга вазиятни ўнглаш учун яна камида тўрт ҳафта муддат зарурлигини таъкидламоқда. Дональд Трампнинг Хитойга ташрифи май ойининг ўрталарига қолдирилди, ваҳоланки, унгача ушбу инқирозни бартараф этиш режалаштирилган эди. Эрон эса ўз навбатида муросага келиш ниятида эмас. Теҳрон нафақат асосий масалаларда ён босмаяпти, балки товон пули тўланиши ва Ҳўрмуз бўғози устидан назоратни сақлаб қолиш каби кескин талабларни илгари сурмоқда.

Бундай шароитда урушдан чиқиш Трамп учун таслим бўлиш билан баробардир. Бу эса ноябр ойидаги оралиқ сайловларда у учун ҳақиқий ҳалокатга айланади. Шунингдек, бу ҳолат АҚШнинг Яқин Шарқдаги мавқеига жиддий путур етказади. Шу боис, Вашингтонда вазиятни янада кескинлаштириш ва қуруқликдаги ҳарбий амалиётларга ҳозирлик кўришдан ўзга чора қолмаяпти.

1

Бироқ АҚШ ҳозирча бу учун кўпи билан 20 минг кишилик қўшинга эга. Ҳатто айрим иттифоқчиларнинг қўшилиши ҳам (айни дамда фақат БАА ва Уганда бунга тайёрлигини маълум қилган) мавжуд ҳарбий контингентни сезиларли даражада кучайтира олмайди. Исроилнинг ҳам имкониятлари чекланган: бир томондан «Ҳизбуллоҳ»нинг фаоллашгани, иккинчи томондан ХАМАСнинг ҳали тўлиқ мағлуб этилмагани вазиятни янада мураккаблаштиради.

20 минг кишилик контингент билан АҚШ Эронга нисбатан кенг кўламли ҳарбий интервенцияни, айниқса, мамлакатни тўлиқ оккупация қилиш амалиётини амалга ошира олмайди. Таққослаш учун, Ироқ урушига 170 минг киши сафарбар этилган эди. Шу боис, фақат чекланган, қисқа муддатли ва муайян мақсадларга йўналтирилган, ҳудудни узоқ вақт назорат қилишни кўзда тутмайдиган амалиётларгина ҳақиқатга яқин.

Воқеалар ривожининг энг эҳтимолий тўртта асосий сценарийси кутилмоқда:

  • Эрон нефт экспортининг 99 фоизи йўналтириладиган Харк оролини ва бошқа бир қатор стратегик аҳамиятга эга оролларни назоратга олиш;

  • Кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлаш ҳамда қирғоқдаги ракета тизимлари, дрон ва радиолокация станцияларини йўқ қилиш мақсадида Ҳўрмуз бўғози яқинига чекланган миқдорда десант тушириш;

  • Муайян ядро ёки ракета объектларини зарарсизлантириш, портлатиш, муҳим материалларни олиб чиқиш ёки авиазарбалар натижасини тасдиқлаш учун махсус рейдлар уюштириш;

  • Йирик порт ёки нефт терминалини вақтинча эгаллаб, жанговар вазифа бажарилгач, ҳудудни тез фурсатда тарк этиш.

Харк оролидан ташқари, минтақадаги Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг бошқа таянч нуқталари ҳам нишон бўлиши мумкин. Масалан, Форс кўрфазидаги энг йирик (узунлиги 135 км, кенглиги 40 км) Қешм ороли бўлиб, эронликлар у ерда мустаҳкам мудофаа инфратузилмасига эга ҳақиқий ер ости ракета базасини барпо этган. Ёки бўғознинг энг тор қисмида жойлашган, қўмондонлик-кузатув пункти ва денгизни миналаш базаси сифатида фойдаланиладиган Ларак ороли. БААга энг яқин жойлашган яна бир нуқта — Абу-Муса ороли бўлиб, у бўйича БАА ва Эрон ўртасидаги ҳудудий низо ҳалигача ҳал этилмаган. АҚШ бир вақтнинг ўзида барча оролларни қўлга кирита олмайди, бунга унинг кучи етмайди.

2

Энг кўп муҳокама қилинадиган ҳолат - Харк оролига ҳужум. Бироқ бу ҳам жуда қалтис амалиёт бўлиб, тактик йўқотишлар хавфи юқори, АҚШ жамияти эса бундай талафотларга мутлақо тоқат қила олмайди. Асосий муаммо шундаки, орол Эрон қирғоқларига жуда яқин (25 км гача) жойлашган бўлиб, Эрон ракеталари, дронлари ва бошқа зарба бериш воситалари етиб борадиган масофада туради.

Оролнинг назоратга олиниши Ҳўрмуз бўғози масаласини тўлиқ ҳал этишга кафолат бермайди (чунки орол бўғоздан 450 км жанубда жойлашган). Сўнгги вақтларда Эрон орол мудофаасини қўшимча қўшинлар, ҳаво ҳужумидан мудофаа воситалари ва миналар билан кучайтирди. Ҳатто десант тушиши мумкин бўлган ҳудудларга миналар жойлаштирилган. Бу эса ҳатто оролга тушиш босқичидаёқ талафотлар эҳтимолини оширади.  

Орол эгалланган тақдирда ҳам, Эроннинг тинимсиз ҳужумлари шароитида гарнизонга денгиз ва ҳаво йўллари орқали таъминот етказиб туриш зарурати туғилади. Бу эса ўз навбатида «оператив қопқон» хавфини келтириб чиқаради: АҚШ объектни тез фурсатда назоратга олиши мумкин, бироқ ўз нуфузига путур етказмасдан ёки қўшимча куч сафарбар қилмасдан туриб, мазкур вазиятдан осонгина чиқиб кета олмайди. Агар Эрон оролга ва таъминот йўлакларига мунтазам зарбалар беришни бошласа (бу эса муқаррар), Вашингтон ё ҳарбий контингентни кенгайтиришга, ёки чекинишга мажбур бўлади. Ҳар икки ҳолат ҳам жиддий сиёсий оқибатларни келтириб чиқариши тайин.

Харк оролига ҳужум уюштирилиши Эроннинг бутун минтақа бўйлаб кенг кўламли қасос кампаниясини бошлаб юборишига сабаб бўлиши мумкин. Бу жараён, биринчи навбатда, АҚШнинг Форс кўрфазидаги араб иттифоқчиларига бериладиган зарбаларнинг кескин кучайишида намоён бўлади. Шунингдек, Сувайш каналининг «жанубий дарвозаси» ҳисобланган Боб ал-Мандаб бўғозини ёпиб қўйишга қодир Яман ҳусийчиларининг низога фаол қўшилиши вазиятни янада мураккаблаштириши мумкин.

Агар шунга қарамай, қуруқликда чекланган ҳарбий операция ўтказиш ҳақида қарор қабул қилинса, асосий зарба берувчи куч вазифасини денгиз пиёдалари бажаради. Улар десант бўлинмалари ва АҚШ Марказий қўмондонлиги ихтиёридаги минтақавий инфратузилма билан кучайтирилади.

Бунга жавобан Эрон армияси бўлинмалари, Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси ва «Басиж» кўнгиллилар гуруҳлари дарҳол сафарбар қилинади (Эронда сафарбарлик аллақачон эълон қилинган).

Натижада Вашингтон учун фақат айрим стратегик объектларга аниқ йўналтирилган зарбалар бериш билан чекланишдан ўзга чора қолмайди. Шундан сўнг улар ё «ғалаба» ҳақида жар солиб, Теҳрон билан муайян келишувларга эришишга уринади, ёки топшириқни бажариб бўлмаслигини тан олишга мажбур бўлади.

Teglar

Mavzuga oid