Украина Саудия Арабистонига Эрон дронларига қарши курашда ёрдам бермоқда

Владимир Зеленский Саудия Арабистонида украиналик ПВО экспертлари билан учрашди. Украина мутахассислари қироллик осмонини Эрон дронлари ва ракеталаридан ҳимоя қилишга кўмаклашмоқда.

Украина Саудия Арабистонига Эрон дронларига қарши курашда ёрдам бермоқда

Украина президенти Воладимир Зеленский Саудия Арабистонида бир ҳафтадан ортиқ вақтдан бери қиролликда ишлаётган Украина ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича ҳарбий экспертлари билан учрашди. Ташриф 26-март куни бўлиб ўтди. Мутахассисларнинг асосий вазифаси — Эроннинг «Шаҳед» дронлари ва ракеталаридан ҳимояни кучайтиришга ёрдам беришдир.

«Минтақада осмонимизни ҳимоя қилиш бўйича экспертларимизнинг асосий вазифаси — муаммоли масалаларни аниқлаш ва Эрон «шаҳед»лари ҳамда ракеталаридан аҳолини ҳимоя қилишни кучайтириш учун қандай ўзгаришлар кераклигини белгилашдир», — деди Зеленский.

Унинг сўзларига кўра, экспертлар ҳам операцион, ҳам кенгроқ даражадаги ишнинг дастлабки натижалари ҳақида ҳисобот беришган. Учрашувда дронларни йўқ қилиш ёндашувлари ва Саудия осмони ҳимоясини кучайтириш чоралари муҳокама қилинган.

«Ҳамкорларимиз билан биргаликда амалга оширишимиз мумкин бўлган аниқ чоралар бор», — дея қўшимча қилди президент. У ҳамкорликнинг асосий тамойилини ҳам белгилаб берди: ёрдам — Украинани қўллаб-қувватлаётган давлатларга тақдим этилади.

Зеленский ҳаво ҳужумидан мудофаа соҳасидаги Украина экспертизасининг ноёблигини таъкидлади — у реал жанговар шароитларда шаклланган ва ўз самарадорлигини исботлаган. Аввалроқ, украиналик экспертлар Қатар ва БААга ҳам юборилган эди. Киев, шунингдек, Иорданиядаги АҚШ ҳарбий объектларини ҳимоя қилиш учун дрон-тутқичлар ва учувчисиз учиш аппаратлари бўйича мутахассисларни юборган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, бу АҚШнинг илтимосига биноан амалга оширилган.

АҚШ президенти Доналд Трамп эса бу даъвони рад этиб, «Fox News» телеканалига берган интервюсида АҚШ Яқин Шарқдаги ўз объектларини ҳимоя қилиш учун Украина ёрдамига муҳтож эмаслигини айтди.

Teglar

Mavzuga oid