Миллиардлар оқими: Ўзбекистон иқтисодиёти меҳнат мигрантлари елкасида
Ўзбекистон иқтисодиёти учун пул ўтказмалари шунчаки рақам эмас, балки валюта бозорини ушлаб турган асосий «қон томири»дир. 2025-йилда хориждан келган 18,9 млрд доллар мамлакат ЯИМнинг салмоқли қисмини ташкил этди. Хўш, миграция фақат пул деганими ёки бу жараён ортида «ақллар оқими» ва сиёсий дахлдорлик каби чуқурроқ масалалар яширинганми?

Иқтисодиётнинг қон томири: мигрантлар мамлакатга қандай фойда келтирмоқда?
18,9 млрд доллар. Бу 2025-йилда чет элдан Ўзбекистонга келиб тушган пул ўтказмаларининг миқдори. Мазкур кўрсаткич 2024-йилга нисбатан 28 фоизга (4,1 млрд доллар) ошиб, ички валюта бозори мувозанатини таъминлашга хизмат қилган. Таҳлилларга кўра, пул ўтказмалари мамлакатдаги валюта таклифининг муҳим манбалари қаторида қолмоқда. Бу пул ўтказмалари оқимини ҳосил қилаётган манба эса меҳнат мигрантларидир.
Миграция — мураккаб феномен. У муайян иқтисодий-сиёсий муаммолар негизида ҳосил бўлса-да, ўз навбатида, иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи асосий драйверлардан бири ҳам. Иш излаб кетган ҳар бир муҳожир нафақат оила боқади, балки улкан иқтисодий жараён мурватларини ҳам ҳаракатга келтиради.
Vaqt.uz қуйидаги мақолада мигрантлар фаолиятини айнан иқтисодий самара линзаси орқали таҳлил қилади.
Умумий ҳолат рақамларда
Ҳозирда 1,3 млн нафардан зиёд ўзбекистонлик хорижда меҳнат қиляпти. Миграция агентлиги маълумотларига кўра, уларнинг 600 минг нафари Россияда, қолган аксарияти Қозоғистон ва Туркияда. Таҳлилларга кўра, бу 1,3 млн фуқаронинг 20 фоизини аёллар ташкил этади. Норасмий манбаларда эса умумий рақам аллақачон 3 миллиондан ошгани айтилади.
Меҳнат муҳожирларининг мамлакат иқтисодиётига таъсири энг аввало пул ўтказмаларида акс этади. Юқорида қайд этилганидек, бу кўрсаткич йил сайин ошиб бормоқда (2024-йилда 14,8 млрд доллар, 2025-йилда 18,9 млрд доллар). Мазкур тенденция жорий йилда ҳам давом этаётганини кузатиш мумкин: 2026-йил январ-март ойларида Ўзбекистонга халқаро пул ўтказмалари ҳажми 3,79 млрд долларни ташкил этган. 2025-йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич 3,36 млрд доллар бўлган, 2024-йилда эса 2,5 млрд доллар даражасида қайд этилган.
Марказий банк таҳлилига кўра, ўзбекистонлик муҳожирлар Россия, Қозоғистон, Корея, Туркия каби анъанавий давлатлар билан бирга Европа ва Осиё меҳнат бозорига ҳам кенгроқ кириб бормоқда. Масалан, ўтган йили мамлакатимизга Европа Иттифоқидан мигрантлар 563 млн доллар юборган. Бу 2024-йилдагидан 253 млн долларга ёки 37 фоизга кўпроқ. Ўз навбатида, 2025-йилда АҚШдан Ўзбекистонга 665 млн доллар (йиллик ўсиш 15 фоиз), Кореядан 612 миллион доллар (ўсиш 15 фоиз), Буюк Британиядан 188 млн доллар (ўсиш 39 фоиз) ўтказилган. Қозоғистондан 903 млн доллар (2024-йилда 795 миллион доллар), Туркиядан 547 млн доллар юборилган (бир йил олдин 406 миллион доллар) келиб тушган.
Шунингдек, меҳнат муҳожирларининг мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши ҳам анча салмоқли. 2024-йилги маълумотларга кўра, мигрантлар юборган пул ўтказмаларининг ҳажми бўйича Ўзбекистон дунёда 19-ўринни эгаллаган – бу маблағ ҳажми ЯИМнинг 14,4 фоизини ҳосил қилган.
Маълумот учун: сўнгги йилларда ташқи миграция кўрсаткичларида беқарорликни кузатиш мумкин. 2021-йилда 20 140 нафар ўзбекистонлик хорижга кўчиб кетган, 2022-йилда бу кўрсаткич 8 790 нафарга тушган. 2023-йилда яна ўсиш кузатилиб, 17 336 нафарни ташкил этган. 2024- ва 2025-йилларда эса хорижга кетганлар сони мос равишда 10 842 ва 10 117 нафарни ташкил этган.
Гап фақат «соққа»да эмас
Меҳнат мигрантларининг иқтисодиётдаги роли асосан пул ўтказмаларида кўринса-да, уларнинг фойдали иштироки фақат шу билан чекланиб қолмайди.
Биринчидан, меҳнат миграцияси камбағалликни қисқартиришга ёрдам беради. Мигрантлар юборган маблағлар чекка ҳудудлардаги оилаларнинг истеъмол қобилиятини (озиқ-овқат, тиббиёт, таълим) оширади.
Иккинчидан, кичик бизнес ва инвестиция имкониятлари ортади. Ватанга қайтиб келган мигрантлар реинтеграция жараёнида хорижда тўплаган пул ва билимдан фойдаланиб кичик тадбиркорликни йўлга қўйиши мумкин.
Учинчидан, инсон капитали ривожланади. Муҳожир нафақат пул, балки хорижий иш маданияти, янги технологиялар билан ишлаш кўникмаси ва тил билиш маҳоратини ҳам олиб келади.
Албатта, меҳнат миграцияси чин маънода иқтисодий капиталга айланиши учун пул ўтказмаларини шунчаки тўй-ҳашам ёки уй-жойга эмас, балки қимматли қоғозлар ёки инвестиция фондларига йўналтириш механизмларини яратиш мақсадга мувофиқ.
Бир ишчига икки бошлиқ
Кўп йиллардан бери Россиядаги меҳнат муҳожирлари билан бевосита мулоқотда бўлган ва юридик масалаларда кўмак бериб келаётган ҳуқуқшунос Зарнигор Омониллаева уларнинг ватанга нисбатан ўз иқтисодий дахлдорлиги ҳақидаги тасаввурини шундай тасвирлайди:
— Меҳнат муҳожирлари ҳеч қачон ўзларини Россия иқтисодиётининг бир қисми сифатида кўришмайди. Хорижга қанча вақтга кетишларидан қатъи назар, доим ўзларини Ўзбекистон иқтисодиётининг бир қисми сифатида билишади. Энг аввало, оила ва яқинлари бўлгани учун. Қолаверса, ҳар кун, ҳар дақиқа – хоҳ бир йил ишласин, хоҳ беш йил – ватанга қайтаман, деган фикр билан юргани учун. Муҳожирлар ўзларини Ўзбекистон иқтисодиётининг бир устуни сифатида кўришади. Чунки биз юбораётган пуллар яқинларимиз, оиламиз учун дастак бўляпти, деган бош тамойил асосида масъулиятни ҳис қилишади.
Биласизми, муҳожир – икки бошлиқнинг қўлида ишлайдиган ишчи. Бир томондан, у она мамлакатидаги солиқ, қонунчиликдаги янгиликларга ўзини дахлдор ҳис қилиб, ўзгариш мазмунидан келиб чиққан ҳолда ижобий ёки салбий муносабатда бўлади, лекин бефарқ қарамайди. Иккинчи томондан, Росссияда қонунчилик ўзгарганда, бу ҳам уларнинг иқтисодий ҳолатига бевосита таъсир қилади.
Масалан, реестрдаги ўзгариш, патент қийматининг ошиши каби ҳолатлар улар юборадиган пул ҳажмида акс этмай қолмайди. Шу жиҳатдан, меҳнат муҳожирлари Россиядаги қонунчилик, тартибдан келиб чиқиб ўзининг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсирини ўлчайди, қайсидир маънода ўзини иқтисодий кўприкдек ҳис қилади. У икки томоннинг қонунчилиги билан ҳам ҳисоблашиши, икки бошлиқнинг раъйи билан иш тутиши керак.
Табиийки, йиллар давомида ватандан узоқда бўлиш маълум даражада муҳожирнинг дахлдорлик ҳиссига таъсир кўрсатади. Ва бу дахлдорлик ҳиссининг ижобий ёки салбий бўлишида давлат-нодавлат идоралари вакиллари билан мулоқот тажрибасининг роли катта. Масалан, ватанга қайтгач, тэлефонни рўйхатдан ўтказиш учун божхона ходимларига ёки саломатлиги бўйича поликлиникага мурожаат қилганида кўрадиган муносабати унинг ватан билан боғлиқлик ҳиссини белгилайди. Шу боис бу муомала рэгламенти устида ишлаш, уни тартибга солиш мақсадга мувофиқ.
Мигрантларнинг Ўзбекистонга дахлдорлигини ошириш учун уларнинг сиёсий, ижтимоий жараёнларга иштирокини кучайтиришни таклиф қилган бўлардим. Масалан, қонун лойиҳалари муҳокамасида, ижтимоий тартиботдаги ўзгаришлар бўйича мунозараларда уларни жалб қилиш, фикрларини ўрганиш (мисол учун, my.gov.uz ёки шу каби платфорламалар орқали) тўғри бўлади. Бу меҳнат муҳожирларидек катта иқтисодий кучнинг ватанга дахлдорлик ҳиссини ошириб, фуқаролик институтини мустаҳкамлайди.
Хориждаги кичик ватан
Миграция хусусида сўз борганда яна бир феноменга алоҳида тўхталиб ўтиш жоиз: диаспоралар.
Диаспора ўз тарихий ватанидан ташқарида, бошқа мамлакат ёки ҳудудда доимий яшовчи, ўз миллий маданияти, тили ва анъаналарини сақлаб қолган этник гуруҳ саналади. Уларнинг мигрантлардан асосий фарқи доимий/узоқ муддатга яшаш учун кўчиб кетганлигида.
Очиқ манбаларда хориждаги ўзбек диаспоралари аъзоларининг сони фарқланади. Айтиш мумкинки, Россия, Туркия, АҚШ ва Саудия Арабистони каби мамлакатларда ҳажми ва қамрови бўйича энг йирик ўзбек диаспоралари мавжуд. Сўнгги йилларда Жанубий Кореяда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар сони ҳам ўсиб бормоқда.
Диаспоралар, айниқса, ватандаги мураккаб вазиятларда қўшимча ташқи куч сифатида намоён бўлади. Мисол учун, коронавирус пандемияси даврида АҚШ, Германия, Россия ва Жанубий Кореядаги ватандошларнинг саъй-ҳаракати билан Ўзбекистонга сунъий нафас аппаратлари, кислород концентраторлари ва пулсоксиметрлар етказиб берилган, шунингдек, Сирдарё вилоятида Сардоба сув омборида фожиа юз берганида, кенг кўламли моддий ёрдам акциялари ташкил этилганди.
Бундан ташқари, ўқиш ёки иш мақсадида хорижий мамлакатга энди борган ватандошларнинг янги муҳит, бегона тартиб-қоидаларга осон мослашишида ҳам диаспоралар муҳим рол ўйнайди – улар ўзига хос экомуҳитни ҳосил қилади, хорижда ватан ҳиссини бағишлайди.
Иқтисодчи Беҳзод Ҳошимов диаспоралар ва меҳнат муҳожирларининг иқтисодий-сиёсий роли ҳақида шундай фикрда:
— Мигрантлар иқтисодий жиҳатдан катта куч эканлиги аниқ, уларнинг сиёсий таъсири эса мавҳумроқ масала. Исроил, Арманистон каби тизимли сиёсий муаммолар мавжуд бўлган мамлакатларга диаспораларнинг сиёсий таъсирини ўлчаш мумкин. Қолаверса, диаспораларнинг қайси мамлакатда эканлиги ҳам муҳим. Британия ва АҚШ каби демократик давлатларда диаспора вакиллари ўз она юртининг имижини яратиш, қайсидир маънода маданиятини ёйишда рол ўйнаши мумкин.
Бизнинг асосий мигрантларимиз Россияда ишлагани ва бу қайсидир маънода нодемократик давлат бўлгани учун муҳожирлар сиёсий жараёнларга таъсир кўрсата олмайди. Масалан, Хитойда 5 млн ўзбек яшаса ҳам уларнинг таъсири нолга тенг бўлади. Лекин худди шунча одам Британияда яшаса, бу бошқа гап. Шунингдек, муҳожирнинг таъсирини белгилашда у бажарадиган касб ҳам муҳим аҳамиятга эга. Муҳожир катта маош олса-ю, унинг касби нуфузли ҳисобланмаса, жамиятдаги таъсири чекланган бўлади. Чунки Британия каби давлатлардан ижтимоий мавқе пул билан ўлчанмайди. Ўзбеклар эса кўпроқ пул келадиган соҳаларни танлашади.
Назаримда, ўзбеклар ўта аполитик. Яъни сиёсатдан узоқроқ юришга, аралашмасликка интилади. Шунинг учун ҳам хориждаги муҳожирларнинг таъсири сонга нисбатан камроқ бўлиб қолаверади.
Диаспора ноу-ҳау жиҳатидан муҳим. Улар хориждаги ижобий амалиётларни кўриб, она мамлакатига татбиқ этишга, янгиликларни олиб киришга интилади. Масалан, тоза-озода жамоат боғларини кўриб, табиий равишда «ўзимизда ҳам қилса бўлади-ку» деган қараш пайдо бўлади. Фақат уларни татбиқ этишда ҳар бир мамлакатнинг ўзига хосликларини ҳам инобатга олиш керак.
«Brain drain» ва «brain gain»
Ташқи миграцияни жараён сифатида икки паллали тарозига ўхшатиш мумкин. Бир паллада ақллар/истеъдодларнинг йўқотилиши, бошқасида эса ақллар/истедодларнинг оқиб келиши туради.
Ақл/истеъдодларнинг йўқотилиши, яъни «brain drain» юқори малакали мутахассисларнинг ривожланаётган давлатдан ривожланган мамлакатларга кўчиб ўтиши бўлиб, бу инсон капиталининг бой берилишини билдиради. Қайсидир маънода, бир мамлакат кадр тайёрлайди, унинг таълими, касбий ривожланиши учун сармоя тикади, лекин хориждаги яхшироқ иш ҳақи, карера имкониятлари, юқори турмуш даражаси ёхуд шунчаки ишсизлик каби омиллар унинг бегона мамлакат меҳнат бозорини тўлдиришига сабаб бўлади.
«Yale Economics Growth Center» таҳлилларига кўра, бу малакали ишчи кучининг камайишига олиб келса-да, тарозининг иккинчи палласи ҳам ишга тушади: биринчидан, хориждаги яхшироқ иш имкониятлари янги кадрларни яхшироқ таълим олишга, тил ўрганишга, касбий малакасини ошириб керакли ходим бўлишга ундайди – у «қора ишчи» эмас, «портфелли мутахассис» қиёфасига интилади. Иккинчидан, мутахассис ривожланган мамлакатда топган маошидан ватанга юборадиган пул, тикадиган инвестиция янги иш ўринларини яратиш, иқтисодиётни ҳаракатга келтириш, инновацияларни жорий этишга асос яратади. Бу, ўз навбатида, билвосита ақл/истеъдоднинг оқиб келишини таъминлайди. Икки палла мувозанатга келганида «brain circulation», яъни ақллар айланмаси жараёни ҳосил бўлади.
Танганинг икки томони
Мақола аввалида қайд этилганидек, миграция мураккаб ижтимоий-иқтисодий, таъбир жоиз бўлса, психологик ҳодиса ҳам. У муайян иқтисодий фойда келтириш баробарида чигал жараёнларни ҳосил қилади. Масалан, муҳожирлар сиёсий манфаатлар тўқншувида босим ўтказиш учун оғриқ нуқтаси сифатида фойдаланилаётган, бахтсиз ҳодисалар қурбонига айланаётган йоки оғир меҳнат шароити сабаб ҳаётдан кўз юмаётган фожиали ҳолатлар ҳам талайгина.
Бундан ташқари, йиллар давомида ватандан узоқда бўлиш оила институтига қандай таъсир қилади? Меҳнат муҳожирлиги ижтимоий етимлик каби ҳолатлар, «мигрант болалари» сингари тоифаларнинг шаклланишига ҳам сабаб бўлмоқдаки, бу алоҳида мақола учун мавзу бўла олади.
Саодат Абдураҳмонова тайёрлади.





