Ўзбекистондан кетган Қозоғистон банки 10 миллион доллардан кўпроқ зарар кўрди
2025 йилнинг август ойида Марказий банк Қозоғистоннинг «Евроосиё банки» лицензиясини қайтариб олиб, уни мажбурий тугатиш тўғрисида қарор қабул қилганди.
© news.mail.ruҚозоғистоннинг «Евроосиё банки» Ўзбекистон бозоридан чиқиши натижасида 5 млрд тенге зарар кўрганини маълум қилди. Бу ҳақда банкнинг 2025 йил якунлари бўйича эълон қилган ҳисоботида акс эттирилган.
2025 йил август ойида Марказий банк «Евроосиё банки» акциядорлик жамиятидан банк фаолиятини амалга ошириш ҳуқуқини берувчи лицензия чақириб олганди. Қарорга асосий сабаб сифатида банкнинг устав капитали миқдори қонунчиликда белгиланган минимал талабларга мувофиқлаштирилмагани кўрсатилган.
2025 йил 1 август ҳолатига кўра, банк капитали 104 млрд сўмни (тахминан 45,8 млрд тенге) ташкил этган, мамлакатда банклардаги устав капиталнинг энг кам миқдор 500 млрд сўм бўлиши талаб этилади.
Банкда кредитлар ва депозитлар портфели ҳам мавжуд бўлмаган, Ўзбекистондаги фаолияти эса фақат зарар билан якунланган: 2024 йилнинг тўққиз ойи давомида 12,6 млрд сўм (5,5 млрд тенге), 2025 йилнинг биринчи ярми учун эса 51,6 млрд сўм (22,7 млрд тенге) зарар кўрган.
Шунингдек, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа шартлар ҳам бажарилмагани қайд этилган.
«Евроосиё банки» 2024 йил 11 январда Марказий банкдан лицензия олган эди. Ўша йилнинг 17 июлида банк ўз шўбаси капиталига 7,56 млрд тенге (200 млрд сўм атрофида) йўналтирган, шундан 5 миллиард тенгеси (10 миллион доллардан кўпроқ) зарарга айланган.
«2025 йилнинг август ойида банк раҳбарияти Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатишга қарор қилди. Натижада 5 миллиард тенге миқдоридаги зарар банкнинг фойда ва зарарлар тўғрисидаги ҳисоботида келтирилди. Шўба корхонани тугатишдан олинадиган 2,56 млрд тенге миқдоридаги активлар бошқа активларда акс эттирилган», — дейилади ҳисоботда.
«Евроосиё банки» расмий сайтида ҳам Ўзбекистондаги фаолиятини тўхтатишини, асосий эътиборни Қозоғистон бозорига қаратишини маълум қилди.
«Бу қарор банк томонидан аввалроқ қабул қилинган стратегиянинг мантиқий якунланишидир. Унга мувофиқ, банк ўз ресурсларини Қозоғистондаги бизнесни ривожлантиришга йўналтирмоқда.
Ўзбекистондаги банкка инвестицияларни тўхтатиш ҳақидаги қарор назоратчи орган томонидан расман маълум қилинишидан анча олдин, банк бошқаруви ва кузатув кенгаши томонидан маъқулланган эди.
Қозоғистон бозорига эътиборни кучайтириш орқали банк янги лойиҳаларни амалга ошириш ва мижозлар ҳамда ҳамкорлар учун катта салоҳиятга эга бўлган сегментларда ўз позицияларини мустаҳкамлашни мақсад қилган»,— дейилади расмий пресс-релизда.
«Евроосиё банки»нинг 2025-йилги молиявий натижалар
2025 йилдаги фоизли даромадлари 306,96 млрд тенгени ташкил этди (2024 йилда 329,56 млрд тенге эди). Соф фойда эса 2024 йилдаги 82,7 млрд тенгедан 25,4 млрд тенгегача камайган.
Маълумот учун: Евросиё банкининг 100 фоиз акциялари «Евросиё молия компанияси»га тегишли. Унинг йирик акциядорлари сифатида Алла Машкевич, Лариса Машкевич, Анна Машкевич, Шухрат Ибрагимов ва Фаттоҳ Шодиевлар қайд этилган.
Алла, Лариса ва Анна Машкевичлар — «Евросиё гуруҳи» (ЭРГ) асосчиларидан бири, марҳум Александр Машкевичнинг меросхўрларидир. Ибрагимовлар оиласи эса ЭРГънинг яна бир асосчиси Алижан Ибрагимовнинг ворислари бўлиб, улар Forbes талқини бўйича 1,677 миллиард доллар бойлик билан энг бой қозоғистонликлар рўйхатида 7-ўринни эгаллаб турибди.
Фаттоҳ Шодиев эса асли ўзбекистонлик бўлиб, Жиззах шаҳрида туғилган. Forbes талқинига кўра, 2026 йилги бойлиги 1,3 мрлд доллардан ортиқ. 1994 йилда Шодиев Қозоғистонда Александр Машкевич ва Алижон Ибрагимов билан бирга «Евроосиё банки»га асос солганди.





