Солиқ қўмитаси P2P ўтказмаларни текширишни бошлади

Солиқ қўмитаси айрим тадбиркорлар товар ва хизматлар учун тўловларни картадан-картага ўтказмалар орқали қабул қилиб, бу даромадларни солиқ ҳисоботларида тўлиқ кўрсатмаётганини маълум қилди.

Солиқ қўмитаси P2P ўтказмаларни текширишни бошлади © vaqt.uz

Ўзбекистонда айрим тадбиркорлар савдо тушумларини терминал ёки расмий ҳисоб-китоб ўрнига P2P — картадан-картага пул ўтказмалари орқали қабул қилаётгани аниқланмоқда. Солиқ қўмитасига кўра, бу орқали айрим даромадлар солиқ ҳисоботларида акс эттирилмай қолмоқда ва давлат бюджетига тушумлар камаймоқда.

Қўмита ижтимоий тармоқларда тарқалган “барча фуқароларнинг карталари текширилмоқда” деган хабарларга ҳам изоҳ берди. Расмий баёнотда айтилишича, текширувлар асосан савдо фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар ва уларнинг раҳбар ходимлари карталаридаги савдо айланмаларига қаратилган.

Савдо тушумлари таҳлил қилинмоқда

Солиқ органлари айрим корхоналарда товар ёки хизмат учун тўловлар пластик картадан пластик картага ўтказмалар орқали амалга оширилаётганини таҳлил қилмоқда. Аниқланган ҳолатларда солиқ ҳисоботларида кўрсатилмаган даромадлар бўйича тегишли чоралар кўрилиб, тадбиркорларга хабарномалар юборилмоқда.

Қўмитага кўра, бу жараён фуқароларга босим ўтказиш ёки жазолаш учун эмас, балки “иқтисодий адолатни таъминлаш ва яширин айланмаларни қисқартириш” мақсадида амалга оширилмоқда.

Қўмита тадбиркорларга мурожаат қилди

Солиқ қўмитаси тадбиркорлик субъектларини савдо тушумларини тўлиқ расмийлаштиришга ва уларни солиқ ҳисоботларида ҳаққоний акс эттиришга чақирди. Расмий баёнотда ҳар бир тўланган солиқ мамлакат инфратузилмаси ва ижтимоий соҳалар ривожи учун муҳим экани таъкидланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 175 млн сўмдан ортиқ пул ўтказмаларни назоратга олиниши ҳақида хабар берилган эди.

Teglar

Mavzuga oid

Солиқ қўмитаси P2P ўтказмаларни текширишни бошлади | Vaqt.uz