Саккиз йил босим остида: Жером Поуэллнинг Федерал захира тизимидаги синовлари
АҚШ Сенати Кевин Уоршни Федерал захира тизими раиси этиб тасдиқлади. У мазкур лавозимни Жером Пауэллнинг пандемия, инфляция ва банк инқирозлари билан тўла даври ортидан қабул қилмоқда.
© Foto: forbes.comБугун, 13-май куни АҚШ Сенати Кевин Уоршни Федерал захира тизими (ФЗТ) раиси лавозимига тасдиқлади. Унинг ўтмишдоши Жером Поуэлл 2018-йилда «S&P 500» индекси 2650 пункт даражасида ва базавий фоиз ставкаси 1,25–1,5 фоиз бўлган пайтда ФЗТга раҳбарлик қилишни бошлаган эди.
2026-йил майига келиб эса индекс 7400 пунктдан ошиб кетди, ФЗТнинг асосий ставкаси эса 3,5–3,75 фоиз оралиғида турибди.
Бу саккиз йил давомида ФЗТ раҳбари пандемия, АҚШда сўнгги қирқ йилдаги энг кучли инфляция тўлқини, банк инқирози ва уни бу лавозимга тавсия қилган шахс томонидан бўлган мислсиз сиёсий босим шароитида қарорлар қабул қилишга мажбур бўлди. «Онинвест» Жером Поуэлнинг учта асосий синови ҳақида ёзди.
«Volmageddon»
2018-йил 5-феврал куни қўрқув индекси – «Cboe Volatility Index» (VIX) бир кун ичида 100 фоиздан ортиқка ўсди. «Dow Jones Industrial Average» индекси 4,6 фоизга қулади ва ўша вақт учун ўз тарихидаги энг йирик пунктли пасайишни қайд этди. Инвесторлар катта маблағ йўқотди – кейинги ҳисоб-китобларга кўра, бир кунлик зарар қарийб 2 миллиард долларни ташкил этган.
Кейинчалик молиявий экспертлар ва брокерлар «Volmageddon» деб атаган бу кун Жером Поуэллнинг Федерал захира тизими Бошқарув кенгаши раиси сифатидаги биринчи иш куни эди.
«Volmageddon» иқтисодиёт учун жиддий оқибатларсиз ўтди, аммо у Жанет Елленнинг вориси учун рамзий жиҳатдан оғир старт бўлиб қолди.
Асосий хато: COVID-19 ва унинг оқибатлари
Жером Поуэлл учун ҳақиқий синовлар пандемия даврида бошланди. COVID-19 Федерал захира тизими пул-кредит сиёсати траекториясини тўлиқ ўзгартириб, Америка Марказий банкини кескин чоралар кўришга мажбур қилди.
Ўша даврдаги энг муҳим қарорлардан бири базавий ставкани деярли нол даражасига тушириш бўлди. ФЗТ, шунингдек, миқдорий юмшатиш (QE) дастурини қайта ишга туширди ва ҳар ой тахминан 80 миллиард долларлик давлат облигациялари ҳамда 40 миллиард долларлик ипотека қоғозларини сотиб олди.
«Биз жуда кўп «қизил чизиқлар»дан ўтдик. Бу айнан аввал ҳаракат қилиб, кейин оқибатларини таҳлил қиладиган вазият эди», – деган эди Жером Поуэлл.
Бу чоралар АҚШга иккинчи Буюк депрессиядан қочиш имконини берди: пандемия сабабли иқтисодий пасайиш мамлакат тарихидаги энг қисқа рецессия бўлиб, атиги икки ой давом этди. АҚШ иқтисодиёти G10 давлатлари орасида энг тез тикланган иқтисодиётлардан бирига айланди.
Бироқ COVID-19 ФЗТ учун оқибатсиз ўтмади. 2020-йилгача регуляторнинг асосий муаммоси инфляциянинг ҳаддан ташқари пастлиги эди – уни йиллик 2фоизлик мақсадга етказишга уринишлар самара бермаётганди.
Аммо триллионлаб долларлик фискал рағбатлантириш чоралари 2020–2021 йилларда нархлар ўсишини хавфли даражагача тезлаштирди. Шу ерда ФЗТнинг асосий хатоси юз берди: инфляция вақтинчалик ҳодиса сифатида қабул қилинди ва унга ўз вақтида жавоб берилмади.
Натижада 2022-йил июнига келиб инфляция 9,1 фоизга етди – бу АҚШ аҳолиси 1981-йилдан бери кўрмаган кўрсаткич эди.
Халқаро валюта жамғармаси раҳбарининг собиқ ўринбосари, ҳозирда Атлантика кенгаши қошидаги геоиқтисодиёт маркази таҳлилчиси Ҳунг Траннинг фикрича, муаммо фақат юқори инфляцияни «ўтказиб юбориш»да эмас эди.
Унинг айтишича, хато 2020-йил баҳорида қабул қилинган янги стратегия — инфляциянинг ўртача даражасини мослашувчан таргетлаш (FAIT) сиёсатида бўлган. Бу ёндашувга кўра, агар инфляция узоқ вақт паст бўлиб келган бўлса, ФЗТ унинг 2 фоизлик мақсаддан юқори чиқишига вақтинча йўл қўйиши мумкин эди.
Экспертлар фикрича, стратегиянинг ўзи ёмон эмасди, аммо пандемия каби фавқулодда вазият учун мос келмаган. Америка Марказий банки буни жуда кеч англади.
«Оқибатда ФЗТ FAIT сиёсатидан воз кечиб, анъанавий инфляция таргетлаш сиёсатига қайтишга мажбур бўлди. Бу от қочиб кетгач, отхона эшигини ёпишга ўхшайди», – деган Ҳунг Тран.
«Bankrate» таҳлилчиси Стефан Кейтс эса шундай дейди:
«Орқага назар ташласак, ФЗТ инфляцияга дастлабки босқичда секин жавоб берганини тан олиш мумкин. Лекин қаттиқлаштириш цикли бошлангач, у тарихдаги энг тез ставка ошириш суръатларидан бирига ўтганини ҳам инкор қилиб бўлмайди».
Ҳақиқатдан ҳам суръат жуда юқори бўлди: 2022-йил мартдан декабргача асосий ставка 0,25 фоиздан 4,5 фоизгача кўтарилди. Бироқ бу жараён ҳам салбий оқибатларсиз кечмади.
2023-йилги банк инқирози
ФЗТ ҳаракатлари банк соҳасида кучли инқирозни келтириб чиқарди. У 2023-йил март ойида Силликон водийси банки (SVB) қулашидан бошланди – бу банк АҚШдаги технологик ва биотехнологик компанияларнинг тахминан ярмига хизмат кўрсатган.
Активлари ҳажми бўйича (209 млрд доллар) у мамлакатда 16-ўринда эди. 2022-йилга келиб депозитларнинг 94,4 фоизи узоқ муддатли HTM-қимматли қоғозларига, хусусан давлат облигациялари ва ипотека қоғозларига жойлаштирилган эди.
Фоиз ставкасининг кескин ошиши бир вақтнинг ўзида икки ҳолатга олиб келди: бу қимматли қоғозлар қиймати тушиб кетди ва банк катта миқдордаги амалга оширилмаган зарарларга дуч келди. Шу билан бирга, ФЗТ ҳаракатларидан хавотирга тушган мижозлар омонатларини оммавий равишда ечиб ола бошлади.
Натижада маблағлар оқими тезлашиб, SVB ликвидлик танқислигига учради ва регуляторлар томонидан ёпилди. SVB ортидан яна икки кредит ташкилоти «Silvergate Bank» ва «Signature Bank» ҳам ёпилди.
2023-йил 1-май куни эса «First Republic Bank» фаолиятини тўхтатганини эълон қилди. «First Republic» ҳам SVB каби Калифорниядаги ниш банк эди. Ва у ҳам, SVB каби, мижозлар паникаси оқибатида депозитларнинг кескин чиқиб кетишига (100 млрд доллар – барча омонатларнинг 40 фоизидан ортиғи) дучкелди. 213 млрд доллар активга эга «First Republic» банкротлиги SVBни АҚШ тарихидаги энг йирик банк банкротликлари рейтингида иккинчи ўриндан учинчи ўринга туширди.
Умуман олганда, ўша даврда 22 та кредит ташкилоти депозитларнинг кескин чиқиб кетгани ҳақида хабар берди.
Американинг «Forbes» нашри ҳисоб-китобига кўра, 2023-йил 2008–2013 йилларга нисбатан банкрот бўлган банклар сони бўйича рекорд ўрнатмаган бўлса-да, банкрот бўлган банклар ҳисобларидаги умумий активлар ҳажми бўйича барча тарихий рекордларни янгилаган.
Шунга қарамай, кенг кўламли инқирознинг олди олинди – кўп жиҳатдан ФЗТнинг тезкор ҳаракатлари туфайли, деб ҳисоблайди Тим Саблик. SVB 10-март куни қулаганидан сўнг, регулятор дисконт ойнаси орқали банкларга фавқулодда кредит бериш ҳажмини кескин оширди. 12-март куни эса ФЗТ янги қўллаб-қувватлаш дастури – «Bank Term Funding Program» (BTFP)ни ишга туширди. Унинг доирасида банклар давлат облигациялари ва бошқа ишончли активлар гарови эвазига кредит олиш имкониятига эга бўлди.
«Аҳмоқ. Эси оғган. Ўта жинни» – Доналд Трамп билан зиддият
Агар энг катта синов бўлмаган тақдирда ҳам, Жером Пауэлл ва умуман АҚШ Федерал захира тизими учун энг узоқ давом этган синов Доналд Трамп бўлди.
Пауэлл номзодини 2017-йилда айнан Трампнинг ўзи ФЗТ раҳбарлигига таклиф қилган бўлса-да, 2018-йилга келиб сиёсатчи ва молиячи ўртасида илк зиддиятлар бошланди. Президентга айланган бизнесмен ҳар икки президентлик муддатида ҳам ФЗТнинг фоиз ставкасини ошириш ёки уни юқори даражада сақлаб туриш қарорларига жуда кескин муносабат билдирган. Бу муносабат қанчалик кескин эканини сиёсатчининг ижтимоий тармоқлардаги постларидан билиш мумкин эди.
«АҚШ ҳар доим энг паст ставкалар бўйича қарз олиши керак. Инфляция йўқ! Фақат Жей Пауэлл ва ФЗТнинг соддалиги бошқа давлатлар қилаётган ишни қилишимизга тўсқинлик қилмоқда. Биз ҳаётда бир марта учрайдиган имкониятни ана шу аҳмоқлар сабаб қўлдан бой беряпмиз», – деб ёзган эди Доналд Трамп 2019-йилда.
«Жером «жуда кечиккан» Пауэлл яна шу ишни қилди!!! У ЖУДА КЕЧ ҳаракат қилади ва, очиғини айтганда, ФЗТ раҳбари бўлиш учун ЖУДА ҒАЗАБНОК, ЖУДА АҲМОҚ ва ЖУДА СИЁСИЙЛАШГАН».
Оқ уй раҳбари фақат ҳақоратлар билан чекланиб қолмаган – у Пауэллни ставка туширишга рози бўлмаса, уни ишдан бўшатиш билан ҳам бир неча бор таҳдид қилган.
Жером Пауэлл эса президент билан оммавий баҳсга киришмаган, қўпол сўзларга жавоб қайтармаган ва президент сиёсатини шарҳламаган. У ўз позициясини оддий қилиб тушунтирган:
«Биз ҳеч бир томонни қўлламаймиз. Биз бир гуруҳни бошқасига қарши қўймаймиз ва масъулиятимизга кирмайдиган масалалардан четда турамиз. Биз шунчаки барча фуқаролар манфаати учун иқтисодий барқарорликни таъминлашга эътибор қаратамиз».
Бу мувозанатли ҳолат 2026-йил январда бузилди – ўшанда Жером Пауэллга қарши тергов бошлангани маълум бўлди.
Расмий сабаб сифатида Вашингтондаги Федерал захира тизимига тегишли икки бинода реконструкция ишлари қиймати кўрсатилди: у 2017-йилдаги 1,9 млрд доллардан 2023-йилда 2,5 млрд долларгача ошган.
«Ҳеч бир давлат хизматчиси ўз муддатида тарихий бинони катта реконструкция қилиш билан шуғулланишни хоҳламайди. Буни кейинги раҳбарларга қолдириш анча қулай ва бу ҳолат нима учун шундай бўлишини яхши кўрсатади», – деган Пауэлл 2025-йил июлида АҚШ Сенати олдида.
Шу билан бирга, республикачилар ва президент Трамп тарафдорлари «Вашингтон марказидаги Тож-Маҳал» деган нарративни кучайтиришда давом этишди – гўё бу қурилиш Пауэлл буйруғи билан олиб борилаётгандек.
Сенатдаги эшитувлардан бир неча кун ўтиб, конгрессвумен Анна Паулина Луна Адлия вазирлигига Пауэллга нисбатан жиноий иш очиш мумкинлигини текширишни сўраб мурожаат қилди. Айнан шу даврда президент шахсан қурилиш майдонига инспекцияга келди. Бу Трамп маъмурияти раҳбари учун Жером Пауэллга нисбатан АҚШ Марказий банкига 20 йил ичида биринчи ташриф бўлди.
Шундан кейин Трамп «Truth Social» тармоғида шундай ёзди:
«Шунчаки буни охирига етказайлик ва, янада муҳими, ФОИЗ СТАВКАЛАРИНИ ТУШИРАЙЛИК!».
Жером Пауэлл ставкани ўзгаришсиз қолдирди. Ноябрда прокуратура иш очди, январга келиб Федерал захира тизимига дастлабки чақирув қоғозлари юборилди ва жараён ОАВга маълум бўлди.
Шундан сўнг Фед раҳбари вазият ҳақида биринчи бор очиқ изоҳ берди:
«Жиноий таъқиб таҳдиди ФЗТ фоиз ставкаларини президент истакларига эмас, балки жамият манфаатларига кўра белгилагани учун пайдо бўлмоқда».
Бу ишнинг сиёсий босим эканига кўпчилик, жумладан айрим республикачи сиёсатчилар ҳам қўшилган. Масалан, Сенат аъзоси Том Тиллис ушбу тергов сабабли ФЗТнинг янги раҳбари номзоди бўйича овоз беришни блоклаган.
Охир-оқибат, АҚШ округ судяси Жеймс Боасберг ҳам ишда жиноят таркиби йўқлиги ва сиёсий мотивлар устун эканини қайд этди. Унинг фикрича, барча сўровлар асосан Пауэллга босим ўтказиш ва уни истеъфога мажбур қилишга қаратилган бўлган.
Иш расман ёпилди. Лекин бош прокурор Жанин Пирро тергов қайта очилиши мумкинлигини айтди ва 80 фоиз атрофида бюджет ошиши бўлган қурилиш лойиҳаси жиддий текширувга арзийди, деб таъкидлади.
Жером Пауэлл бўйича якунлар
Жером Пауэлл раҳбарлигида ФЗТ фаолиятини баҳолаш ҳали ҳам очиқ масала бўлиб қолмоқда. Агар асосий иқтисодий кўрсаткичлар бўйича қатъий баҳоланса, унинг ютуқлари нисбатан камтар, лекин барибир сезиларли.
Ишсизлик даражаси унинг даврида ўртача 4 фоиз атрофида бўлди (пандемия пайтида 15 фоизга яқин кескин ўсиш билан). Бу тарихан жуда паст кўрсаткич ҳисобланади.
Пандемиядан кейин меҳнат бозори 2008-йилги молиявий инқироздан кейингига қараганда анча тез тикланди. Бироқ сўнгги йилларда динамика пасайди: янги иш ўринлари кам, ишчиларнинг ўз хоҳиши билан иш алмаштириши ҳам камайди.
Инфляция (CPI) масаласида эса ФЗТ пандемиядан кейин уни барқарор равишда 2 фоиз даражасида ушлаб қололмади. Бу мақсадли кўрсаткич 2026-йил бошида вақтинча эришилган, лекин кейин яна ўсиш бошланган – бу Эрон билан уруш фонидаги омиллар билан боғланади.
Бироқ кўпчилик учун энг муҳим хулоса иқтисодчи Майкл Фолкендер томонидан айтилган:
Жером Пауэлл одатда инфляцияни бошқариш орқали баҳоланади. Шу нуқтаи назардан у тарихда энг яхши натижа кўрсатган раҳбарлардан бири бўлмаслиги мумкин. Лекин уни кўпроқ ФЗТ мустақиллигини ҳимоя қилган раҳбар сифатида эслашади.
73 ёшли Пауэлл лавозимдан кетганидан кейин ҳам ФЗТ бошқарув кенгашида қолишни режалаштирган – бу сўнгги 80 йил ичида биринчи ҳолат бўлиши мумкин.





