«Reuters»: Саудия Арабистони Эронга қарши махфий зарбалар берди
Нашр манбаларига кўра, Саудия Арабистони Яқин Шарқдаги уруш давомида ўз ҳудудига қилинган ҳужумларга жавобан Эронга қарши махфий зарбалар уюштирган.
© «Reuters»Яқин Шарқдаги уруш давомида подшоҳлик ҳудудига қилинган ҳужумларга жавоб сифатида Саудия Арабистони Эронга қарши бир қатор ошкор этилмаган зарбалар берган. Бу ҳақда масаладан хабардор икки ғарб амалдори ва икки эронлик амалдорга таяниб, «Reuters» хабар берди.
Аввал хабар қилинмаган ушбу ҳужумлар подшоҳликнинг Эрон ҳудудида тўғридан тўғри ҳарбий ҳаракат амалга оширгани маълум бўлган биринчи ҳолат ҳисобланади. Бу эса Саудия Арабистони ўзининг асосий минтақавий рақибига қарши ҳимоя масаласида анча қатъий позицияга ўтаётганини кўрсатади.
Ғарб амалдорларининг айтишича, ҳужумлар «Royal Saudi Air Force» томонидан март ойи охирларида амалга оширилган. Уларнинг бири буни «Саудияга қилинган ҳужумларга жавоб тарзидаги ўзаро зарбалар» деб таърифлаган.
«Reuters» ҳужум қилинган аниқ объектларни мустақил равишда тасдиқлай олмаган. Изоҳ сўровига жавобан, Саудия ташқи ишлар вазирлигининг юқори лавозимли вакили зарбалар ҳақиқатан ҳам амалга оширилган-қилинмаганига бевосита тўхталмаган. Эрон ташқи ишлар вазирлиги эса изоҳ сўровига жавоб бермаган.
Саудия Арабистони анъанавий равишда хавфсизлик масаласида АҚШ ҳарбий ҳимоясига таяниб келган. Бироқ 10 ҳафталик уруш подшоҳликни АҚШ ҳарбий «қалқони»ни ёриб ўтган ҳужумлар олдида анча ҳимоясиз қолдирди.
Кўрфаздаги араб давлатлари жавоб зарбаларини бошлади
Саудия ҳужумлари можаронинг янада кенгайганини кўрсатмоқда. Шунингдек, 28-феврал куни АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши ҳаво ҳужумлари билан бошланган уруш Яқин Шарқнинг кенгроқ қисмига ҳам оммавий равишда тан олинмаган шаклда ёйилганини намоён этмоқда.
АҚШ ва Исроил ҳужумларидан кейин Эрон Кўрфаз ҳамкорлик кенгашига аъзо барча олти давлатга ракета ва дронлар билан зарба берган. Ҳужумлар нафақат АҚШ ҳарбий базаларига, балки фуқаролик объектлари, аэропортлар ва нефт инфратузилмасига ҳам қаратилган. Шунингдек, Эрон Ҳўрмуз бўғозини ёпиб, глобал савдога жиддий таъсир кўрсатган.
Бирлашган Араб Амирликлари ҳам Эронга қарши ҳарбий зарбалар бергани ҳақида «The Wall Street Journal» 11-май куни хабар қилди. Саудия ва БАА ҳаракатлари Эрон ҳужумларидан жабр кўрган кўрфаз монархиялари жавоб қайтаришни бошлаган, аммо ҳақиқий кўлами кўп жиҳатдан яширин қолган можарони очиб бермоқда.
Бироқ уларнинг ёндашуви бир хил эмас. БАА анча кескин позицияни эгаллаб, Эронни маълум «нарх тўлаш»га мажбур қилишга уринмоқда ва Теҳрон билан очиқ дипломатик мулоқотга камдан-кам киришмоқда.
Саудия Арабистони эса аксинча, можаро янада авж олишининг олдини олишга ҳаракат қилмоқда ва Эрон билан, жумладан Теҳроннинг Ар-Риёддаги элчиси орқали мунтазам алоқани сақлаб турибди. Элчи изоҳ сўровига жавоб бермаган.
Саудия ташқи ишлар вазирлигининг юқори мартабали вакили Эрон билан кескинликни юмшатиш бўйича келишув мавжудлигига бевосита тўхталмаган, аммо шундай деган:
«Биз Саудия Арабистонининг кескинликни пасайтириш, вазминлик ва тарангликни камайтиришга қаратилган доимий позициясини яна бир бор тасдиқлаймиз. Бу минтақа ва унинг халқлари барқарорлиги, хавфсизлиги ва фаровонлиги йўлидаги ёндашувдир».
Зарбалар ва кейинги деэскалация
Эронлик ва ғарблик амалдорларнинг айтишича, Саудия Арабистони Эронни ҳужумлар ҳақида олдиндан хабардор қилган. Шундан сўнг фаол дипломатик мулоқотлар ва Саудиянинг янада қаттиқ жавоб бериш таҳдидлари бошланган. Бу эса икки давлат ўртасида кескинликни пасайтириш бўйича ўзаро тушуниш шаклланишига олиб келган.
Халқаро инқироз гуруҳидаги Эрон лойиҳаси директори Али Ваезнинг таъкидлашича, Саудиянинг жавоб зарбалари ва кейинги деэскалация бўйича келишув «икки томон ҳам назоратсиз авж олиш қабул қилиб бўлмас даражада катта йўқотишларга олиб келишини прагматик равишда англаганини» кўрсатади. Унинг фикрича, бундай воқеалар кетма-кетлиги «ишонч эмас, балки можаро кенг минтақавий урушга айланиб кетишидан олдин қарши томонни чеклашга бўлган умумий манфаат»ни англатади.
Норасмий деэскалация АҚШ ва Эрон 7-апрел куни кенгроқ можаро бўйича ўт очишни тўхтатиш келишувига эришишидан бир ҳафта олдин кучга кирган. Оқ уй изоҳ сўровига жавоб бермаган.
Эронлик амалдорлардан бири Теҳрон ва Ар Риёд ҳақиқатдан ҳам деэскалацияга келишиб олганини тасдиқлаб, бу қадам «ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш, ўзаро манфаатларни ҳимоя қилиш ва тарангликнинг кучайиб кетишини олдини олиш»га қаратилганини айтган.
Узоқ йиллардан бери рақобат қилиб келаётган Эрон ва Саудия Арабистони – Яқин Шарқдаги шиалар ва суннийлар етакчи давлатлари – минтақа бўйлаб турли можароларда қарши гуруҳларни қўллаб-қувватлаб келган. 2023-йилда Хитой воситачилигидаги ярашувдан сўнг икки давлат муносабатларни тиклаган. Шу жумладан, Эрон қўллаб-қувватлайдиган Ямандаги ҳусийлар ва Саудия ўртасидаги ўт очишни тўхтатиш келишуви ҳам ҳозиргача сақланиб турибди.
Қизил денгиз орқали денгиз қатнови очиқ қолгани сабабли, Саудия Арабистони можаро давомида ҳам нефт экспорт қилишда давом этди. Шу боис подшоҳлик кўплаб кўрфаз давлатларига нисбатан иқтисодий жиҳатдан нисбатан камроқ зарар кўрган.
Шаҳзоданинг айтишича, подшоҳлик «вайронгарчилик ўчоғи»дан қочиб қолган
Ўтган ҳафта охирида Саудияга тегишли «Arab News» нашрида эълон қилинган мақоласида Саудия разведкасининг собиқ раҳбари Турки ал Фаисал подшоҳликнинг позициясини шундай изоҳлади:
«Эрон ва бошқалар подшоҳликни вайронагарчилик ўчоғига тортишга уринганида, бизнинг раҳбариятимиз фуқаролар ҳаёти ва мол-мулкини ҳимоя қилиш учун қўшни давлат туфайли келиб чиққан оғриқларга чидамли бўлишни танлади».
Саудия Арабистонининг зарбалари бир неча ҳафта давомида ошиб борган таранглик ортидан амалга оширилган. 19-март куни Ар Риёдда ўтказилган матбуот анжуманида Саудия ташқи ишлар вазири Файсал бин Фарҳон подшоҳлик «зарур деб топилса, ҳарбий чоралар кўриш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолишини» айтган.
Орадан уч кун ўтиб, Саудия Арабистони Эроннинг ҳарбий атташеси ва элчихонанинг тўрт нафар ходимини «persona non grata», яъни мамлакатда бўлиши номақбул шахслар деб эълон қилди.
Манбаларга кўра, Эрон подшоҳликка бевосита ҳужумларни қисқартирган
Ғарб манбаларининг айтишича, март ойи охирига келиб дипломатик мулоқотлар ҳамда Саудия Арабистонининг Бирлашган Араб Амирликларига ўхшаш янада қаттиқроқ ёндашувни танлаб, қўшимча жавоб зарбалари бериш таҳдиди кескинликни пасайтириш бўйича ўзаро тушунишга олиб келган.
«Reuters» ҳисоб-китобига кўра, 25–31 март кунлари давомида Саудияга қарши 105 тадан ортиқ дрон ва ракета ҳужуми амалга оширилган бўлса, 1–6 апрел оралиғида бу рақам 25 тадан сал кўпроққа тушган.
Ғарб манбаларининг баҳолашича, кенгроқ ўт очишни тўхтатиш келишувидан олдинги кунларда Саудия Арабистонига учирилган снарядлар бевосита Эрондан эмас, балки Ироқ ҳудудидан юборилган. Бу эса Теҳрон тўғридан тўғри зарбаларни қисқартирганини, аммо унга яқин гуруҳлар ҳали ҳам фаол бўлиб қолганини кўрсатади.
12-апрел куни Саудия Арабистони Ироқ ҳудудидан амалга оширилган ҳужумлар юзасидан норозилик билдириш учун Ироқ элчисини чақиртирган. Саудия ва Эрон ўртасидаги мулоқотлар Эрон ҳамда АҚШ ўртасидаги кенгроқ сулҳнинг дастлабки босқичида таранглик юзага келган пайтда ҳам давом этган. Саудия мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, 7–8 апрел кунлари подшоҳликка қарши 31 та дрон ва 16 та ракета учирилган.
Бу кескинлашув Ар-Риёдни Эрон ва Ироқга қарши жавоб чораларини кўриб чиқишга ундаган. Шу билан бирга, Покистон подшоҳликни қўллаб-қувватлаш ва вазиятни тинчлантириш мақсадида қирувчи самолётларини жойлаштирган ҳамда дипломатик музокаралар жадаллашар экан, барча томонларни вазминликка чақирган.





