Logo

Бойсундаги аварияли газ қудуғини 2027 йил июлигача ёпиш режалаштирилмоқда

Bugun 08:302 daqiqa

Бойсунда қарийб икки йилдан буён газ сизиб чиқаётган М-25 конида қудуқни ёпиш ишлари бошланди. Хитой компанияси 2027-йил январидан конда бурғилаш ишлари бошлайди.

Бойсундаги аварияли газ қудуғини 2027 йил июлигача ёпиш режалаштирилмоқда

Сурхондарё вилояти Бойсун туманида 2024 йил сентябридаги техноген авариядан сўнг газ сизиб чиқиши давом этаётган «Мустақилликнинг 25 йиллиги» (М-25) конида қудуқни ёпиш ишларига 15-август куни расман старт берилди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтгаз» компанияси матбуот котиби Мўмин Ибодов маълум қилди.

Лойиҳага Хитой миллий нефт-газ корпорацияси (CNPC) таркибига кирувчи CCDC (Chuanqing Drilling Engineering Company Limited) компанияси жалб этилган. Йил охиригача Хитой ва бошқа давлатлардан 40 дан ортиқ махсус техника олиб келиш режалаштирилган.

Бурғилаш январда бошланади

Олиб келинадиган техника орасида таркибида водород сульфид юқори бўлган газ билан ишлашга мослаштирилган бурғилаш ускуналари ҳам бўлади. Бурғилаш ишларини 2027-йил январидан бошлаш режалаштирилмоқда.

Абдуғани Сангинов аввалроқ қудуқ атрофида қўшимча тўртта қудуқ бурғилаш режаси борлигини айтганди. М-25даги қудуқни тўлиқ ёпиш ишлари эса 2027-йил июлига мўлжалланган.

Президент Шавкат Мирзиёев 2026 йил февраль ойида Сурхондарёга ташрифи чоғида халқаро ҳамкорлар билан биргаликда қудуқни ёпишнинг илмий ечими топилганини маълум қилган.

«Биз аварияни ҳам тўхтатамиз, Сурхондарё иқтисодиётига катта туртки берадиган лойиҳани ҳам бошлаймиз», — деганди Мирзиёев.

Авария тарихи

М-25 кони Ўзбекистондаги ўзлаштирилмаган энг йирик газ конларидан бири ҳисобланади. Уни ўзлаштириш билан бирга газни қайта ишлаш мажмуасини қуриш ҳам режалаштирилган.

2024-йил 1-сентябрда коннинг 604-сонли қудуғида бурғилаш ишлари вақтида авария содир бўлиб, газ сизиб чиқа бошлаган.

Аҳоли эвакуация қилинган, аварияни бартараф этиш ишлари 15-сентябргача давом этган. 17-сентябрда газ сизиши қайта бошланган ва ҳодиса оқибатида тўрт киши ҳалок бўлган. 2025-йил март ойида эса кондаги 202-сонли қудуқдан ҳам газ чиқиши қайд этилган.

Teglar

Mavzuga oid