Logo

Доллар 2023 йил августидан бери энг паст даражага тушди

Bugun 17:502 daqiqa

Сўмга нисбатан доллар курси уч йиллик энг паст кўрсаткични қайд этди. Йил бошидан бери курс 1,2 фоизга қадрсизланди.

Доллар 2023 йил августидан бери энг паст даражага тушди

17 август куни валюта биржасидаги савдолар якунида доллар курси 33,83 сўмга ёки 0,28 фоизга пасайиб, 11 857,35 сўмни ташкил этди. Марказий банк белгилаган янги расмий курс 18 августдан амал қилади.

Бу 2023 йил 10 августидан кейинги энг паст кўрсаткич ҳисобланади. Ўша куни долларнинг расмий курси 11 667 сўм эди. 11 августда эса курс бирданига 408,03 сўмга ошиб, 12 075,03 сўмга етган. Шундан буён доллар 11 857 сўмдан пастга тушмаганди.

Аввал хабар берилганидек, 6 август куни курс 11 886,72 сўмгача пасайиб, 2026 йил минимумини янгилаганди. Орадан икки ҳафтага етмасдан доллар яна 29,37 сўмга арзонлади.

Жорий йилнинг илк иш куни — 5 январда расмий курс 12 004,41 сўмни ташкил этган. Шундан бери доллар 147,06 сўмга ёки 1,2 фоизга қадрсизланди.

Доллар курси Ўзбекистонда қандай шаклланади?

Ўзбекистонда расмий доллар курси Республика валюта биржасидаги савдолар асосида белгиланади. Банклар бу ерда хорижий валютани сотиб олади ва сотади, курс эса талаб ва таклиф мувозанатига қараб шаклланади.

Импорт тўловлари ва ташқи қарзлар бўйича талабнинг ортиши долларни қимматлаштириши мумкин. Экспорт тушумлари, пул ўтказмалари ва аҳоли томонидан банкларга валюта сотилишининг кўпайиши эса бозордаги таклифни оширади.

Сўм нега мустаҳкамланмоқда?

Марказий банк долларнинг айнан бугунги пасайишига нима сабаб бўлганини изоҳламади. Бироқ йилнинг биринчи ярмидаги рақамлар бозорда валюта таклифи талабга қараганда тезроқ ўсганини кўрсатмоқда.

Январ—июн ойларида хорижий валютага бўлган умумий талаб 20 фоизга ошиб, қарийб 32 млрд долларни ташкил этди. Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаганда, валюта таклифи эса 31 фоизга кўпайиб, 27,8 млрд долларга етди.

Аҳоли ярим йилда банкларга 12,3 млрд доллар сотиб, 6,8 млрд доллар харид қилди. Натижада жисмоний шахсларнинг ижобий валюта сальдоси 5,5 млрд долларни ташкил этди. Халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатга келиб тушган маблағ ҳам 9,3 млрд долларга етди.

Бу омиллар ички бозорда валюта таклифини кўпайтириб, сўмнинг мустаҳкамланишига ёрдам бераётган бўлиши мумкин. Бироқ жорий пасайишни фақат аҳоли кўпроқ валюта сотаётгани билан изоҳлаш тўғри бўлмайди.

Курснинг кейинги йўналиши импорт талаби, экспорт тушумлари, пул ўтказмалари ва Марказий банк операцияларининг қандай ўзгаришига боғлиқ бўлади.

Teglar

Mavzuga oid