Logo

Тадбиркорлардан аввал қайтарилган ҚҚСни яна ундириш бошланди

Bugun 18:553 daqiqa

Солиқ қўмитаси аввал ўзи ҳисоблаб қайтарган ҚҚСнинг бир қисмини тадбиркорлардан қайтаришни талаб қилмоқда. Бизнес вакиллари эса қайта ҳисоб-китоб қандай амалга оширилгани ва нима сабабдан ортиқча тўлов юзага келганини тушуниш қийинлигини айтмоқда.

Тадбиркорлардан аввал қайтарилган ҚҚСни яна ундириш бошланди

Солиқ қўмитаси тадбиркорларга аввал қайтарилган ҚҚСнинг бир қисмини қайта ҳисоблаб, бюджетга ундиришни бошлаган. «Spot» нашри ёзишича, муаммо айрим йирик умумий овқатланиш ва туризм компанияларига ҳам таъсир қилган.

Гап 2024-йил 7-ноябрдаги ҳукумат қарори билан жорий этилган тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш механизми ҳақида кетмоқда.

ҚҚСни дастлаб тизимнинг ўзи ҳисоблаган

«Spot»га Тошкентдаги умумий овқатланиш соҳасида фаолият юритувчи тадбиркорлардан бири маълум қилишича, қайта ҳисоб-китобдан сўнг давлат тизими аввал автоматик равишда ҳисоблаб, компанияларга ўтказган айрим суммалар ортиқча қайтарилган деб топилган. Натижада ушбу маблағлар солиқ қарзи сифатида ундирилмоқда.

Мазкур механизмга кўра, умумий овқатланиш корхоналарига тўланган ҚҚСнинг бир қисми қайтарилган. Нақд пулсиз тўловлар улуши 60 фоиз ва ундан юқори бўлса, ҚҚСнинг 40 фоизи, ундан паст бўлса 20 фоизи қайтарилган.

Қайтариш жараёнида сумма автоматик равишда ҳисобланиб, тадбиркорга ўтказилган. Тадбиркорнинг сўзларига кўра, ўша пайтда аризада корхонанинг барқарорлик рейтингини кўрсатиш учун алоҳида майдон ҳам бўлмаган.

Кейинчалик барқарорлик рейтинги ҳисобга олинган

Муаммо шундан кейин юзага келган. Кейинчалик солиқ органлари тадбиркорларнинг барқарорлик рейтингини ҳисобга олиб, аввал амалга оширилган тўловларни қайта ҳисоблай бошлаган. Айрим компанияларга олинган маблағларнинг бир қисмини қайтариш зарурлиги ҳақида хабарномалар юборилган.

Президентнинг 2024-йил 24-майдаги қарорига кўра, субсидиялар, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда бошқа қўллаб-қувватлаш чоралари бизнеснинг барқарорлик рейтингини ҳисобга олган ҳолда тақдим этилади. Рейтингга қараб қўллаб-қувватлаш миқдори ААА учун 100 фоиздан В учун 50 фоизгача белгиланади.

Тадбиркорлар эса қайта ҳисоб-китобда айнан қайси даврдаги рейтинг қўлланганини мустақил текшира олмаётганини айтмоқда. Сабаби барқарорлик рейтинги динамик кўрсаткич бўлиб, шахсий кабинетда фақат жорий тоифа акс этади.

Шу боис бизнес вакиллари дастлаб қайтариладиган суммани ўзлари белгиламаганини, уни давлат ахборот тизими ҳисоблаганини ва улар нотўғри маълумот тақдим этмаганини таъкидламоқда.

Айрим ҳолларда маблағлар мажбуран ечилган

Тадбиркорнинг қайд этишича, айрим ҳолатларда компаниялар томонидан расмий эътироз билдирилган ва низо кўриб чиқилиши якунланмаган бўлса-да, баҳсли суммалар ҳисобварақлардан мажбуран ечиб олинган.

Иқтисодчи Юлий Юсупов ҳам ушбу вазиятга эътибор қаратиб, ҳукуматнинг ҚҚСни қайтариш тартибини белгилаган қарорида дастлаб барқарорлик рейтингини ҳисобга олиш талаби кўрсатилмаганини таъкидлаган.

Юсуповнинг фикрича, кейинчалик солиқ органлари ҚҚСни қайтаришни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чораси сифатида талқин қилиб, унга барқарорлик рейтингига боғлиқ нормаларни қўллай бошлаган.

“ҚҚС миқдорини компания эмас, Солиқ қўмитасининг ўзи ҳисоблаган. Унда компанияга эътироз нимадан иборат?” — деб ёзган иқтисодчи.

Солиқ қўмитаси нима дейди?

Солиқ қўмитаси аввал Самарқанд вилоятида ҚҚСни қайтариш билан боғлиқ шунга ўхшаш ҳолатга изоҳ берган. Идора амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда “ҚҚС кэшбеки” атамаси қўлланилмаслигини билдирган.

Қўмита талқинига кўра, тўланган ҚҚСнинг бир қисмини қайтариш давлат томонидан кўрсатиладиган қўллаб-қувватлаш чораси ҳисобланади. Бундай чоралар эса тадбиркорлик субъектининг барқарорлик рейтингини ҳисобга олган ҳолда тақдим этилади.

Идора вақтинчалик низомнинг 16-бандига ҳам ишора қилган. Унга кўра, қонунчилик талаблари бузилган ҳолда ёки ортиқча миқдорда қайтарилган маблағлар бюджетга қайтарилиши лозим.

Солиқ қўмитаси қайта ҳисоб-китоблар ўтказилиб, ортиқча маблағ қайтарилгани аниқланган тадбиркорларга тегишли хабарномалар юборилганини маълум қилган.

Айни пайтда бизнес вакиллари асосий муаммо — дастлабки ҳисоб-китобда қайси барқарорлик рейтинги қўлланганини ва қайтарилиши талаб қилинаётган сумма қандай ҳисобланганини аниқлаш имкони йўқлигида, деб ҳисобламоқда.

Солиқ қўмитаси ҳозирча ушбу ҳолатга расмий изоҳ бермаган.

Teglar

Mavzuga oid