add

3 йил: Туркия зилзиласи, жасорат ва жонли хотиралар

Kecha 17:318 daqiqa

Бундан 3 йил аввал Туркияда содир бўлган зилзила миллионларнинг ҳаётини издан чиқарди. Бинолар қулаб тушди — оилалар бошпанасиз қолди. Жасорат эса ҳаётнинг ўзи бўлди.

3 йил: Туркия зилзиласи, жасорат ва жонли хотиралар

2023 йил 6 феврал тонгида Туркия жануби-шарқида содир бўлган зилзила бутун дунёни ларзага солди. Магнитудаси 7,7 ва 7,5 бўлган бу силкиниш мамлакатнинг 11 вилоятини қамраб олиб, минглаб уйлар, офислар ва инфратузилмаларни вайрон қилди.

Расмий маълумотларга кўра, зилзила қурбонлари сони 50 мингдан ортиқ ва баъзи манбаларда эса 70 мингдан ошгани айтилади, юз минглаб инсонлар жароҳатланди ва яна миллионлаб инсонлар кечаю кундуз бошпана излашга мажбур бўлди.

photo_2026-02-06_17-30-39

photo_2026-02-06_17-31-11

photo_2026-02-06_17-31-42

photo_2026-02-06_17-31-33

photo_2026-02-06_17-31-36

Ушбу фалокат нафақат моддий зарар келтирди, балки Туркия сиёсий ва институционал тизимларини ҳам жиддий синовдан ўтказди. Халқаро таҳлилчилар бу воқеани фақат жиддий табиий офат эмас, балки давлат бошқаруви, халқаро ҳамкорлик ва жамият иродаси синови сифатида баҳолади.

Жасорат ва фавқулодда ҳаракатлар

Фалокат содир бўлган заҳоти Туркия ҳукумати фавқулодда ҳолат эълон қилиб, қутқарув ишларини бошлади. Ҳарбийлар, махсус хизматлар ва кўнгиллилар вайрон бўлган бинолар остидан тирикларни чиқариш учун жон куйдирди. Президент Эрдўған тўғридан-тўғри халққа мурожаат қилди. Халқаро экспертлар бу ҳаракатларни самарали бошқарув намунаси деб баҳолади.

photo_2026-02-06_17-31-39

photo_2026-02-06_17-31-24

photo_2026-02-06_17-31-27

Бироқ дастлабки соатлар даҳшатли эди: баъзи ҳудудларда ёрдам жуда секин етиб борган, ресурслар нотўғри тақсимланган. Етарли назорат бўлмаган бинолар қулаб тушган, бу эса қурбонлар сонини ошишига олиб келган асосий омиллардан бири бўлди.

«Ҳамма даҳшатда, ҳамманинг кўзида қўрқув, юрагида эса умидсизлик ҳукмрон эди», — дея кейинчалик ўша кунги воқеаларни эслаган туркиялик тармоқ фойдаланувчиларидан бири Элиф Йилдиз.

Глобал ёрдам ва сиёсий жавоблар

Дунё давлатлари дарҳол ёрдамга қалқди. Ўша пайтда Туркияга НАТО, Европа Иттифоқи, АҚШ ва бошқа давлатлар ўз қутқарув гуруҳлари ва ҳуманитар ёрдам юкларини юборди. АҚШнинг ўша вақтдаги президенти Жо Байден бундай кенг кўламли фалокат пайтида глобал бирдамлик зарурлигини таъкидлаган эди.

Шу билан бирга, журналистлар ва фаоллар Туркия ҳукуматини фалокатни ёритиш, унинг атрофидаги ишончли маълумотларни тақдим этиш борасидаги кўплаб қарорларини танқид қилиб келади, ахборот оқими чекланган бўлганини ёдга олишади.

photo_2026-02-06_17-31-30

photo_2026-02-06_17-31-15

Ўзбекистон ҳам фалокат содир бўлган илк соатлардаёқ қардош турк халқининг ёнида эканини билдириб чиқди. Бунинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистондан қутқарувчилар, шифокорлар ва махсус техникалар зудлик билан Туркияга етказилди.

Ўшанда Президент Шавкат Мирзиёев ўзбек халқининг қардошларига ёрдамини етказиш ва Турк давлатлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш таклифини илгари сурди.

photo_2026-02-06_17-31-19

photo_2026-02-06_17-31-21

photo_2026-02-06_17-31-06

Шунингдек, 2023 йилдан буён, ҳар йили 6 феврал куни Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари томонидан «Табиий офатлар қурбонларини хотирлаш ва бирдамлик куни» сифатида хотирланмоқда. Ушбу кун, офатларда қурбон бўлганларни ёдга олиш билан бир қаторда, Туркий дунёнинг мустаҳкам бирлиги ва бир бутун эканлигини ифода қилади.

Қурилиш ва жавобгарлик

Зилзила ортидан ҳукумат терговлари мамлакатдаги кўплаб қурилиш компанияларини қамраб олди. 100 дан ортиқ шахс қурилиш кодекси талабларини бузганликда гумон қилиниб, улардан баъзилари ҳибсга олинди. Шу билан бирга, ҳукуматнинг қатъий назорати қурилиш сифати ва масъулиятни жиддий текширишга олиб келди.

photo_2026-02-06_17-31-00

Масалан, Антақя шаҳридаги «Rönesans Rezidans» биноси пудратчиси аэропортда тўхтатиб қолинди. (У ўз жавобгарлигини сезган ҳолда мамлакатни тарк этишга уринган.) Шунингдек, Ғозиантеп ва Адияман ҳудудларида ҳам қурилиш талабларини бузган ҳолда фаолият олиб борган кўплаб шахслар ҳибсга олинди.

Бу воқеалар қурилиш нафақат Туркия, балки, бутун дунёда қурилиш сифати ва масъулиятнинг нақадар муҳимлигини яна бир бор кўрсатди.

Техник ва илмий таҳлил

Туркиядаги ўша зилзила 7,8 магнитудада баҳоланди, бир вақтнинг ўзида қайталаган 7,5 баллик зарба ҳам сезилган. Мутахассислар мамлакатда фалокатгача қурилган биноларнинг кўпчилиги сейсмик меъёрларга амал қилинмай қурилгани, тупроқ шароити эса зарбани янада кучайтирганини таъкидлашади.

photo_2026-02-06_17-30-48

Шу сабабларга кўра вайронагарчилик ҳам шу қадар кенг кўламли бўлган. Туркияда 2023 йилги ўша фалокат сейсмик ва қурилиш талабларининг ўта қатъийлаштирилиши ҳамда назорат кучайишига ҳам олиб келди.

Иқтисодий ва ижтимоий таъсир

Зилзила Туркия иқтисодиётига тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 100 миллиард долларга яқин зарар етказди. Минглаб уйлар вайрон бўлди, ишлаб чиқариш тўхтади, иш ўринлари йўқотилди.

Фалокат шунингдек, мамлакат суғурта тизимидаги жуда катта муаммоларни ўртага чиқарди. Шунингдек, узоқ муддатли тикланиш режалари қайта кўриб чиқила бошланди.

Зилзила миллионлаб турк оилаларни бошпанасиз қолдирди, кўпчилик яқинларини йўқотди. Умуман, бу зилзила турк жамияти учун катта, тикланиши қийин бўлган оғир руҳий жароҳатлар қолдирди. Шу туфайли мамалакатда маҳаллий марказларда психологик маслаҳатлар, вақтинчалик бошпаналар ташкил этилди.

Шахсий ҳикоялар

Фалокатдан кейинги иқтисодий йўқотишлар вақт ўтиши билан қопланиши мумкин, аммо зилзиладан бевосита жабрланган, яқинларини йўқотган инсонларнинг руҳий азоблари энг даҳшатлиси ҳисобланади. Шу сабабли, бу бўлимда дунё матбуотида ёритилган, таъсирли шахсий ҳикояларни тақдим қиламиз.

Гулхан Вишне, 17 ёшли ўқувчи, Усмония шаҳрида шундай эслайди:

«Аввалига нима бўлаётганини тушунмадим. Девор устимизга қулаб тушди. Нафас олиш қийин эди… Ҳаётимни йўқотганимни ҳис қилдим».

Нолон Шимшек, Хайруллоҳ туманидан, оиласини эслаб:

«Қизим менга уй эмас, қабр сотиб олдим, деб қўнғироқ қилди… Энди эса у йўқ...»

Cанан, Ҳатай шаҳрида тўрт фарзандли она, ўша пайтда кўрганларини шундай эслайди:

«Зилзила вақтида девор юзимга тушди. Ойлаб ётоқда ётдим. Энди юрмоқдаман, лекин эски ҳаётимни ҳеч қачон унутмайман».

Шунингдек, баъзи воқеалар бутун дунёга мўжиза ва жасорат намунаси сифатида етиб борди.

Самир Муҳаммад Аccар, Антақя шаҳридан, 296 соат давомида вайроналар остида тирик қолган, бироқ кичик фарзанди оламдан ўтганини айтади:

«Тирик қолиш жасорат ва ҳаётий инстинктлар талаб этди. Бироқ кичик фарзандимни йўқотдим»

Фалокат оқибатлари узоқ давом этди. Фотима Кириcи, Антақяда яшовчи она, ҳали ҳам хавфсизлик муаммосини эслатади:

«Бизнинг уйларимиз барибир хавф остида қоляпти… Фарзандларим хавфсизлигини таъминлашни ўйлаб яшаяпмиз.»

Бу ҳикоялар орқали биз зилзиладан жабр кўрган туркияликларнинг азоблари, жасорати ва қайта тикланишга бўлган куч ва интилишини кўрамиз.

Ўзбекистонлик фаоллар фалокат ҳақида қандай фикрда?

Ҳамид Содиқ, сиёсатшунос

photo_2026-02-06_17-30-51

Туркия жумҳуриятида сoдир бўлган, минглаб инсoнларнинг ўлимига сабаб бўлган машъум зилзила кунлари ҳамoн эсимда. Зилзиланинг иккинчи куни Ўзбекистoндаги Туркия жумҳуриятининг элчиxoнасига бoрган эдик – таъзия билдиришга келганларнинг навбати узун эди. Ҳа, ушбу фoжиа – тариxи, тили ва дини бир икки xалқни янада жипслаштирган эди. Ўзбек xалқи эса бу фoжиани ўзининг oғриғи сифатида қабул қилгани яққoл сезилиб турарди.

Ақида Ҳанум, блогер

photo_2026-02-06_17-29-26

Аввало, Туркияда рўй берган зилзила барчамизни оғир аҳволга солганини эслайман. Ҳа, ўша пайтда фалокат муносабати билан ҳукуматимиз томонидан тезда ҳамдардлик эълон қилинган эди, аммо бу жараёнда оддий одамларнинг ҳис қилган оғриғи ва биродардлиги ҳам ниҳоятда кучли бўлди.

Мен туркияликлар билан бир муддат бирга ишлаганман ва уларнинг худди ўзимиз каби самимий, содда инсонлар эканини биламан. Қолаверса, биз қардош халқлармиз. Фожиа пайтида Ўзбекистондан Туркияга бориб, қардошларга ёрдам кўрсатишни истаганлар жуда кўп эди. Эсимда, ўша вақтларда ўзбекистонлик ошпазлар ва бошқа бир гуруҳ фаоллар хайрия йиғиб, жабрланганларга етказган эди.

Мен кўпроқ халқ бирдамлиги ҳақида гапиряпман. Туркиядаги зилзила бугун йирик қурилишлар марказига айланиб бораётган Ўзбекистон учун ҳам жиддий сигнал бўлди. Афсуски, бизда ҳам қурилиш соҳасидаги муаммолар етарлича. Шу жиҳатдан, мен доим хавотирдаман.

Хуршид Ботиров, ҳуқуқшунос

photo_2026-02-06_17-30-54

Туркиядаги зилзила вақтида хорижда хизмат сафарида эдим. Бу фoжиа барчамизни жуда oғир қайғуга сoлган эди. Ўзбекистoн xалқининг ва ҳукуматининг бу мураккаб oғир вазиятда қардошларига қарата ёрдам қўлини чўзгани жуда тўғри қарoр бўлган эди. Сабаби ушбу таҳликали даврда дўстларимиз, қардoш xалқларимиз ташвиши бизнинг ташвишимиз, дардлари бизнинг дардимиз бўлиши керак.

Дунёда бундай табиий oфатлар эҳтимoли дoимий мавжуд, oшиб бoрмoқда. Шу сабабли 3 йиллик аччиқ xoтиралар бизга бу каби фавқулoдда ҳoлатларда қандай йўл тутиш дастурлари, стратегияларини жoрий этишни oлдимизга вазифа ўлароқ қўймoқда.

Фазлиддин Мадиев, Анқара ҲБВ универсетити дoктoранти

photo_2026-02-06_17-30-46

Ер қимирлаган ўша машъум кун ҳеч қачон ёдимдан чиқмаса керак. Анқарада эдик. Оилам билан бир кун аввал, Ўзбекистондан борган маданий гуруҳнинг саҳна чиқишларидан хурсанд бўлиб, уйга қайтгандик. Эрталаб уйғонсак, бутун хабар каналлари зилзила ҳақида гапираётган ва фалокат жуда даҳшатли эди.

Биласизми, кейин нима бўлди? Анқарада яшайдиган ва бир-бирини танийдиган бутун ўзбекистонликлар ёрдам марказларига югирдик. Кейин ўзимиз ҳам ўзбекистонликлар номидан ёрдам маркази очиб, элчихонамиз билан фалокат бўлган жойга йўл олдик. У ерда мен ўзбекистонлик эканимдан ғоятда ғурурландим.

Ҳеч ким ҳеч нарса кутмасдан, қўлидан келган ҳамма ишни қилар, атига икки соат уҳлаб-уҳламай ишининг бошига югурарди. Мен аёлларимиз ва эрларимизнинг қанчалик фидойи ва жасур эканлигини ўша ерда кўрганман. Мени наздимда улар ҳақиқий қаҳрамонлар сифатида қолдилар.

У ердагилар бизни ёнимизга келар, қучоқлар ва байроғимизни ўпиб кетарди. Кўп хотиралар қолган, балки вақти келса, булар ҳақида яна ёзарман.

Хулоса: зилзила излари: огоҳлантириш ва умид

Зилзиланинг уч йиллик тажрибаси Туркия жамияти ва бутун дунё учун бир нечта муҳим сабоқларни очиб берди. Биринчи ўринда, қурилиш стандартлари ва сейсмик тайёргарлик масаласи яна бир бор диққат марказига тушди.

2023 йилдаги зилзила натижасида юз минглаб бинолар вайрон бўлди, каттагина иқтисодий зарарлар юзага келди ва миллионлаб одамлар бошпанасиз қолди — бу воқеа мамлакатда қурилиш кодексларига қатъий риоя этиш зарурлигини кучли тасдиқлади.

Ҳақиқатдан ҳам, зилзилагача Туркиядаги кўплаб бинолар эски сейсмик меъёрларга асосланиб қурилган эди ва зарар даражаси шунга мувофиқ ката бўлди. Экспертлар эса келажакда бу стандартларни яна ҳам кучайтириш лозимлигини таъкидлайди — олдиндан тайёргарлик ва юқори сифатли қурилиш билан кўпроқ ҳаёт сақланиши мумкин.

Иккинчидан, қайта тикланиш ва барқарор тикланиш стратегиялари Туркияда кенг муҳокама қилиняпти. Қайта қуриш жараёни тез‑тез алмаштириладиган тезкор тиклашдан кўра, узоқ муддатли режа, барқарор инфратузилма ва экологик мослашувга асосланган йўналишларни талаб қилади. Бу нафақат битта шаҳар ёки вилоят учун, балки бутун мамлакатни янада чидамли қилиш учун муҳим саналади.

Учинчидан, матбуотда ва жамоатчилик фикрида ҳам огоҳлантиришлар кўпайди. Масалан, кўплаб туркияликлар зилзила билан боғлиқ фожиалардан сабоқ олиш ўрнига, етарлича чора кўрилмаётганини танқид қилмоқда.

Шунингдек, уч йиллик вақт ичида маданий мерос ва жамиятнинг ўзлигига қайтиш каби масалалар ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. Антақяда тарихий биноларнинг қайта тикланиши устида ишлаётган архитекторларнинг таъкидлашича, тикланиш фақат иншоотларни қайта қуриш эмас, балки жамиятнинг руҳий ва маданий илдизларини ҳам тиклашдир.

Бугун Туркия ватандошлари ҳам жамиятнинг чидамлилиги, бирлигини мустаҳкамлаш, турли фалокатларга олдиндан тайёр бўлиш бўйича янги фикрлар ва ташаббуслар билан чиқмоқда. Улар учун 6 феврал фалокати нафақат оғир хотира, балки, эслатма сифатида ҳам қолди: табиий офатлар олдида жисмоний қурилмалар билан бир қаторда маънавий бирдамлик, ўзаро ёрдам ва масъулият ҳисси ҳам жуда муҳим.

2024 йил ноябр ойида Бишкекда бўлиб ўтган 11 саммитда аъзо давлатларнинг тегишли муассасалари раҳбарлари ТДТнинг «Фуқаролик ҳимояси механизми»ни яратиш тўғрисидаги битимни имзолади. Ушбу асос жамоавий тайёргарликни сезиларли даражада юксалтирди ва инқироз даврида самарали ёрдам кўрсатиш қобилиятини мустаҳкамлади.

Уч йил ўтган бўлса-да, зилзила излари ҳануз юракларда сезилади. Бинолар қайта тикланмоқда, лекин руҳий яралар ҳали тўла даволанмаган. Туркия жамияти чидамлилик ва жасорат сабоқларини унутмайди.

Ilyos Safarov

Ilyos SafarovMaqolalar soni: 41

Barchasi

Mavzuga oid