
Муҳим минераллар учун кураш: «Узоқни кўра билган» Хитой АҚШни доғда қолдирди
Конго кобалт қазиб олади, Австралия литий етказиб беради, лекин фойдани Хитой кўради. Нега дунё давлатлари ўз бойликларини ўзлари қайта ишлай олмайди? Хитой ўн йил аввал келажакни башорат қилиб, экологик стандартларни қурбон қилиш эвазига қайта ишлаш монополиясини қўлга киритди.
© Foto: reutersДунё давлатлари смартфоналрдан тортиб электромобилларгача бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқариш учун зарур бўлган муҳим минераллар ва нодир ер элементларини қўлга киритиш пойгасига киришган. АҚШ президенти Дональд Трамп ушбу минераллардан фойдаланиш имкониятини таъминлашни ўзининг устувор вазифаларидан бири деб эълон қилди; унинг ҳам Гренландия, ҳам Украина бўйича режаларидан кончилик соҳасидаги потенциал битимлар ўрин олган.
Бироқ, айнан Хитой ушбу минералларни қайта ишлаш соҳасида етакчилик қилмоқда ва бутун дунё фойдаланишга тайёр хомашё таъминотида айнан унга таянади.
Муҳим минераллар нима?
Муҳим минераллар — бу муайян мамлакат ўз иқтисодиёти ёки миллий хавфсизлиги учун ҳаётий аҳамиятга эга деб ҳисоблайдиган, бироқ таъминотида қийинчиликларга дуч келиши мумкин бўлган хомашёлардир.
Келгуси йилларда талаб энг кескин ўсиши кутилаётган айрим кенг тарқалган муҳим минераллар қуйидагилардир:
Мис — энергетика инфратузилмаси ва қурилишда қўлланилади.
Литий — энергияни сақлашда ишлатилади.
Кобалт — кўчма батареялар ва шамол турбиналарида кўп қўлланиладиган юқори мустаҳкамликка эга қотишмалар ишлаб чиқаришда ишлатилади.
Графит — ёқилғи элементлари, батареялар, мойлаш материаллари ва ядро энергетикасида қўлланилади.
Муҳим минераллар рўйхати ҳар бир давлатнинг мавжуд ресурслари ва саноат йўналишларига қараб фарқ қилади.
Нодир ер элементлари нима?
Нодир ер элементлари кўплаб мамлакатларнинг муҳим минераллар рўйхатидан жой олган. Ўзига хос электр ва магнит хусусиятларига эга бўлган ушбу гуруҳ Менделеев даврий жадвалидаги лантаноидлар туркумига кирувчи 17 та элемент, шунингдек, скандий ва иттрийдан ташкил топган.
Улар мудофаа тизимидан тортиб соғлиқни сақлашгача бўлган деярли барча соҳалар учун ҳаётий зарур ҳисобланган микросхемалар (чиплар) ишлаб чиқаришда катта аҳамиятга эга. Шунингдек, улардан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:
Иттрий — алоқа ва тиббий муолажаларда қўлланиладиган лазер технологиялари учун;
Неодим — электромобиллар ва қайта тикланадиган энергия қурилмалари учун магнитлар тайёрлашда;
Лантан — қайта қувватланувчи аккумуляторлар ишлаб чиқаришда.
Халқаро энергетика агентлиги (IEA) маълумотларига кўра, сунъий интеллект ва «яшил» энергетиканинг жадал ривожланиши туфайли ушбу минералларга бўлган талаб кескин ошди ва ўсишда давом этиши кутилмоқда. Бироқ, бундай элементлар нодир деб аталса-да, табиатда унчалик нодир эмас. Масалан, ер қобиғида неодимнинг улуши ҳар миллион қисмга 20 тани ташкил этади, таққослаш учун — миснинг улуши 27 га тенг.
Муҳим минераллар қаерларда бор?
Энг кўп тарқалган муҳим минераллар дунё бўйлаб тақсимланган бўлса-да, айрим давлатлар улкан захираларга эгалиги билан ажралиб туради.
Ҳисоб-китобларга кўра, Хитой 44 миллион тонна нодир ер элементлари захирасига эга. Бразилияда бу кўрсаткич 21 миллион тоннани, Австралияда эса қарийб олти миллион тоннани ташкил қилади. Австралия, Индонезия ва Чили муҳим кончилик фаолиятига эга бўлган мамлакатлар қаторига киради.
Австралия — темир рудаси, олтин, рух, никел, кобалт ва литий етказиб беришда дунёда етакчилик қилади.
Индонезия — жаҳон бозоридаги жами никелнинг ярмини ишлаб чиқаради.
Чили — S&P Global таҳлилчиларига кўра, мис экспорти бўйича глобал пешқадамдир.
Халқаро энергетика агентлигининг таъкидлашича, ҳозирги кончилик лойиҳалари аксарият ҳолларда мавжуд талабни қондира олади. Бироқ 2030 йилларга бориб, ҳам мис, ҳам литий таъминотида танқислик юзага келиши мумкин.
Хитой минералларни қайта ишлашда етакчи
Ер қаърида минералларнинг мавжудлиги таъминотга таъсир қилувчи ягона омил эмас; уларни қазиб олиш қанчалик осонлиги ва қайта ишлаш имкониятлари ҳам муҳим аҳамиятга эга. Кўпгина мамлакатлар муҳим минералларни қайта ишлаш қувватига эга эмас.
Масалан, Буюк Британиянинг муҳим минераллар бўйича ҳисоботида қайд этилишича, кремний метали 30 дан ортиқ мамлакатда қазиб олинса-да, фақат учта давлат уни микросхемаларда қўлланиладиган поликремний ҳолатига келтира олади. Айнан Хитой кўплаб муҳим минералларни, жумладан, нодир ер элементлари, литий ва кобалтни қайта ишлаш соҳасида мутлақ етакчилик қилмоқда.
Фарадей институти тадқиқот маркази маълумотларига кўра, 2021 йилда дунё бўйича кобалтнинг 70 фоизи Конго Демократик Республикасида ишлаб чиқарилган бўлса-да, унинг 90 фоизи қайта ишлаш учун Хитойга юборилган. Жаҳон иқтисодий форумининг қайд этишича, 2021 йилда глобал литий таъминотининг 75 фоизидан ортиғи Австралия ва Чили ҳиссасига тўғри келган, бироқ уни тозалаш жараёнларининг 72 фоизи Хитойда амалга оширилган. Айрим турдаги нодир ер элементларини қайта ишлаш борасида эса Хитойнинг улуши 95 фоиздан ҳам юқори.
Лондон иқтисодиёт мактаби ҳузуридаги Грантем иқлим ўзгариши ва атроф-муҳитни ўрганиш илмий-тадқиқот институти ходими Боб Уорд BBC News нашрига берган интервьюсида Хитой бундан ўн йил аввал «яшил» энергетика ўсишини олдиндан кўра билгани ва стратегик жиҳатдан айнан минералларни қайта ишлаш йўналишини эгаллашга ҳаракат қилганини таъкидлади.
Ушбу ҳолат АҚШ ва бошқа мамлакатларни Хитойга қаттиқ боғлаб қўйди ва уларнинг таъминот занжиридаги заифлигини оширди. АҚШ ҳукуматининг махсус қўмитаси томонидан 2023 йилда тайёрланган ҳисоботда огоҳлантирилишича, муҳим минераллар етказиб бериш тизимини мустаҳкамлай олмаслик «мудофаа саноати ишлаб чиқаришининг тўхтаб қолишига ва бошқа илғор технологиялар ишлаб чиқарилишининг бўғилишига» сабаб бўлиши мумкин.
2025 йилда Европа марказий банки ҳам Хитойнинг нодир ер элементлари таъминотидаги «ҳал қилувчи» ўрни геосиёсий узилишлар фонида жиддий хатарларни юзага келтиришини қайд этди. Президент Трамп ушбу қарамликни камайтириш мақсадида АҚШда минераллар қазиб олишни рағбатлантириш ниятида эканини очиқ-ойдин билдирди. 2025 йилнинг октябр ойида АҚШ Австралия билан муҳим минераллар бўйича битим имзолади.
Ушбу тадбирда Трамп: «Тахминан бир йилдан сўнг бизда шунчалик кўп муҳим минераллар ва нодир ер элементлари бўладики, уларни нима қилишни билмай қоласиз», — дея баёнот берди.
АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, мамлакатда нодир ер элементлари захиралари мавжуд бўлса-да (дунё захираларининг 2 фоизидан бироз кўпроғи), уларни қайта ишлаш қувватларини йўлга қўйиш учун йиллар талаб қилиниши мумкин.
«Ҳозирги вақтда бирорта ҳам давлат Хитойнинг бу борадаги ҳукмронлигидан мустақил равишда ўзиб кетиш учун етарли молиявий ресурслар ёки техник имкониятларга эга эмас», — дейди Стратегик ва халқаро тадқиқотлар маркази директори Грейслин Баскаран.
Хитойда кончилик ва қайта ишлаш фаолиятида экологик стандартларнинг пастлиги ушбу мамлакатга харажатларни рақобатчиларга қараганда анча арзон қилиш имконини берган.





