Солиқдан норози санъаткорлар: санъатга босимми ёки мажбурият?
Санъаткорларнинг солиқ тўлаши ҳақидаги муҳокамалар ҳануз тўхтагани йўқ. Vaqt.uz санъаткор ва расмийларнинг муносабати, шунингдек, дунёдаги тизим қандай ишлашини таҳлил қилди.

Ижтимоий тармоқларда санъаткорларнинг ҳар бир тўй учун солиқ тўлаш масаласи турли баҳс ва муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Санъаткорларнинг аксарияти бунга қарши эканлигини билдирса, жамоатчилик улар ҳам эл қатори солиқ тўлаши шартлигини айтмоқда.
Санъаткорлар нима дейди?

Санъаткорлар орасида, аввало, хонанда Самандар Ҳамроқулов енгиллик сўраб мурожаат қилди. У санъаткорларнинг пул топиш манбаи фақат тўй эканини таъкидлаб, уларнинг аксарияти йиллаб қарз тўлаши, кредити борлигини айтиб ўтди:
«Бунақа солиқни қўяётган пайтда ҳар томонлама ҳисобга олиш керак-да. Бечора санъаткорларни ҳайдаб юрган ялтироқ машиналари — кредит. Кўпчилигининг қарзи жуда кўп. Шунинг учун мен шахсан илтимос қилардим, санъаткорларга озгина енгиллик қилиб берилса, яхши ижод маҳсуллари бўларди… Санъаткорлар инсонларни тарбия қилади», — дейди у.
«Аввал қўшиқларим учун ҳақни йиғиб беринглар, кейин солиқ ҳақида гапиринглар» — Юлдуз Усмонова

Хонанда Юлдуз Усмонова эса концерти олдидан берган интервюсида санъаткорларнинг солиқ тўлаш масаласини кескин танқид қилди. Унинг айтишича, санъаткорлар даромадининг асосий манбаи тўй ва концертлар бўлиб, уларнинг аксарияти кредит ва катта харажатлар остида ишлайди. Саҳна кўриниши, қўшиқ яратиш, либос, косметолог, жамоа — буларнинг барчаси доимий маблағ талаб қилади.
«Агар санъаткорлар исрофгарчилик бўлса, унда бизни умуман чақирманглар. Воз кечинглар биздан. Қўйинглар, санъаткорларни қириб юборинглар. Ўзларингиз ўтказаверинглар, хатми Қуръон қилиб, ақиқа қилиб. Нима бўлади? Ким ишлайди?» — дея кескин фикр билдирди у.
Юлдуз Усмонованинг таъкидлашича, санъаткорлар жамиятда муҳим ўрин тутади ва улар «халқнинг юзи» ҳисобланади. Шу сабабли уларнинг ташқи кўриниши, саҳнадаги чиқишлари ва умумий имижи катта маблағ ва меҳнат талаб қилади. Бироқ бу меҳнат кўпинча етарли даражада қадрланмайди.
У, шунингдек, муаллифлик ҳуқуқлари масаласини ҳам кўтарди. Унинг айтишича, ўзининг қўшиқлари йиллар давомида турли тадбирларда, тўйларда ижро этилиб келинмоқда, бироқ бунинг учун деярли ҳеч қандай ҳақ олинмаган.
«Аввал қўшиқларим учун ҳақни йиғиб беринглар, кейин солиқ ҳақида гапиринглар», — деди Юлдуз Усмонова.
Санъаткор бугунги кунда соҳада ишлаш янада мураккаблашганини, олдингидек ҳомийлар камайганини ҳам қайд этди. Эндиликда ҳар қандай ҳамкорлик аниқ манфаат асосида қурилаётгани, ҳатто кичик ёрдам ҳам кейинчалик мажбуриятга айланиши мумкинлигини таъкидлади.
Юлдуз Усмонова, шунингдек, санъаткорлар меҳнати ортида катта руҳий ва жисмоний босим борлигини айтиб, уларнинг кундалик меҳнати кўринмаётганини урғу берди. Унинг фикрича, мавжуд ёндашув давом этса, янги ижодий маҳсулотлар камаяди ва санъат эса «ўлади».
У якунда масъулларга мурожаат қилиб, санъатни қўллаб-қувватлаш, муаллифлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва солиқ сиёсатини соҳа хусусиятларидан келиб чиқиб қайта кўриб чиқиш зарурлигини таъкидлади.
«Солиқ сабаб энди оқибат йўқолади» — Зоҳида Умарова

Хонанда Зоҳида Умарова янги тартиблар фонида санъаткорлар ҳаёти ва жамиятдаги муносабатлар кескин ўзгариб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирди. У бу жараён нафақат иқтисодий, балки инсоний қадриятларга ҳам таъсир қилаётганини таъкидлади.
«Вой, бола-чақамизни қанақа қилиб боқамиз, дедим. Навараларимизни қанақа қилиб боқамиз? Ким беради, ким олиб беради?» — дейди у.
Хонанданинг фикрича, янги тартиблар сабаб одамлар ўртасидаги меҳр-оқибат ҳам сусайиши мумкин. Чунки илгари санъаткорлар яқинлари ёки танишлари тўйига беғараз хизмат қилиб келган бўлса, энди бу ҳам қийинлашади.
«Демак, ўртамизда оқибат йўқолади. Меҳр йўқолади. Санъаткор бировнинг тўйига бориб, «мен сенга хизмат қиламан», деёлмай қолади. Чунки ёнидан пул тўлашга мажбур бўлади», — дея таъкидлади Умарова.
У, шунингдек, янги тартибдаги назорат механизмларига ҳам эътибор қаратди. Унга кўра, қоидаларга амал қилинмаса, хизмат қийматининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланилиши, ҳатто ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берган фуқаролар рағбатлантирилиши мумкин.
Унинг фикрича, бу ҳолат давом этса, санъаткорлар бошқа йўл излай бошлайди: «Ёшлар ҳам ўйлаб қолади: бу ерда ишлаш қийин, кетаман, дейди», — деди Умарова. Хонанда босим кучайиши ижодга салбий таъсир қилишини таъкидлаб, енгилликлар зарурлигини билдирди.
«Умрим борича бу халқ учун хизмат қиламан. Керак бўлса, текинга хизмат қиламан», — дея сўзини якунлади Зоҳида Умарова.
«Солиқ бўлса, нарх ҳам ошади. Ўзингизга минус» — Зуҳра Солиева

Актриса Зуҳра Солиева янги тартиб лойиҳаси юзасидан фикр билдириб, уни инкор этмаслигини, бироқ чуқурроқ ўрганиб жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
«Санъаткор ҳам шу юртнинг фуқароси. Давлат лозим топса, тўлаймиз. Лекин бу масала чуқур ўрганилиши керак», — деди у.
Шу билан бирга, актриса жамиятдаги муносабатдан хавотир билдирди.
««Ажаб бўпти, тўланглар», «Санъаткор ҳам одамми?» деган гаплар жуда ранжитди. Санъаткорга нисбатан ички агрессия бор. Барибир санъаткор солиқни нархга қўшади: бугун 2000 бўлса бўлса, эртага 6000 доллар бўлади. «Мен солиқ тўлаяпман», деб нарх ошади. Бу эса ўзларингизга минус», — дея таъкидлади Зуҳра Солиева.
«Солиқ тўлашга розиман, аммо кейин «Ўзбекконцерт» бизни тинч қўйсин» — Жаҳонгир Отажонов

Отажонов Ўзбекистон фарзанди ўлароқ даромад солиғини ўз давлатига, яъни уйига тўлашини, бу масалада қийналмаслигини айтди.
«Бир санъаткор фуқаро сифатида шу мамлакат йўлларида юрибмиз, маза қилиб яшаяпмиз, ҳаётимдан мамнунман. Булар учун топган пулимнинг бир қисмини тўлашим керак бўлса, бош устига. Лекин кейин мени ҳеч ким безовта қилмасин, солиқ тўловчи сифатида мустақил инсон бўлай».
Қошиқчининг айтишича, санъаткорларни мажбуран турли тадбирларга жалб қилиш амалиёти тугаши керак.
«Кимдир юқоридан айтди, фалон жойга бор, дейишмасин. Нега мен бировнинг тўйига бепул боришим керак? Пулини берсин — бориб қўшиқ айтаман, солиғини ҳам тўлайман», — дея таъкидлади хонанда.
Унинг қайд этишича, хонандалар даромадидан солиқ олиш тизими ишга тушгач, «Ўзбекконцерт» ташкилоти ва лицензия тизими тугатилиши керак.
«Бу ҳолат бўйича менда саволлар бор. Хўп, бизга солиқ белгиланяпти. «Ўзбекконцерт» нима бўлади? Санъаткорлар мустақил ижодкор сифатида бу ташкилот билан алоқа қилмаслигининг иложи борми? «Ўзбекконцерт»дан қутулишимиз мумкинми? Бир мусиқачи сифатида «Ўзбекконцерт»нинг менга керагини ҳис қилмайман, ҳеч қандай. Фақат баъзан хизматларга таклиф этишади. Лекин у бизга халақит қилиши мумкин, ўша пайтда боролмасак, қанақадир муаммо келиб чиқиши мумкин. Буни ҳаммамиз жуда яхши биламиз, бундай муаммоларни очиқ айтиш керак», — дейди у.
«Бу гапларимни «Ўзбекконцерт»дагилар нотўғри тушунар, бу уларнинг муаммоси. Мен ҳар доим рост гапирадиган инсонман. Майли, биз солиқ тўлайлик, лекин «Ўзбекконцерт» билан ҳамкорлик қилмайлик. Бу ташкилот томонидан ўз ҳақ-ҳуқуқим ҳимоя қилинган, деб ҳисобламайман. Тўғри, улар ҳозирги пайтда мени ҳеч қандай мажбурий бир ишга жалб этишмади. Олдин эса бор эди, қайсидир тўйга бормасангиз, лицензиядан маҳрум қилишарди. Ҳатто жиноий жавобгарликка тортилган пайтларим ҳам бўлган. Ҳозирги вақтда «Ўзбекконцерт» биз билан яхши муносабат қилади. Лекин ушбу ташкилотга нисбатан менда психологик травма қолган», — дея қўшимча қилди Жаҳонгир Отажонов.
У якунда очиқ позициясини билдирди: «Майли, солиқ тўлаймиз. Лекин бунинг эвазига бизни тинч қўйишсин», — деди у.
«Санъаткорлар шунчалик бечора бўлиб қолдингларми?» — Даврон Эргашев

Таклиф қилинаётган лойиҳага қарши санъат вакиллари кўп бўлишига қарамай, бу тартибни қўллаб-қувватловчилар ҳам топилмоқда.
Хонанда Даврон Эргашев санъаткорлар халқнинг аксарият қисмидан кўп даромад қилишини таъкидлаб, солиқ тўлашга ижобий қарашини билдириб ўтди.
«Халқимиз орасида анча-мунча инсонлардан яхши топамиз, худога шукур. Тўйларга борсак халқимиз бизни чиройли кутиб олишади, айтган пулимиздан ортиғини ҳам беришади керак бўлса. Уларга катта раҳмат дейман. Нега бу мавзу муҳокама бўляпти? Санъаткорлар шунчалик бечора бўлиб қолдингларми? Солиқ тўларканмиз, у қиларканмиз, бу қиларканмиз. Вой тўлаймизда, ҳамма тўляпти-ку», — дейди хонанда.
Даврон Эргашев сўзининг давомида санъат вакилларининг ижтимоий тармоқлардаги бундай чиқишлари уят эканини, уларга кредит ни ҳеч ким мажбурлаб олдирмаганини айтиб ўтди.
Маданият вазирлиги ҳам эътироз билдирди
Вазирлик ушбу ҳужжатни кўриб чиқиб, айрим бандлари юзасидан эътирозлар киритилганини маълум қилди.
Айтилишича, ҳозирги кунда концерт-томоша соҳасида фаолият юритувчи шахслар амалдаги қонунчилик асосида солиқ тўлаб келмоқда. Хусусан, улар ҳар ойда камида бир баравар базавий ҳисоблаш миқдори (ҳозирда 412 минг сўм) миқдорида ижтимоий солиқ тўлайди, шунингдек, йиллик даромадидан 12 фоиз даромад солиғи ундирилади.
Шу боис вазирлик айрим муҳокамаларда учраётган «санъаткорлар умуман солиқ тўламайди» деган фикрлар ҳақиқатга тўлиқ мос келмаслигини таъкидлади. Бундан ташқари, давлат тадбирларига жалб этиладиган ижодкорлар ва ижрочиларнинг хизмат ҳақлари ҳам қонуний тартибда тўланиши қайд этилди.
Маданият вазирлиги лойиҳа юзасидан енгилликлар киритиш, солиқ ставкаларини тоифалар кесимида адолатли белгилаш, соҳа вакиллари учун табақалаштирилган ёндашувни жорий этиш ҳамда нормаларни аниқлаштириш бўйича таклифлар билдирганини маълум қилди.
Вазирлик ушбу масалада жамоатчилик фикри муҳим эканини таъкидлаб, якуний қарор қонунийлик, адолат ва амалий самарадорлик тамойиллари асосида қабул қилиниши лозимлигини қайд этди.
Солиқ қўмитаси нима дейди?
Солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Жаҳонгир Абдиев блогерлар даромадларини солиққа тортиш юзасидан 27-март куни Kun.uz’га изоҳ берган.
Унинг айтишича, ҳозирча бу борада хавотирга ўрин йўқ, чунки янги тизим ҳали дастлабки босқичда турибди ва якуний қарор қабул қилинмаган.
«Бунда ҳозир ҳеч қанақа ваҳима қиладиган масала йўқ. Бирор янги тартибни битта давлат тажрибаси билан амалиётга киритиб бўлмайди. Биз ҳали бу йўлда дастлабки босқичдамиз, ҳали биринчи қадамни қўйиш учун оёқни энди кўтариш жараёнида бўлсак керак. Ҳали бошқа давлатларни кўрамиз. Россияда қанақа йўлга қўйилган, нечоғли даражада яхши, ўрганамиз. Аммо бу етарли эмас», — деди у.
Абдиевга кўра, Россия тажрибаси ўрганилган бўлса-да, бу якуний модел сифатида кўрилмаяпти. Унинг қўшимча қилишича, Солиқ қўмитаси бошқа давлатлар, хусусан, Европа мамлакатларидаги амалиётни ҳам таҳлил қилмоқда. Айрим давлатларда бу тизим муваффақиятли жорий қилинган.
«Голландияда ёки Европанинг айрим давлатларида яхши жорий қилинган ва амалиётга кириб кетган. Жамоатчилик ҳам жуда осон қабул қилган. Шу билан бирга, барча тажрибалар ҳам ижобий натижа бермаган. Айрим мамлакатларда бундай тартиблар салбий оқибатларга олиб келгани учун бекор қилинган. Қайсидир давлатларда бу тажриба киритилганидан кейин бекор бўлган. Негатив муносабатларга олиб келгани учун ундан воз кечилган», — деди қўмита расмийси.
Жаҳонгир Абдиевнинг таъкидлашича, Ўзбекистон турли тажрибаларни солиштириб, ижобий жиҳатларни олиш ва хатолардан қочиш йўлини танламоқчи: «Демак, биз ҳам қилганимизда кимнингдир яхши томонини олишимиз керак, ёмон томонини эса такрорламаслигимиз керак», – деди у.
Шунингдек, у бу йўналишда ҳозирча аниқ режа мавжуд эмаслигини очиқ айтди.
Ўзи солиқ қанча бўлади?
Санъат вакиллари томонидан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини тўлаш тартиби қолганларникидек 12 фоиз кўринишида бўлмайди. Ҳукумат бу учун ҳам тизим таклиф қилмоқда.

Унга кўра, 2026-йил 1-сентябрдан 2029-йил 1-январга қадар «бир хизмат – бир тўлов» миқдорлари ҳудудларга қараб фарқ қилади ва санъаткорлар рейтинг тоифаларига бўлинади.
I рейтинг гуруҳи санъаткорлари қишлоқ жойларда базавий ҳисоблаш миқдорининг (БҲМ) 1 баравари — 412 минг сўм солиқ тўласа, шаҳар жойларда БҲМнинг 3 баравари миқдорида — 1 млн 236 минг сўм бюджетга тўлов қилади.
Бу чет эл валютасида 100 долларга ҳам бормайди. Бу миқдор айюҳаннос солаётган, хизматлари 1000 доллардан кам эмас санъаткорлар учун «чўт» эмас.
III рейтинг гуруҳи вакиллари эса қишлоқ жойларда БҲМнинг 0,25 бараварида, 103 минг сўм миқдорида солиқ тўлаши керак бўлади.
Бунда тўловлар бепул асосда хизмат кўрсатилган тақдирда ҳам ундирилади. Бироқ, Маданият вазирлиги томонидан давлат тадбирларига бепул жалб қилинган ҳоллар бундан мустасно.
Таклиф қилинаётган тизимда ҳудудлардаги иқтисодий ҳолат ва санъат вакилларининг рейтинги, бу орқали топадиган даромади инобатга олинган.
Ҳамма каби 12 фоизли даромад солиғи 2029-йил 1-январдан бошлаб кучга киради. Унгача санъат вакилларида мослашиш учун бир неча йил вақт бўлади.
Дунёда санъаткорлар қанча солиқ тўлайди?
Бутун дунёда санъат соҳасидагилар энг кўп солиқ тўловчилардан бири ҳисобланади. Улар қиммат либос, саҳна харажатлари ёки кредитларни баҳона қилиб солиқдан қочмайди.
Жумладан, АҚШда санъаткорнинг даромадига қараб солиқ миқдори ҳам ошаверади. Энг юқори даромад топувчи юлдузлар учун ставка 37 фоизни ташкил қилади. Ҳаммаси шу билан тугамайди. Аксарият штатларнинг ўз ички даромад солиғи бор. Масалан, шоу-бизнеснинг маркази бўлган Калифорния штатида, яъни «Hollywood»да қўшимча солиқ 13,3 фоизгача етади. Натижада, юлдуз хонанда жами даромадининг деярли ярмини давлат бюджетига ўтказади. Ўз навбатида, АҚШда чиқиш қилган хорижлик санъаткорлардан ҳам тушумнинг 30 фоизи ушлаб қолинади.
Европа Иттифоқида улар даромадига нисбатан 30 фоизгача, айрим ҳолларда 40 фоиздан кўпроқ солиққа тортилиши мумкин. Хусусан, Буюк Британия, Франция ва Германияда кўп даромад топадиган санъаткорлар учун даромад солиғи ставкаси 45 фоизгача етади. Германияда бунга қўшимча равишда 5,5 фоизлик «бирдамлик устамаси» ҳам бор.
Дейлик, қайсидир санъаткор концертдан 100 минг евро топадиган бўлса, бунинг тахминан 40 минг долларини (Франция, Испания каби) давлатга топширади.
Россияда эса даромад солиғи беш босқичли прогрессив шкалада ҳисобланади ва санъаткорлар энг кўп солиқ тўловчилар ҳисобланади.
Кўп ҳам узоққа кетмасдан, қўшни Қозоғистонни мисол келтирсак ҳам бўлади. У ерда ҳам аллақачон санъаткорларни солиққа тортиш бошлаб юборилган. 2026-йил 31-мартгача қозоғистонлик санъат вакиллари ўтган йил давомида олган даромадларини декларация қилди. Улар бундан 10 фоиз миқдорида даромад солиғи тўлайди.
Санъаткорлар солиқ тўлаши керакми?
Санъаткорлар атрофидаги баҳслар бир нарсани аниқ кўрсатди: муаммо солиқнинг ўзида эмас, унга бўлган муносабатда. Кимдир «умр бўйи текинга хизмат қиламан» дейди, лекин солиқ масаласига келганда оҳанг ўзгаради. Яна кимдир «солиқ бўлса, нарх ошади» дея юкни барибир халққа юклашни таклиф қилмоқда. «Санъатни ўлдиринглар» каби кескин фикрлар ҳам янгради. Аммо шу ерда савол бор: муаммо ҳақиқатан тизимдами ёки унга бўлган ёндашувдами?
Аслида талаб жуда оддий. Ҳеч ким санъаткорнинг мол-мулкига, машинасига ёки ўтган даромадига тегаётгани йўқ. Гап фақат келажакда топиладиган даромаднинг бир қисмини бошқалар қатори давлатга ажратиш ҳақида кетмоқда. Яъни даромад бўлмаса — солиқ ҳам йўқ.
«Санъат қийин» — бу инкор этилмайди. Лекин қайси касб осон? Ойлиги 3 миллион сўмга ҳам етмайдиган одам ҳам 12 фоиз солиқни индамай тўлаяпти. У кредит ёки харажатларини баҳона қилиб тизимдан чиқиб кетмайди.
Қизиғи, қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда ҳам, санъаткорларга бирданига 12 фоизлик даромад солиғи солинмайди. Улар учун даромад ҳажмига боғланган солиқ тизими фақатгина 2029 йилдан бошлаб амалиётга татбиқ этилиши мумкин. Унгача янги тизимга мослашиш учун вақт ҳам, имконият ҳам бор.
Албатта, бошқа касбларда бўлгани каби санъаткорликнинг ҳам ўзига яраша машаққатлари бор, буни ҳеч ким инкор этмайди. Аммо бу жиҳат жамият ва давлат олдидаги масъулиятни четлаб ўтишга эксклюзив ҳуқуқ бермаслиги керак. Солиқ тўлаш барча фуқаролар учун қонуний мажбурият.
Алоҳида қайд этиш лозимки, хонандаларга ҳеч ким миниб юрган машинаси, яшаётган данғиллама уйи ёки бошқа мол-мулкига қўшимча солиқ солмаяпти ёки ўтиб кетган давр учун мажбурият юкламаяпти. Улардан келажакда топадиган даромаднинг бир қисмини эл қатори солиқ учун ажратиш талаб қилиняпти холос. Яъни тўйга чиқмаётган, даромад олмаётган хонандадан ўз-ўзидан ҳеч қандай солиқ ундирилмайди.
Боз устига, қонун лойиҳаси қабул қилинган тақдирда ҳам, санъаткорларга бирданига 12 фоизлик даромад солиғи солинмайди. Улар учун даромад ҳажмига боғланган солиқ тизими фақатгина 2029-йилдан бошлаб амалиётга татбиқ этилиши мумкин. Бунгача янги тизимга мослашиш учун вақт ва имконият берилади.
Аслида санъаткорларнинг солиқ тўлаш масаласини аллақачон йўлга қўйиш керак эди. Бу муҳокама қилинадиган эмас, йўлга қўйилиши зарур бўлган тизим. Янги тартиб кимнидир жазолаш учун эмас, балки соҳани тартибга солиш ва адолатни таъминлаш учун навбатдаги қадам сифатида баҳоланиши лозим. Агар санъаткор «халқнинг юзи» бўлса, унда масъулиятда ҳам бошқаларга намуна бўлиши керак.
Солиқдан норози санъаткорлар: муаммо нимада?
Санъаткорларнинг солиқ тўлаши ҳақидаги муҳокамалар ҳануз тўхтагани йўқ. Vaqt.uz санъаткор ва расмийларнинг муносабати, шунингдек, дунёдаги тизим қандай ишлашини таҳлил қилди.
Teglar






