add

TikTok’даги рақамли конслагер: Сўз эркинлиги қаерда ва қандай «йўқ қилинди»?

Kecha 15:159 daqiqa

Бир пайтлар «Хитойнинг айғоқчилик қуроли» деб тамғаланган TikTok, Америка назоратига ўтгач, ҳақиқий рақамли қамоқхонага айланди.

TikTok’даги рақамли конслагер: Сўз эркинлиги қаерда ва қандай «йўқ қилинди»? © Фото: TRT Russian

Бундан бир неча йил аввал Ғарб учун TikTok «Хитойнинг айғоқчилик воситаси», «авторитар платформа» ва демократияга таҳдид каби қўрқинчли қиёфада гавдалантирилган эди. Сиёсатчилар тақиқларни, махсус хизматлар суриштирувларни, ОАВ эса фойдаланувчиларни зудлик билан «ҳимоя қилиш»ни талаб қиларди.

Парадокс шундаки, айнан TikTok Хитой компаниясининг тўлиқ назорати остида бўлган даврда у қатъий мафкуравий цензура мавжуд бўлмаган кам сонли платформалардан бири бўлиб қолаётган эди. Алгоритмлар ҳали такомиллашмаган бўлса-да, улар ягона сиёсий назорат чизиғига мослаштирилмаганди. Платформа Хитой ўз таъсирини кучайтирганида эмас, балки TikTok Ғарбнинг сиёсий ва корпоратив босим тизимига тортилганидан кейин ўзгара бошлади.

Платформадан қуролга

Бугун TikTok АҚШ интилаётган рақамли конслагер ва ёппасига цензуранинг бир қисмига айланмоқда. Бу ҳаракатлар сўнгги йилларда Фаластин озодлиги йўлидаги курашнинг баланд овозига айланган платформаларни нейтраллаштириш орқали Израилнинг талабларини қондиришга қаратилган.

TikTok’нинг янги — Америка тузилмасини (TikTok USDS Joint Venture LLC) яратиш бўйича келишув 2026 йилнинг 22 январида якунига етди. Бу Америка ҳукуматининг кўп йиллик босими, қатор қонунлар, тақиқлаш таҳдидлари ҳамда фойдаланувчилар маълумотлари ва алгоритмларни Oracle, Silver Lake ва MGX бошчилигидаги Америка инвесторлари консорциумига ўтказиш талабларидан сўнг содир бўлди.

TikTok’нинг янги бош директори Адам Прессер 2025 йилда Бутунжаҳон яҳудийлар конгресси тадбирида сўзга чиқиб, платформанинг янги меъёрини амалда тасдиқлади: сионизмни танқид қилиш нафрат тили (hate speech) билан тенглаштирилади.

«Сиз: “Мен ғурурли сионистман”, дейишингиз мумкин, аммо кимнидир камситувчи маънода “сионист” десангиз, бу нафрат риторикаси сифатида баҳоланади», деди у модерация мантиғини тушунтирар экан.

Шундай қилиб, мафкура билан ижобий идентификация қилишга рухсат берилади, унинг танқидий маънода қўлланилиши эса блокланади.

Сионизм этник келиб чиқиш, дин ёки ирқ эмас, балки сиёсий мафкура экани принципиал жиҳатдан муҳим аҳамиятга эга. Мафкура танқидини нафрат тилига тенглаштириш дискриминацияга қарши курашни эмас, балки Америка қонунчилигида ҳам, сўз эркинлигининг халқаро стандартларида ҳам мустаҳкамланмаган янги цензура меъёрининг жорий этилишини англатади.

Равшан АҚШ «миллий хавфсизлик» нуқтаи назаридан TikTok’нинг сотилишини талаб қилди, бироқ бу келишув платформанинг Фаластинни қўллаб-қувватловчи контент ҳамда Израилнинг Ғазо секторидаги ҳаракатлари ҳақидаги материалларни тарқатаётгани сабабли кескин танқид қилиниши кучайган бир вақтга тўғри келди. Шундан сўнг платформада илгари деярли кузатилмаган жараёнлар бошланди: Ғазодаги урушни ёритувчи аккаунтларнинг оммавий блокланиши, вайронагарчиликлар ва қурбонлар муҳрланган видеоларнинг ўчирилиши, миллионлаб аудиторияга эга инфлуенсерларнинг блокланиши ҳамда «сионизм» сўзини танқидий, тарихий ёки таҳлилий контекстда қўллаганлик учун автоматик тақиқ жорий этилиши шулар жумласидандир.

Прессернинг ўзи ўша конференцияда TikTok’ни антисемитик контент ҳақидаги маълумотлар билан таъминловчи икки мингдан ортиқ яҳудий ташкилотлари хизматидан фойдаланаётганини билдирди.

«2024 йилдан буён биз нафрат ташвиқотини ўз ичига олиб, блокланган контент ҳажмини уч бараварга оширдик», — деди у.

Танқидчиларнинг таъкидлашича, айнан TikTok Фаластин ғоясини кенг оммага тақдим этиб, анъанавий медианинг можароларни талқин қилишдаги монополиясини парчалаш орқали Америка ёшлари ўртасидаги ижтимоий кайфиятнинг ўзгаришида ҳал қилувчи рол ўйнади. Израил бош вазири Бинямин Нетаняҳу бежизга TikTok’ни энг нуфузли ва «хавфли» платформалардан бири деб атамаган эди. Назорат ўзгаргандан сўнг, ушбу «хавф» тақиқлар орқали эмас, балки рухсат этилган тилнинг янги чегаралари — яъни мафкура танқидини қоида бузарликка айлантириш орқали бартараф этилди.

TikTok келишувдан сўнг: рақамли конслагер ва Ғазодаги сукунат

Фаластинлик журналист Бисан Овданинг TikTok’да блокланиши билан боғлиқ воқеа платформа Америка инвестиция тузилмалари назоратига ўтгач, аслида нимага айланганини яққол кўрсатиб берди. Расман унинг 1,4 миллион обуначига эга аккаунти халқаро босим ва оммавий ахборот воситаларидаги резонанс фонида бир кундан кейин тикланди. Бироқ, аслида гап овозни қайтариш ҳақида эмас, балки уни яккалаб қўйиш ҳақида бормоқда: унинг аксарият видеолари «тавсия қилиш учун мос эмас» деб эълон қилинган, аккаунтини қидириб топиш сунъий равишда қийинлаштирилган, саҳифанинг ўзи эса «алгоритмик соя» режимида қолган.

Илк бор цензура шунчаки воқеа бўлишдан тўхтаб, кундалик ҳолатга айланмоқда. Алгоритмик чекловлар ҳеч қандай из қолдирмайди: на хабарнома, на апелляция бериш имконияти ва na расмий тақиқ бор. Инсон блокланмаган — уни шунчаки кўрмай қўйишади.

Овда Ғазода содир бўлаётган воқеаларнинг энг таниқли гувоҳларидан бирига айланган эди. У ўзининг ҳар кунги видеокундаликларини: «Мен ғазолик Бисанман ва мен ҳали ҳам тирикман», деган жумлалар билан бошларди. Унинг контенти расмий баёнотларнинг пардозланган тилини парчалаб, урушни чексиз тирик қолиш тажрибаси сифатида кўрсатар эди.

Айнан мана шу назорат қилиб бўлмайдиган нигоҳ унинг платформадаги иштирокини тизим учун муаммога айлантирди — бу муаммо модерация учун эмас, балки АҚШдаги келишувдан сўнг нейтрал медиа-макондан кўра кўпроқ бошқариладиган сукунат ва израилпараст цензура воситасига айланиб бораётган тизим учун пайдо бўлди.

Эътиборлиси шундаки, Овданинг «тикланган» аккаунтидаги сўнгги видеолар 2025 йилнинг сентябрига тегишли. Бу TikTok АҚШ инвестиция фондлари, жумладан, Дональд Трампнинг атрофидагилар билан боғлиқ тузилмалар назоратидаги алоҳида Америка бўлинмаси ташкил этилганини эълон қилган даврга тўғри келади. Шу пайтдан бошлаб платформа шунчаки ижтимоий тармоқ бўлишни тўхтатиб, кимни ва нимани кўриш мумкинлигини белгилаб берувчи «сиёсий жиҳатдан мақбул баёнотлар» инфратузилмасининг бир қисмига айланди.

Бу жараёнлар атрофидаги умумий вазият алгоритмик цензурани янада яққолроқ намоён этади. Ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги баёнотларга қарамай, Израилнинг Ғазога зарбалари давом этмоқда. «Анадолу» агентлиги маълумотларига кўра, 2023 йилнинг октябридан буён секторда камида 260 нафар фаластинлик журналист ўлдирилган. Шу билан бирга, Израил судлари хорижий мухбирларни армия назоратидан ташқари ҳолда Ғазога киритиш ҳақидаги қарорни яна ортга сурмоқда. Бундай шароитда блоклашлар, «яширин тақиқлар» ва тавсиялардан маҳрум этишлар оддий техник чоралар бўлмай қолади — улар рақамли конслагер элементларига айланади. Бу ерда сукут сақлаш тақиқлар орқали эмас, балки алгоритмлар ёрдамида таъминланади.

Ғазо — ҳақиқат мезони

Ғазодаги урушгача рақамли цензура сохта хабарлар, нафрат тили ёки экстремизмга қарши кураш экани ҳақидаги тасаввурни сақлаб туриш мумкин эди. Бироқ айнан Ғазо воқеалари нейтрал алгоритмлар тўғрисидаги афсонанинг бутунлай пучга чиққан нуқтаси бўлди.

Ғазо шунчаки истисно эмас, балки ўзига хос синов майдонига айланди. Айнан шу ерда Ғарб платформалари илк бор цензуранинг синхрон моделини амалда синаб кўрди: визуал далилларни ўчириш, архивларни йўқ қилиш ва «нозик контент» баҳонаси билан турли овозларни бўғиш шулар жумласидандир.

Ғарб платформалари — Meta, YouTube, X, LinkedIn ва тобора TikTok ҳам — бир хил услубда ҳаракат қила бошлади: тинч аҳоли вакиллари орасидаги қурбонлар акс этган видеоларни яшириш, контентни ҳеч ким кўрмайдиган даражада «нозик» деб белгилаш, жонли эфирларни блоклаш, гувоҳлик архивларини ўчириб ташлаш, журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларини монетизациядан маҳрум қилиш авж олди. Расман булар «ҳамжамият қоидалари» билан хаспўшланса-да, амалда сиёсий мақсадга мувофиқлик тамойили асосида бажарилмоқда.

Фаластинни ёқловчи контентлар миллионлаб кўрилишлар ва ёқтирмалар тўплайди, яъни иқтисодий жиҳатдан ўта фойдали. Бироқ, бундай контентларнинг сиқиб чиқарилиши пул билан эмас, балки мафкура билан изоҳланади. Ғарб платформалари монетизация мантиғига эмас, балки сиёсий содиқликка мос келадиган рухсат этилган фикр чегараларини ўрнатади.

Айнан шу паллада цензура шунчаки назария бўлишдан тўхтади ва Ғарбдаги таниқли шахсларга ҳам дахл қила бошлади. 2023 йил декабр ойида америкалик ёзувчи ва фаластинпараст фаол Шон Кингнинг Instagram’даги саҳифаси Meta компанияси томонидан блокланди. Бунга унинг Израил армиясининг Ғазодаги ҳаракатларини кескин танқид қилгани сабаб бўлди. Шу билан бир вақтда Meta ва бошқа ижтимоий тармоқлар британиялик хонанда ва фаол Lowkey’нинг ҳам аккаунтларини ёпиб қўйди.

2025 йил август ойида X тармоғи ҳатто ўзининг Grok сунъий интеллептини ҳам блоклади. Бунинг сабаби ботнинг Израил ва АҚШнинг Ғазодаги амалиётларини «геноцид» деб атагани бўлди. Фаолияти қайта тикланганидан сўнг, Grok ўз аккаунти модерация тизими томонидан автоматик равишда тамғаланганини маълум қилди. Тармоқ ботнинг Ғазо бўйича Халқаро суд ҳисоботларига таянганини нафрат тили ҳақидаги қоидаларнинг бузилиши деб баҳолаган. Ушбу ҳодисадан сўнг Grok’нинг Ғазодаги геноцид масаласига ёндашуви ўзгарди: эндиликда бот бу ҳолат «исботланган» деган фикрни билдирмаяпти.

2025 йил октябр ойи бошида YouTube’дан Фаластиннинг учта йирик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилоти аккаунтлари ўчириб ташланди. Бунинг оқибатида Израил томонидан Ғазо ва босиб олинган Ғарбий соҳилда халқаро ҳуқуқнинг кўплаб бузилишларини ҳужжатлаштирган 700 дан ортиқ видео йўқ қилинди.

Рақамли тоталитаризм

Биз тоталитаризмни давлат, қатағонлар, полиция ва қамоқхоналар билан боғлашга одатланганмиз. Бироқ рақамли давр бошқа бир моделни — давлатсиз тоталитаризмни юзага келтирди. Бу ерда форма кийган назоратчи йўқ. Шикоят қилиш мумкин бўлган қонун йўқ. Апелляция бериладиган суд йўқ. Фақатгина алгоритм, «қоида бузилиши» тугмаси ва кўринмас ҳукм — ғойиб бўлиш мавжуд.

Инсонни қамоққа ташлашмайди. Уни шунчаки кўрмай қўйишади. Ва бу демократик жамиятдаги асосий ҳуқуқларга — сўз эркинлиги, фикр билдириш ҳуқуқи ва тафаккур ҳуқуқига ташланган энг жиддий таҳдидлардан бирига айланмоқда. Бугун айнан технологик корпорациялар кимнинг дарди қонуний, кимнинг қурбонлари ҳамдардликка лойиқ, қайси сўзлар жоиз ва қайси мавзулар сиқиб чиқарилиши кераклигини ҳал қилмоқда. Суверенитет давлатлардан платформаларга ўтди. Ва улар инсонпарварлик ёки принциплардан келиб чиқиб эмас, балки сиёсий ва молиявий ҳисоб-китоблар асосида иш кўрмоқда.

TikTok «Хитойники» бўлгани учун эмас, балки Ғарб медиасининг воқеаларни талқин қилишдаги монополиясини бузгани ва визуал далилларнинг таҳририй филтрларсиз тарқалишига имкон бергани учун муаммога айланди. У анъанавий оммавий макондан сиқиб чиқарилганларга овоз берган эди. Айнан шунинг учун ҳам уни қўрқитишга, бўйсундиришга ва «масъулиятли модерация» тизимига мослаштиришга уринишди. Шундан сўнг платформа яққол Ғарбона тус олди.

Шундай бўлса-да, рақамли тоталитаризм деярли ҳар доим муқаррар қаршилик ва рақобатни келтириб чиқаради. TikTok Америка инвесторлари назоратига ўтказилгандан сўнг фойдаланувчилар оммавий равишда муқобилларни излай бошлагани ва улардан бири — UpScrolled саноқли кунлар ичида АҚШ ва бошқа бир қатор давлатларда юклаб олиш бўйича етакчига айлангани эътиборга молик. Келиб чиқиши фаластинлик бўлган дастурчи Иссам Ҳижази томонидан асос солинган платформа хронологик тасма, манипулятив алгоритмлардан воз кечиш ва фақатгина ноқонуний контентни модерация қилишни ваъда бермоқда. Бу ҳозирча тизимга берилган тўлиқ жавоб бўлмаса-да, муҳим турткидир: сўз эркинлиги асосий платформалардан сиқиб чиқарилса, у муқобил йўллар орқали ўзига йўл оча бошлайди.

Афсонанинг якуни

Бугунги масала TikTokни қандай сақлаб қолишда эмас. Масала шундаки, алгоритмик суверенлар томонидан назорат қилинмайдиган рақамли макон мавжудми?

Ғарб ўн йиллар давомида дунёга сўз эркинлиги, демократия ва инсон ҳуқуқлари бўйича сабоқ бериб келди. Аммо айнан рақамли маконда ушбу афсона ҳаммасидан ҳам тезроқ чилпарчин бўлди. Сўз эркинлиги Пекинда вафот этгани йўқ. У Кремний водийсида — буни «масъулият» деб атаганларнинг олқишлари остида жон таслим қилди.

Бугун биз рақамли конслагер воқелигида яшаяпмиз: бу ерда корпорациялар ким гапиришга ҳақли эканини ҳал қилади, алгоритмлар кимнинг овози эшитилишини белгилайди, сукунат эса таёқ ёки тазйиқ билан эмас, балки интерфейс орқали мажбуран ўрнатилади.

Тарих бир неча бор шуни кўрсатганки, нутқни назорат қилишга асосланган тизимлар вақт ўтиб назоратдан чиқадиган овозларни келтириб чиқаради. Бу овозлар аввалгиларидан ҳам баландроқ янграйди.

 

Teglar

Mavzuga oid