130 миллиард долларлик савол

22.02.2026 | 13:106 дақиқа

Олий суд Трампнинг айрим божларини ноқонуний деб топди, аммо йиғилган 130 млрд доллар тақдири ҳали ноаниқ. Шу билан бирга, маъмурият янги қонунлар асосида тариф сиёсатини давом эттирмоқда.

130 миллиард долларлик савол

АҚШ Олий суди президент Доналд Трамп ўтган йили жорий этган кенг қамровли глобал божлар орқали ўз ваколатларини ошириб юборган, деган қарорга келди. 6 га қарши 3 овоз билан қабул қилинган қарорда суд Трамп 1977 йилги «Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун» (IEEPA)дан деярли дунёнинг барча мамлакатларидан импорт қилинадиган товарларга солиқ жорий этиш учун фойдалана олмаслигини билдирди.

Қарор божлар орқали йиғилган тахминан 130 миллиард доллар маблағни истеъмолчилар ва бизнес субъектларига қайтариш имкониятини очиқ қолдирди. Олий суд бу масалани муҳокама қилмади, аммо бу эҳтимол яна бир суд тортишувига сабаб бўлиши кутилмоқда.

Қарор эълон қилинганидан бир неча соат ўтиб, Трамп 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 122-моддасига таяниб янги фармонни имзолади. Ушбу қонун унга барча мамлакатлар товарларига нисбатан 10 фоизлик вақтинчалик бож жорий этиш имконини беради. Шанба куни у ижтимоий тармоқда бу янги божларни 15 фоизгача оширишини ёзди.

Қуйида божлар бўйича кейинги қадамлар ва ҳали ҳам очиқ қолган саволлар ҳақида билиш лозим бўлган жиҳатлар келтирилади.

Қайси божлар ноқонуний деб топилди ва нима учун?

20 феврал куни эълон қилинган Олий суд қарори фақат Трамп IEEPA – 1977 йилги «Халқаро фавқулодда иқтисодий ваколатлар тўғрисидаги қонун» асосида жорий этган божларга тааллуқлидир. Ушбу қонун президентга фавқулодда ҳолат шароитида савдони тартибга солиш ваколатини беради.

Трамп бу қонунни илк бор 2025 йил феврал ойида қўллаб, Хитой, Мексика ва Канададан келадиган товарларга бож жорий этган эди. Унинг таъкидлашича, ушбу мамлакатлардан фентанил контрабандаси фавқулодда ҳолатни юзага келтирган.

Бир неча ой ўтиб, Трамп «Озодлик куни» деб атаган санада янада кескин қадам ташлаб, деярли дунёнинг барча мамлакатларидан келадиган товарларга 10 фоиздан 50 фоизгача бож жорий қилди. Бу ҳолатда у АҚШ савдо тақчиллигини, яъни мамлакат импорт ҳажми экспортдан юқори бўлишини «ноодатий ва фавқулодда таҳдид» деб баҳолаган.

Суд таъкидлашича, янги солиқлар жорий этиш ваколати президентга эмас, балки АҚШ Конгрессига тегишли. Шунингдек, IEEPA доирасидаги тартибга солиш чоралари давлат бюджетига даромад йиғишни назарда тутмайди.

Шу билан бирга, Трамп сўнгги бир йил давомида жорий этган айрим божлар IEEPA доирасидаги фавқулодда ҳолатларга боғлиқ эмас ва Олий суд қарорига қарамай кучда қолиши мумкин. Жумладан, пўлат, алюминий, ёғоч материаллари ва автомобиллар соҳасига оид тармоқ-махсус божлар 1962 йилги Савдони кенгайтириш тўғрисидаги қонуннинг 232-моддаси асосида жорий этилган бўлиб, улар миллий хавфсизлик масалалари билан изоҳланган.

Трамп бошқа қонун асосида янги вақтинчалик божлар жорий қилди

20 феврал куни Олий суд қарори эълон қилинганидан сўнг, Трамп 122-модда деб аталувчи, илгари деярли қўлланилмаган қонун асосида АҚШга импорт қилинадиган товарларнинг қарийб барчасига 10 фоизлик глобал бож жорий этиш тўғрисида фармон чиқарди. 21 феврал куни у ўзининг «Truth Social» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида глобал божларни 10 фоиздан 15 фоизгача оширишини маълум қилди.

122-модда президентга 150 кун муддатгача 15 фоизгача бўлган божларни жорий этиш ваколатини беради. Шу муддат тугагач, Конгресс аралашиши керак бўлади.

Бироқ Трамп қонун чиқарувчиларни айланиб ўтиш имкониятига ҳам эга бўлиши мумкин. Ўнг қарашларга яқин «Cato Institute» таҳлил марказининг таъкидлашича, 122-модда президентга 150 кун ўтгач божларни бекор қилиб, кейин янги фавқулодда ҳолат эълон қилиш орқали уларни қайта жорий этишни очиқча тақиқламайди.

Оқ уй маълумотига кўра, Трамп 122-моддани «халқаро тўловлар соҳасидаги асосий муаммоларни ҳал қилиш» ва Америка савдосини қайта мувозанатлаштириш учун қўлламоқда. Шу билан бирга, у 1974 йилги Савдо тўғрисидаги қонуннинг 301-моддаси асосида ҳам бож жорий этиш имкониятини ўрганмоқда.

Мазкур қонун АҚШ Савдо вакилига (ҳозирда бу лавозимни Жеймисон Грир эгаллаб турибди) бошқа давлатларнинг савдо амалиётларини текшириш ваколатини беради. Агар бу амалиётлар «камситувчи» ёки «адолатсиз» деб топилса, Савдо вакили божлар жорий қилиши мумкин.

Маъмурият, шунингдек, 1962 йилги «Савдони кенгайтириш тўғрисида»ги қонуннинг 232-моддаси асосида ҳам божлар жорий этишда давом этиши мумкин. Трамп биринчи президентлик муддатида ушбу моддадан фаол фойдаланган. У миллий хавфсизликка таҳдид соладиган импортга қарши бож қўллаш имконини беради, аммо бунинг учун аввал текширув ўтказилиши шарт/ Шу сабабли бундай божлар жорий этилиши вақт талаб қилади.

BBC’нинг иқтисодчи манбасига таяниб ёзишича, текширув ва расмий хулосалар талаб қилиниши божларни кейинчалик суд орқали бекор қилишни қийинлаштиради ва улар жорий этилганидан сўнг олиб ташлашни ҳам мушкул қилади.

АҚШ молия вазири Скотт Бессент 122-модда бўйича божлар 232 ва 301-моддалар асосидаги кучайтирилган божлар билан бирга қўлланилса, «2026 йилда божлардан тушум деярли ўзгаришсиз қолади», деб айтган. Бу эса IEEPA асосидаги божлар бекор қилинганидан келиб чиққан йўқотишларни қоплашга хизмат қилади.

Истеъмолчилар ва бизнес ноқонуний деб топилган божлар учун пулларини қайтариб оладими?

Трамп божларни жорий этишга асос сифатида келтирган сабаблардан бири улардан тушган маблағ АҚШ Ғазначилигига йўналтирилиб, мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлашидир. Кўплаб ҳисоботларга кўра, АҚШ ҳукумати чет эл маҳсулотларини импорт қилган компаниялардан ўнлаб миллиардлаб доллар йиғган. Айрим баҳолашларга кўра, бу сумма тахминан 130 миллиард доллар атрофида.

Олий суд Трампнинг IEEPA асосида жорий этган божларини ноқонуний деб топган бўлса-да, тўланган маблағларни қайтариш бўйича аниқ кўрсатма бермади.  Трамп журналистларга эҳтимолий қайтаришлар масаласи йиллаб суд тортишувларида қолиб кетишини кутяпман, деб айтган.

Қарор эълон қилинганидан сўнг, Молия вазири Скотт Бессент ҳам қайтаришлар масаласи йиллаб чўзилиши мумкинлигини билдирди. Даллас шаҳридаги тадбирда сўзлаган Бессентнинг айтишича, Олий суд қайтариш бўйича кўрсатма бермагани сабабли IEEPA асосида йиғилган даромадлар ҳозирча «низоли» ҳисобланади.

Бу масала АҚШ Халқаро савдо суди томонидан кўриб чиқилиши кутилмоқда. Мутахассислар фикрича, эҳтимолий қайтаришлар асосан йирик компанияларга тегиши мумкин, чунки кичик бизнеслар пулни қайтариш учун зарур бўлган кўп босқичли жараённи ўташга ресурс топа олмаслиги мумкин.

Либерал қарашларга яқин «Groundwork Collective» таҳлил марказининг сиёсат ва адвокация бўйича раҳбари Алекс Жакезнинг CBSга айтишича, қарордан олдин ҳам 1 000 дан ортиқ бизнес божлар бўйича пулларни қайтаришни сўраб мурожаат қилган. Унинг таъкидлашича, бу рақам янада ошиши мумкин.

Шунингдек, Иллинойс штати демократик губернатори Жей Роберт Притзкер Оқ уйдан ҳар бир америкалик хонадонга ноқонуний божлар сабаб 1 700 долларлик чек беришни талаб қилди. Трамп эса бир неча бор омма олдида америкаликларга «божлар бўйича қайтим чеки» бериш ғоясини ишора қилган эди.

Ҳозир қайси божлар амал қилмоқда?

Оқ уй маълумотига кўра, янги божлар 24 феврал соат 12:01 дан бошлаб, товарлар қаердан келишига қарамасдан, АҚШга киритилаётган барча импорт маҳсулотларига нисбатан қўлланилиши керак эди.

Оқ уй расмийси BBC’га маълум қилишича, АҚШ билан савдо келишувларини имзолаган давлатлар, жумладан, Буюк Британия, Ҳиндистон ва Европа Иттифоқи ҳам аввал келишилган ставкалар эмас, балки 122-модда асосидаги глобал божга дуч келади. Маъмурият кутишича, ушбу давлатлар барибир савдо келишувларида қабул қилган имтиёз ва мажбуриятларга риоя қилишда давом этади. Айрим товарлар эса «АҚШ иқтисодиёти эҳтиёжлари» сабабли ёки божни аниқроқ йўналтириш мақсадида солиқдан озод қилинади. Булар қуйидаги йирик тоифаларни ўз ичига олади: айрим стратегик фойдали қазилмалар, металлар, энергия маҳсулотлари, табиий ресурслар, озиқ-овқат экинлари, фармацевтика маҳсулотлари, электроника, енгил ва юк автомобиллари, шунингдек, авиация-коcмик соҳаси маҳсулотлари.

Оқ уй тарқатган маълумотномага кўра, «ахборот материаллари (масалан, китоблар), хайрия юклари ва шахс билан бирга олиб кириладиган багаж» ҳам божга тортилмайди. Бироқ кўплаб имтиёзли тоифалар бўйича фармон умумий шаклда ёзилган бўлиб, қайси аниқ товарлар озод этилиши очиқ кўрсатилмаган.

Яна бир муҳим истисно – USMCA доирасидаги товарлардир. Бу АҚШ, Мексика ва Канада ўртасидаги савдо келишуви бўлиб, мазкур маҳсулотлар аввал IEEPA асосидаги божлардан ҳам озод этилган эди. Канада бош вазири Марк Карней бир неча бор Канада USMCA туфайли дунёдаги энг паст бож ставкаларига эга давлатлардан бири эканини таъкидлаган.

Шунингдек, Коста-Рика, Доминикан Республикаси, Салвадор, Гватемала, Гондурас ва Никарагуадан келадиган тўқимачилик ва кийим-кечак маҳсулотлари Доминикан Республикаси – Марказий Америка эркин савдо келишуви асосида божсиз қолади. Айни пайтда, Трамп арзон товарларга нисбатан божларни сақлаб қолишини айтган. Ўтган йили у «de minimis» деб аталган имтиёзни бекор қилган эди. Бу имтиёз қиймати 800 доллар ёки ундан кам бўлган товарларни АҚШга божсиз олиб кириш имконини берар эди.

Теглар

Мавзуга оид