Андижонда ер учун 60 минг доллар талаб қилган амалдорлар ушланди

Bugun 09:251 daqiqa

Андижон туманида маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси 30 сотих ерни расмийлаштириб бериш эвазига 60 минг доллар талаб қилгани учун тезкор тадбирда қўлга олинди.

Андижонда ер учун 60 минг доллар талаб қилган амалдорлар ушланди © DXX matbuot xizmati

Андижон туманидаги МФЙлардан бирининг раиси ва ушбу маҳалладаги ҳоким ёрдамчиси ўзаро тил бириктириб, 1967 йилда туғилган фуқарога чорвачилик мақсадида мазкур маҳалла ҳудудидан ажратиб берилган ер майдонининг 2 сотихини ҳамда давлат захирасида бўлган 28 сотих ерни Андижон шаҳрида яшовчи, бошқа бир шахс номига расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

«Хизмат ҳақи»

Улар жами 30 сотих ер майдонининг бир қисмини нотурар, қолган қисмини турар жой тоифасига ўзгартириб бериш эвазига, ер учун 57 минг АҚШ доллари ва кадастр идораларидаги танишлари орқали ҳужжатларни расмийлаштириш учун 3 минг АҚШ доллари талаб қилишади.

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда маҳалла раиси ва ҳоким ёрдамчиси олдиндан ер майдони учун 28 минг АҚШ доллари ҳамда кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш учун 3 минг АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Teglar

Mavzuga oid