Ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг Россияда бўлиш муддати 180 кунгача узайтирилди

Bugun 08:302 daqiqa

Россияга визасиз келган ва халқаро автомобил ташувларида профессионал ҳайдовчи сифатида ишлаётган фуқаролар у ерда бир кйилда жами 180 кунгача қолиши мумкин.

Ўзбекистонлик ҳайдовчиларнинг Россияда  бўлиш муддати 180 кунгача узайтирилди

Россия Федерацияси ҳукумати МДҲ давлатлари ва Грузиядан келган профессионал ҳайдовчилар учун мамлакат ҳудудида вақтинча бўлиш муддатини 180 кунгача узайтириш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу ҳақда Инвестицияларни жалб қилиш, саноатни ривожлантириш ва савдони тартибга солиш масалалари бўйича «Ҳукумат комиссияси» Telegram каналида хабар берилди.

Янги ҳукумат ҳужжатига кўра, халқаро автомобил ташувларини амалга оширувчи профессионал ҳайдовчилар бир календар йили давомида жами 180 суткагача Россия ҳудудида бўлишлари мумкин. Аввал ушбу муддат 90 кунни ташкил этар эди. Мазкур қарор 2026 йил 30 июндан бошлаб расман кучга киради.

Ушбу масала 2026 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари Жамшид Ходжаев раислигидаги "Ҳукумат комиссияси" томонидан ўтказилган «Очиқ мулоқотлар» доирасида бир неча бор кўтарилган эди. Транспорт-логистика компаниялари ва экспортчилар томонидан билдирилган таклифлар икки мамлакат ҳукуматлари даражасида, Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси иштирокида ишлаб чиқилган.

Қарорнинг кучга кириши ўзбекистонлик экспортчилар учун маъмурий чекловларни камайтириш ҳамда логистика занжирлари барқарорлигини ошириш имконини беради. Хусусан, мева-сабзавот, озиқ-овқат ва қурилиш материалларини ташиш билан шуғулланувчи ҳайдовчилар дуч келаётган қийинчиликларни бартараф этиш ва мунтазам ташувларни соддалаштириш кўзда тутилган.

Янги тартибдан фойдаланиш учун чет эл фуқаролари Россияга кириш ва унинг ҳудудида бўлиш ёки яшаш мақсадида белгиланган тартибда ариза топширишлари зарурлиги шарт сифатида белгиланган.

Teglar

Mavzuga oid