Экологик ҳуқуқбузарликлар учун жарималар қайта кўриб чиқилади
Янги таклифларга кўра, табиатга етказилган зарар учун жарималар қайта кўриб чиқилиб, уларни реал зарар миқдорига боғлаш режалаштирилмоқда.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрел куни табиатни муҳофаза қилиш ва экологик барқарорликни таъминлаш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, сўнгги йилларда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва «яшил иқтисодиёт» тамойилларини жорий этиш бўйича қатор ишлар амалга оширилган. Бироқ саноат, қурилиш, транспорт ва коммунал соҳалардаги тезкор ривожланиш экологик талабларга риоя қилиш устидан назоратни янада кучайтириш заруратини келтириб чиқармоқда.
Маълумотларга кўра, 2024 йилда 47 мингдан ортиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик аниқланган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 59 мингдан ошган. Амалдаги тартибда жарималар миқдори етказилган зарарга мутаносиб эмаслиги айрим корхоналарга жарима тўлаб, фаолиятни давом эттиришни маъқул қилиш имконини бермоқда.
Янги ёндашув: зарарга мутаносиб жазо
«Шу боис юридик шахсларга нисбатан молиявий санкцияларни қайта кўриб чиқиш, уларни табиатга етказилган зарар миқдорига боғлаш ва халқаро амалиётга яқинлаштириш таклиф этилди», — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, дарё ўзанларидан норуда материалларни ноқонуний қазиб олиш, сувларни ифлослантириш, дарахтларни кесиш, атмосферага ортиқча чиқиндилар ташлаш, қурилиш майдонларида чанг ва қумнинг ҳавога кўтарилишига йўл қўйиш ҳамда чиқиндиларни белгиланмаган жойларда ёқиш каби ҳолатлар учун таъсирчан чоралар жорий этилади.
Ягона молиявий санкция механизми
Шунингдек, маъмурий жарима ва экологик зарар учун компенсация тўловини ягона молиявий санкцияга бирлаштириш таклиф қилинмоқда. Бунда корхона айбини тан олса, чорани Экология ва иқлим ўзгариши миллий қўмитаси қўллайди, низоли ҳолатларда эса масала суд орқали ҳал этилади.





