«Банк сирига риоя қилиниши керак». Иқтисодчилар P2P назоратидаги бўшлиқлардан огоҳлантирмоқда

Bugun 16:157 daqiqa

Ижтимоий тармоқларда P2P ўтказмалари сабаб солиқ текширувларига чақирувлар ҳақидаги хабарлар ортидан иқтисодчилар ва жамоатчилик фаоллари банк сири, ҳуқуқий асослар ва текширув мезонлари бўйича очиқ қолган саволларга эътибор қаратмоқда.

«Банк сирига риоя қилиниши керак». Иқтисодчилар P2P назоратидаги бўшлиқлардан огоҳлантирмоқда

Ижтимоий тармоқларда карта орқали амалга оширилган кўп сонли P2P ўтказмалари ва йирик йиллик айланмалар сабаб айрим фуқаролар солиқ органларига чақирилаётгани ҳақида хабарлар тарқалди.

Унда айтилишича, солиқ органлари 2020 йил 30 октябрдан бошлаб амалга оширилган транзакцияларни текшириш ҳуқуқига эга эканини билдирмоқда. Агар карта орқали ўтказмалар сони жуда кўп бўлса, фуқаролардан тушунтириш хати талаб қилиниши мумкин.

Масалан, тарқалган маълумотларга кўра, бир фуқарода сўнгги уч йил ичида 2,5 мингдан ортиқ P2P транзакцияси аниқланган. Унга ҳар ойда амалга оширилган транзакциялар сони ва умумий суммалар кўрсатилган ҳужжат тақдим этилгани айтилмоқда.

Шунингдек, карта айланмаси бир йилда 500 млн сўмдан ошган айрим фуқаролар ҳам солиқ органларига чақирилгани ҳақида хабарлар бор. Айрим изоҳларда бундай айланмалар ноқонуний савдо фаолияти билан боғлиқ бўлиши мумкинлиги қайд этилган.

«Ҳозирча текширувлар якунлари, жарималар ёки бошқа чоралар ҳақида расмий маълумот берилмаган. Текширувлар энди бошланган кўринади», — дейилади хабарда.


Огоҳлантириш хатлари


photo_2026-05-15_15-16-33

Манба: Spot.uz


Ижтимоий тармоқларда солиқ органлари томонидан тадбиркорларга юборилган
огоҳлантириш хатлари нусхалари ҳам тарқалди. Хатларда P2P — карта орқали карта ҳисобига амалга оширилган савдо тушумлари таҳлил қилингани айтилган.

Тарқалган ҳужжатлардан бирида 2025 йилнинг 11 ойи давомида жами 68 млн сўмга яқин 217 та P2P транзакция қайд этилгани, бироқ ушбу тушумлар солиқ ҳисоботларида кўрсатилмагани қайд этилган. Шу асосда 8 млн сўмдан ортиқ ҚҚС ҳисоблангани кўрсатилган.

Яна бир огоҳлантириш хатида эса солиқларни қўшимча ҳисоблаш билан бирга, тадбиркорга яширилган солиқ базаси суммасининг 20 фоизи миқдорида жарима қўлланиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирилган. Солиқ органлари изоҳ ва тасдиқловчи ҳужжатларни тақдим этиш учун ўн кун муддат берган.

Иккала ҳолатда ҳам
Солиқ кодексининг 223-моддаси — солиқ базасини яшириш ёки камайтириб кўрсатиш нормаларига ҳавола қилинган. Мазкур модда асосида яширилган солиқ суммаси бўйича солиқлар қайта ҳисобланиши ва қўшимча равишда 20 фоизгача жарима қўлланиши мумкин.

Текширувлар бизнес вакиллари карталаридаги савдо пулларига қаратилган — Солиқ қўмитаси

Солиқ қўмитаси ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар юзасидан расмий изоҳ берди. Қайд этилишича, текширувлар оддий фуқароларнинг шахсий пул ўтказмаларига эмас, асосан савдо фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар ва уларнинг раҳбар ходимлари карталаридаги пул айланмаларига қаратилган.

Қўмитага кўра, айрим тадбиркорлар савдо операцияларини P2P — карта орқали карта ҳисобига пул ўтказиш йўли билан амалга оширмоқда. Баъзи ҳолатларда эса ушбу маблағлар солиқ ҳисоботларида кўрсатилмаяпти.

Шу сабаб солиқ органлари корхона раҳбарлари ва масъул ходимларнинг пластик карталарига келиб тушган маблағларни таҳлил қилмоқда. Агар яширилган даромад аниқланса, солиқ ҳисоботларига тегишли тузатишлар киритилиши ва хабарномалар юборилиши мумкин.

Солиқ қўмитаси бу жараён жазолаш учун эмас, балки яширин иқтисодиётни қисқартириш, бюджет тушумларини ошириш ва қонуний ишлаётган тадбиркорлар учун тенг шароит яратишга қаратилганини билдирди.

Бундан ташқари, иқтисодчи ва жамоатчилик фаоллари ҳам ҳолат юзасидан фикрларини билдиришди.

«P2P назорати банк сири талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак» — Отабек Бакиров

Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам P2P назоратлари атрофидаги вазият юзасидан муносабат билдириб, Солиқ қўмитаси таянаётган PF–6098-сонли фармонда айнан P2P операцияларини текшириш тартиби аниқ белгилаб қўйилмаганини таъкидлади.

Унинг қайд этишича, мазкур фармоннинг асосий мақсади яширин иқтисодиёт даражасини камайтириш, бизнес учун тенг рақобат муҳитини яратиш, солиқ тизимини соддалаштириш ва нақдсиз тўловларни кенгайтиришдан иборат бўлган.

«Фармон билан P2P операциялари бўйича назорат чоралари ва амалий ҳаракатлар белгилаб берилмаган», — деб ёзмоқда Бакиров ўз блогда.

Иқтисодчи, шунингдек, айнан шу фармон асосида пандемиядан кейинги даврда умумий овқатланиш соҳасидаги кичик бизнесларга P2P орқали тўлов қабул қилишга рухсат берилганини эслатди. Яъни ўша пайтда кафе ва ресторанлар учун карта орқали тўловлар бизнесни қўллаб-қувватлаш воситаси сифатида кўрилган.

Бакировнинг фикрича, ҳозир бошланаётган P2P назоратларининг ҳуқуқий томонида ҳали кўплаб очиқ масалалар мавжуд.

«Нима бўлгандаям, P2P назорати бўйича бошланган ҳаракатларнинг ҳуқуқий томонида ҳали бўшлиқлар жуда кўп (яхшиям суд бор). 15 кун аввалги катта анжуманда айтилганидек, “P2P борасида нима ечимга келсак ҳам, бу банк сири талабларига риоя қилган ҳолда амалга оширилиши керак”», — деди у.

«Ортиқча рақамлаштириш бизнесни кулранг иқтисодиётга олиб кетиши мумкин» — Шуҳрат Қурбонов

Иқтисодчи Шуҳрат Қурбоновнинг фикрича, солиқ органлари барча P2P ўтказмаларни эмас, айнан картага келиб тушаётган маблағларни таҳлил қилаётгани ижобий ҳолат.

Қурбонов аввалроқ Қозоғистонда қўлланилган тажрибани мисол қилиб келтирди. Унга кўра, агар бир кишининг картасига кетма-кет уч ой давомида 100 хил одамдан 1 млн тенгедан ортиқ маблағ тушса, бу савдо тушуми бўлиши мумкин деб қаралади. Шундан кейин фуқаро ушбу маблағ бизнес даромади эмаслигини исботлаши ёки солиқ тўлаши керак бўлади.

«Қувонарлиси, ҳамма P2P ўтказмаларни эмас, айнан тушумларни кўраётганини тушунишибди. Қозоғистонда ҳам картага 100 хил одамдан маълум лимитдан ортиқ пул тушса, бу савдо тушуми сифатида кўрилади», — деди у.

Иқтисодчи Ўзбекистонда эса текширув мезонлари ҳали аниқ эмаслигини қайд этди. Унинг айтишича, айнан кимлар текширувга тушаётгани очиқланмаган — барча карталарми, фақат бизнес эгалари ёки энг кўп пул тушуми бўлган фуқароларми.

«Матнда “юридик шахсларнинг раҳбар ходимлари” дейилади. Лекин мезон қандай ишлаётгани тушунарсиз — барча карталар кўриляптими ёки фақат бизнесга алоқадор шахслар текшириляптими?» — дея савол қўйди Қурбонов.

Унинг таъкидлашича, солиқларни барча тўлаши керак. Бироқ давлат нега бизнеслар пулни компания ҳисобига эмас, шахсий карталарга олишни афзал кўраётганини ҳам ўрганиши лозим.

«Одам эрталаб уйдан чиқayotib давлатни алдайман, солиқ тўламайман деб ўйламайди. Балки тизимнинг ўзи бизнесни шунга мажбур қилаётгандир», — деди иқтисодчи.

Қурбонов ортиқча рақамлаштириш бизнеснинг «оқ» ҳисобдан чиқиб, «кулранг» ёки «қора» иқтисодиётга ўтишига олиб келиши мумкинлигидан ҳам огоҳлантирди.

Шунингдек, у бундай текширувларни қонунчилик даражасида аниқ белгилаш кераклигини таъкидлади. Чунки ҳозирча банк сири билан боғлиқ маълумотлар қаердан олинаётгани ва улар қай даражада қонуний асосда олинаётгани бўйича саволлар мавжуд.

«Энди текширувлар бошланган экан, уларни қонунчиликда ҳам аниқ мустаҳкамлаш керак. Ҳозирча бу маълумотлар қаердан олинаётгани ва қанчалик қонуний экани бўйича саволлар бор», — деди у.

Иқтисодчи якунда P2P тизими нақд пулга нисбатан барибир шаффофроқ эканини қайд этди.

«P2P барибир нақд пулдан яхшироқ. Чунки зарурат туғилганда пулнинг ҳаракатини кузатиш ва текшириш имконини беради», — дея хулоса қилди Қурбонов.


«Директор картасига тушган ҳар қандай пулни корхона даромади деб бўлмайди»

«РАСТАМОЖКА» каналида P2P ўтказмаларни автоматик тарзда корхона тушуми сифатида баҳолаш ҳуқуқий жиҳатдан баҳсли экани ҳақида ёзилди.

Унда қайд этилишича, айрим тадбиркорларга солиқ органлари томонидан директор ёки раҳбар ходимларнинг шахсий банк карталарига келиб тушган P2P ўтказмалар бўйича Excel шаклида маълумот тақдим этиш талаби юборилмоқда.

Шунингдек, қонунчиликка кўра юридик шахс ва жисмоний шахс икки алоҳида ҳуқуқ субъекти экани эслатилган. Корхона ўзининг ҳисоб рақамлари ва молиявий мажбуриятларига эга бўлса, директорнинг шахсий картаси унинг шахсий молиявий воситаси саналади.

«Фақат карта айланишининг ўзи даромад эканини англатмайди. Чунки жисмоний шахс картаси орқали қарз қайтарилиши, оилавий ўтказмалар, дўстлар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ёки бошқа шахсий операциялар ҳам амалга оширилиши мумкин. Директорнинг шахсий картасига келган ҳар қандай маблағни ҳеч қандай далилсиз корхона даромади деб қабул қилиш ҳуқуқий жиҳатдан баҳсли ҳисобланади».

Постда энг хавфли жиҳатлардан бири — бундай ёндашув тадбиркорлик муҳитида «ҳамма айбдор» деган презумпцияни шакллантириши мумкинлиги экани таъкидланган.

«Агар шахсий карта айланишининг ўзиёқ шубҳа учун асос бўлса, эртага директорнинг оила аъзолари ёки яқинларининг операциялари ҳам текширув объектига айланиши эҳтимоли пайдо бўлади. Бу эса хусусий мулк дахлсизлиги, банк сирлари ва ҳуқуқий аниқлик принципларига зид келади».

Шунингдек, солиқ органлари бирор P2P ўтказмани корхона даромади деб ҳисобламоқчи бўлса, аввало ушбу маблағ айнан товар ёки хизмат учун олинганини, операция бизнес фаолияти билан боғлиқлигини ва маблағ яширилган тушум эканини аниқ исботлаши кераклиги қайд этилган.

«Кўплаб тадбиркорлар ҳуқуқий позициясини тўлиқ билмагани сабаб асоссиз талаблар, тушунтириш хатлари ёки эҳтимолий жарималардан чўчиб рози бўлаётган бўлиши мумкин. Агар аниқ ҳуқуқий механизм ишлаб чиқилмаса, ҳар қандай фаол банк картаси келажакда потенциал солиқ объектига айланиши хавфи пайдо бўлади», — дейилади каналда.

Умуман олганда, P2P ўтказмалари бўйича бошланган текширувлар солиқ тизими, рақамли тўловлар ва фуқароларнинг молиявий эркинлиги кесишган нуқтадаги энг баҳсли мавзулардан бирига айланди. Давлат яширин иқтисодиёт ва солиқдан қочиш ҳолатларини қисқартиришни мақсад қилган бўлса, экспертлар ва жамоатчилик вакиллари бу жараён аниқ ҳуқуқий чегаралар, шаффоф мезонлар ва банк сири талаблари асосида олиб борилиши кераклигини таъкидламоқда.

Айни пайтда асосий саволлар очиқ қолмоқда: қайси ҳолатда P2P ўтказма ҳақиқатан ҳам бизнес даромади ҳисобланади, шахсий карта айланмасини текширишнинг ҳуқуқий асоси қандай ва солиқ органларининг ваколатлари қаерда тугайди? Чунки аниқ қоидалар шакллантирилмас экан, бу масала фақат солиқ назорати эмас, балки давлат ва бизнес ўртасидаги ишонч, хусусий молиявий дахлсизлик ва рақамли иқтисодиёт келажаги ҳақидаги баҳсларга ҳам айланиши мумкин.

Teglar

Mahliyo Hamidova

Mahliyo HamidovaMaqolalar soni: 124

Barchasi

Mavzuga oid