Ипотека субсидиялари иккиламчи бозорга ҳам берилиши мумкинми?

Bugun 16:152 daqiqa

Ҳозирда Ўзбекистонда давлат кўмаги фақат янги қурилган уй-жойлар учун берилади.

Ипотека субсидиялари иккиламчи бозорга ҳам берилиши мумкинми? © Ijtimoiy tarmoqlar

Ўзбекистонда келажакда иккиламчи бозордан уй сотиб олиш учун ҳам ипотека субсидиялари ажратилиши мумкин. Бу ҳақда 12 май куни бўлиб ўтган очиқ мулоқотда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги вакили маълум қилди.

Вазирликнинг Урбанизация жараёнлари, уй-жой қурилиши, реновация ва ипотека дастурларини мувофиқлаштириш бошқармаси раҳбари Расул Хамидовнинг таъкидлашича, бугунги кунда бюджет маблағларидан ажратиладиган субсидиялар фақат бирламчи бозорда уй-жой харид қилиш учун йўналтириляпти. Бу орқали аҳолини энергия самарадор ва яшаш учун қулай уйларга кўчириш мақсад қилинган. Иккиламчи бозорга субсидия ажратиш масаласи эса ҳозирча кўриб чиқилаётгани йўқ.

Шу билан бирга, давлат қурилиш соҳасини қўллаб-қувватлашга ҳам алоҳида эътибор қаратмоқда. Яъни ипотека субсидиялари орқали бирламчи бозордаги талабни ошириш ва қурилиш секторини молиявий рағбатлантириш кўзда тутилган.

«Бу орқали нафақат ижтимоий соҳани, балки иқтисодиётни ҳам қўллаб-қувватлаш мақсад қилинган. Шунинг учун бюджет маблағини иккиламчи бозорга ҳам бериш масаласи кун тартибида ҳозирча йўқ. Балки келгусида қайсидир миқдорда ёки қайсидир йўналишларда бериш мақсадга мувофиқ деб топилса, буни кўриб чиқишимиз мумкин», — деди Расул Хамидов.

Айни пайтда Ўзбекистонда ипотека субсидиялари асосан янги қурилган уй-жойлар бозорини ривожлантириш ва энергия самарадор биноларга талабни ошириш воситаси сифатида қўлланилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Олий Мажлис сенатори Иқтисодиёт ва молия вазирлигига Ўзбекистонда ипотека кредитлари бўйича субсидия ажратиш механизмини такомиллаштириш юзасидан сенатор сўровига юборган эди. Шунингдек, сўровда, ипотека субсидиялари нега иккиламчи бозорга берилмаслиги сўралган. Вазирлик сенатор сўровига жавобан субсидия маблағларини иккиламчи уй-жой бозорига йўналтириш иқтисодий жиҳатдан самарасиз ҳисобланишини айтган. Вазирликка кўра, давлат бюджети маблағлари, биринчи навбатда, янги уйлар қурилишини рағбатлантириш, бандликни ошириш ва иқтисодиётнинг реал секторини ривожлантиришга хизмат қилиши лозим.

Teglar

Mavzuga oid

Ипотека субсидиялари иккиламчи бозорга ҳам берилиши мумкинми? | Vaqt.uz